Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 06 / «СБХ» – 25 ёшда!

Осон эмас бу майдон ичра турмоқ...

 

«НТВ»–«СБХ» газеталарининг чорак асрлик иш-тажрибаси хусусида

Ушбу газеталар ва умуман «Norma» гуруҳининг бошқа ахборот ресурсларининг бугунги ҳолати, яқин келажакдаги режа ва истиқболлари хусусидаги саволларга «СБХ»нинг биринчи бош муҳаррири Михаил ПЕРПЕР жавоб беради.

 

– Михаил Маркович, 25 йил дегани – бу айтиш мумкинки, сизларни бугунги кунда тамоман янги авлод ўқияпти экан-да. Янги авлоднинг эса хоҳиш-истаклари қатори, ахборот олиш усуллари ҳам ўзгача. Нашр ва унинг сервис хизмати ана шу воқеликка қандай мослашмоқда? Эврилиш жараёнлари қийин кечмаяптими?

– Тўғри айтасиз, бу давр оралиғида бухгалтерлар ҳам, уларнинг талаблари ҳам, қолаверса, асосий ўқувчиларимизнинг доираси ҳам анча ўзгарди.

Чорак аср олдин Ўзбекистонда бор-йўғи 20 минг атрофида хўжалик юритувчи субъект бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 15–20 маротаба ошиб кетди. Уларнинг ҳар бирида профессионал бухгалтерия ахборотига эҳтиёж сезадиган кам деганда битта мутахассис топилади.

Бундан ташқари, биз эндигина иш бошлаган вақтимизда электрон ҳисобот, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва бутун бухгалтериянинг компьютерлаштирилиши ҳақида ҳеч ким ўйламаган эди.

Технологиялар бухгалтернинг ишини анчагина енгиллаштирди. Лекин маълумотларни тизимга киритиш, ҳужжатларни чоп этиш, «ҳисоботни жўнатиш» деган тугмачани босиш билан ҳамма иш битиб қолавермайди. Чунки қонун ҳужжатларида, дейлик, солиқ солиш, ҳисоб юритиш соҳаларида ўзгаришлар юз берган тақдирда барча тизим автоматлаштирилганлигига қарамай, бу нарса бухгалтернинг жонига оро кирмайди! Шу маънода бухгалтерларнинг фундаментал эҳтиёжлари ўзгармаслигича қолмоқда: улар нима иш қилаётганларининг моҳиятини чуқур англашлари керак. Бухгалтер учун солиқни тўғри ҳисоблаш, хорижий капитал келган шароитда ҳисобни қандай юритиш ва ҳ.к. масалаларни билиш муҳим ҳисобланади.

Биз босма нашримизни сақлаб турибмиз, сабаби ахборотни газетадан олишга кўниккан аудиториянинг унга ҳали ҳам эҳтиёжи бор. Шу билан бирга, кўп сонли мутахассисларни ахборот олишнинг янги формат ва каналлари, шу жумладан Интернетга уланган ҳолда ахборотга эга бўлиш кўпроқ қизиқтиради. Айнан шу туфайли биз фаолиятимизнинг 25 йиллигида buxgalter.uz янги лойиҳасини ишга туширдик. У бориб-бориб қоғозли газетанинг ўрнини босиши керак.

Янги шарт-шароит ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, номлар, ахборот узатиш шакл ва услублари ўзгариши мумкин, лекин ушбу ахборотга талаби бўлган истеъмолчи, яъни бухгалтер бари бир ўзгармай қолаверади, бошқа томондан ахборот манбаи ҳам ўзгармайди.

25 ёшлигимизни нишонлаётган бугунги кунимиз ана шу давр оралиғида қандай фойдали ишларни амалга ошира олдик ва келгусида бу ишларнинг қайсиларини янги техник макон доирасида давом эттира олишимиз мумкинлигига назар ташлашга имкон берди. Масалан, газета ҳузурида кўп йиллар давомида Жамоатчилик эксперт кенгаши муваффақият билан ишлаб келган. Биз турли йўналишдаги юқори малакали мутахассислар – юристлар, аудиторлар, солиқ ва божхона органлари ходимлари, қолаверса, бошқа давлат тузилмаларидан бўлган вакилларни газета атрофига тўплай олдик... Улар қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида юзага келадиган анчайин мураккаб масалаларни ҳамкорликда кўриб чиқишди, қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этишди. Бундай амалиётга бугун ҳам эҳтиёж борми? Бор, албатта! Лекин уни қандай йўлга қўйиш керак? Шубҳасиз бошқача, замонавий асосларда ташкил этиш керак. Ахборот майдони мавжуд, масалан, боя айтганимдек, buxgalter.uz бор дейлик. У ерда биз норасмий даврани ташкил этмоқчимиз. Исталган киши ўз фаолиятига доир такомиллаштирилиши ёки тартибга солиниши лозим бўлган мавжуд муаммолар, ҳуқуқий масалаларни ҳал этишга қаратилган материалларни тайёрлаши мумкин. Бу материалларни биз norma.uz сайтида, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалаларига оид материалларни эса buxgalter.uz сайтида эълон қилиб борамиз.

