Улгуржи савдо корхонамиз 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтди. Иш ҳақидан ташқари ходимларнинг озиқ-овқат ва йўл чипталари қийматини қоплаш учун қўшимча тўловларни жорий этмоқчимиз.
2019 йилда фойда солиғини ҳисоблашда ушбу қўшимча тўловлар чегириладиган харажатлар ҳисобланадими?
– Озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки уларнинг қийматини қоплаш фойда солиғи бўйича чегириладиган харажат ҳисобланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагилар киради (Солиқ кодексининг 172-моддаси):
● иш ҳақи;
● илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;
● рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар: мукофотлар, устамалар, таътилга қўшимча ҳақлар ва моддий ёрдам (Солиқ кодексининг 173-моддаси);
● компенсация тўловлари: туман коэффициентлари, қўшимча тўловлар, нормалардан ортиқча тўланадиган устамалар, шунингдек озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки уларнинг қийматини қоплаш (Солиқ кодексининг 174-моддаси);
● ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш: таътилга ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш, пенсияларга қўшимчалар ва б. (Солиқ кодексининг 175-моддаси);
● ФҲШ бўйича тўловлар;
● юридик шахс бошқарув органи (кузатув кенгаши) аъзоларига тўловлар.
Кўриб турганимиздек, ходимларга озиқ-овқат ва йўл чипталари қийматини қоплаш учун қўшимча тўловлар 2012 йилдан буён меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди). 2019 йилда ушбу қоида ўзгармади.
Корхоналарнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича барча (норматив ва нормативдан ортиқ) харажатлари Солиқ кодексининг 143-моддасига киритилган ва фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани ҳисоблашда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 141-моддаси 6-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.