1. ЭИЗ иштирокчиси божхона тўловлари, ҚҚС, ер, мол-мулк, фойда солиқлари ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларни баланс моддаларида қандай акс эттиради?
2. Корхона имтиёзни қўллаган бўлса, ТМБ импортида ҚҚСни ҳисобга олиш тартиби қандай?
1 |
ЭИЗ иштирокчилари қуйидагиларни тўлашдан озод қилинган:
● ер солиғи;
● фойда солиғи;
● юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
● микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ЯСТ;
● ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);
● мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) (26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармоннинг 3-банди).
Берилган имтиёзлар – мақсадсиз. Мақсадли фойдаланилиши назарда тутилмаган имтиёзлар баланс моддаларида акс эттирилмайди. Улар балансдан ташқари 013-«Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» счётида ҳисобга олинади (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Имтиёзли давр тугагач, «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари счётининг дебети бўйича ҳисобга олинадиган бўшаган маблағлар суммаси бухгалтериянинг маълумотнома-ҳисоб-китоби асосида ушбу счёт кредитига ҳисобдан чиқарилади.
2 |
ЭИЗ иштирокчиси юқорида санаб ўтилган ТМБни импорт қилганда улар божхона тўловлари таркибида тўланадиган ҚҚСдан озод қилинади. ҚҚС бўйича мазкур имтиёз мақсадли ҳисобланмайди. ҚҚС бўйича имтиёз суммаси ҳисобда балансдан ташқари 013-«Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» счётида акс эттирилиши мумкин, бироқ ҚҚС бўйича ҳисобга қабул қилинмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.