 

 

– Маълумки, давлатимиз томонидан бу ғоя амалга оширилаётган майдонлар бор. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари эълон қилиб бориладиган портал бунга мисол бўла олади. Ҳар бир истовчи шахс бўлғуси ҳужжатга нисбатан фикр-мулоҳазасини бериши ва шу орқали ўз ҳиссасини қўшиши мумкиндир. Сиз айтаётган норасмий майдоннинг мақоми қанчалик ваколатга эга бўларкин, унда қандай мутахассислар иштирок этиш хоҳишини билдиришар экан?

– Масалан, оддий мисол келтирсам: чекида ҚҚСни кўрсатиши лозим бўлган НКМни ўрнатиш тўғрисида йўриқнома эълон қилинган эди. Лекин унда ҳамма жиҳатлар ҳисобга олинган эмас эди. Шундан сўнг мазкур соҳада ишлайдиган экспертлар бугунги кунда бу тизимни қандай йўлга қўйиш кераклиги, бунда яқин вақт оралиғида нималарга эътибор қаратиш зарурлигини ёритувчи материалларни тай­ёрлашди. Йўриқнома – идоравий ҳужжат, уни порталда эълон қилмайдилар. Бунда нима қилиш керак? Йўриқномани тузган идорага хат ёзиш керакми? Ёки бу муаммони ҳал қилиш йўллари намунавий мисоллари билан баён этилган материални шартта олиб, norma.uz ёхуд buxgalter.uz сайтларида эълон қилиш керакми?

Тўғри, бундай чиқиш ҳеч қандай расмий мақомга эга бўлмайди. Лекин ушбу идорада ўзларининг фаолиятига тааллуқли бўлган ҳужжатлар самарадор бўлишини истовчи, бу ҳужжатлар муаммолар туғдириш ўрнига, муаммоларга ечим топишидан манфаатдор кишилар хизмат қилса, улар бундай материаллардан фойдаланишади, албатта.

Бу, бир томондан. Бошқа томондан – порталларимизда чиқиш қилаётганлар мустақил экспертлар ҳисобланади, ахборот майдонида улар эълон қилган ҳар бир мақола уларнинг мақоми ва юқори малакасини акс эттириб туради. Шунинг учун фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдириладиган мунозара майдонлари «расмий мақом»га эга бўлиши шарт эмас, деб ўйлайман. Ўзбекистонда профессионал матбуот томонидан тақдим этилаётган ахборот майдонлари билан ҳамкорлик қилишни истаётган мутахассислар кўплаб топилади.

 

– «Солиқ ва божхона хабарлари» дунё юзини кўрган 25 йил олдинги даврда давлат бу лойиҳа билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган эди. Давлат органлари унинг таъсисчилари таркибидан жой олганди. Ҳозирги кунда кўплаб давлат органлари ўзларининг ахборот майдонларига эга бўлиб олишди ва уларнинг баъзилари «СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» билан рақобатлаша бошлади: улар ҳам қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар тўғрисида хабар беради ва қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалаларни тушунтириб беради.

Бу рақобатнинг залворини ўзингизда қандай ҳис этасиз? Бу Сиз учун ижобий ҳолатми?

– Мен, бизлар рақобатчилармиз демаган бўлардим. Рақобат хўжалик субъектлари истеъмолчи ва бозордаги улуш учун курашганда вужудга келади. Давлат тузилмалари билан бизнинг манфаатларимиз бир йўналишга қаратилган: ҳаммамиз бизнеснинг солиққа доир саводхонлиги ошишидан манфаатдормиз.

Давлат учун саводсиз солиқ тўловчи муаммо туғдиради, бундан бюджет ҳам азият чекади. Биз учун ҳам саводсиз солиқ тўловчи керак эмас, чунки у бизнинг газетани ва умуман газеталарни ўқимайди. Чунки саводи йўқ солиқ тўловчи унга профессионал даражадаги ахборот зарурлигини англаб етмайди-да.

Шу боис биз давлат органлари билан узвий ҳамкорлик қиламиз, кўплаб ижтимоий фойдали ва бепул лойиҳаларни амалга ошириб борамиз. Масалан, nrm.uz орқали қонун ҳужжатларининг матнларини эркин олиш мумкин, director.uz – бошловчи тадбиркорларга молиявий саводхонлик бўйича онлайн-курслар ташкил этади. Яқин кунларда buxgalter.uz сайтида барча истовчилар учун солиқларга доир ўқув матнларини жойлаштирамиз. Тадбиркор ва бухгалтерлар улар учун яратиб берилган барча имкониятлардан тўлақонли фойдаланишса давлат ҳам, биз ҳам ютуққа эга бўламиз.

Талаб-эҳтиёжлар юқори, ёритиб ва тушунтириб берилиши лозим бўлган масалалар кўлами ниҳоятда кенг. ДСҚнинг бу борадаги бугунги саъй-ҳаракатлари ҳам таҳсинга сазовор. Улар солиқ солишнинг янги шартларига ўтишнинг ҳозирги мураккаб вазиятини тушуниб туришибди, кўп ишлар қилишга ҳаракат қилишмоқда. Шунинг учун биз олдингидек, шерикчилик муносабатларини сақлаб қолганмиз, мутахассислар билан ҳамкорлик қиламиз, ҳал этилмаган айрим масалалар муҳокамасида қатнашамиз. Бинобарин, ДСҚ ва Молия вазирлигининг мутахассислари тайёрлаган кўплаб материалларни ўз ўқувчиларимизга тарқатамиз.

 

– Ҳозирги вақтда norma.uz порталининг трансформацияси жараёни кетмоқда, ундан buxgalter.uz профессионал онлайн-майдончаси ажраб чиқаётир. Сизнинг айтишингизча, бу орқали бухгалтерларнинг соф соҳага оид ахборотдан эркин фойдаланишини таъминламоқчисизлар. Лекин сизнинг ўқувчиларингизда айнан шундай ахборотга ­талаб-эҳтиёж ­бормикин? Ўқувчиларингиз ҳақиқатдан ҳам вақтини тежаб, фақат buxgalter.uz да ишлайди деб ўйлайсизми ёки улар бир эмас, иккита ресурсга киришга мажбур бўладиларми? Айтмоқчиманки, масалан, бухгалтерия ҳисобига тўғридан-тўғри тааллуқли бўлмаган, лекин умумий профессионаллик жиҳатидан муҳим бўлган масалалар бор – дейлик, божхона иши, корпоратив ҳуқуқ ва шунга ўхшаш. Натижада кимнингдир ахборот олиш имкониятини осонлаштирган ҳолда, бошқаларникини қийинлаштириб қўймайсизларми?

– Ахборот оқимларини бундай ажратиш жараёни эндигина бошланди, ўйлайманки, биз ўқувчиларимиз учун ресурсда ишлашни янада осонлаштириб борамиз. Олдин қандай бўлган эди? «НТВ»–«СБХ» муаллифлари томонидан тайёрланган кўплаб тор ихтисосликдаги тушунтиришларни биз norma.uz га жойлаштирмас эдик, сабаби улар кенг аудитория учун қизиқ эмас эди. Эндиликда эса ана шу қимматли, кўп йиллар давомида шаклланган контент ихтисослашади ва талабгир бўлади.

buxgalter.uz га кириш осон. Дастлабки ярим йил давомида у бепул бўлади, кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам бухгалтерлар – турлича ахборотга эҳтиёжи бўлган кишилар ҳисобланади. Ана шу ихтисослашган барча контентни 16 саҳифалик газетага жойлаш амалда амри маҳол иш.

buxgalter.uz базасида бошқа кўплаб фойдали лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконияти туғилмоқда. Масалан, бутун мамлакатимиз бўйлаб ишлаётган вебинарларни олинг. Ўзбекистоннинг исталган нуқтасида турган одам экспертнинг унинг учун қизиқарли бўлган хабарини эшита олади, муҳокама қилади, рус ёки ўзбек тилида саволлар бера олади. Қизиғи, бунинг учун Тошкентга келиб-кетиш ҳам шарт эмас. Технологиялар яратаётган бундай имкониятлар эса талайгина.

 

– Ахборот хизматлари – хайрия эмас, балки тижорат маҳсулоти эканлигини эътиборга олсак, контентларнинг маълум қисми пуллик бўлишини тахмин қилса бўлади, шундайми? Ахборотнинг пуллик қисмини қандай ажратиб оласизлар?

– Дастлабки ярим йил мобайнида барча контентлардан тўлиқ бепул фойдаланиш мумкин бўлади. Кейин маълум қисми пуллик бўлади. Бундаги принцип оддий: барча расмий даражада тасдиқланадиган ва давлат органларининг юзлаб мутахассислари кучи билан тайёрланадиган ахборот – тизимлаштирилган ва актуаллаштирилган ҳамда яхлит жамланиб, қулай форматда тақдим этиладиган контент бепул бўлади. Биз яратаётган – экспертларимиз, таржимонлар ва муҳаррирлар тай­ёрлаган материаллар эса ҳақ эвазига тарқатилади. Бунда тўлов, масалан дейлик, ойига 5 минг сўмдан 450 минг сўмгача бўлар, бу, албатта, контентнинг мураккаблиги ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Шубҳасиз, унинг нархи «чўнтакбоп» бўлади. Асосий эътибор катта пул йиғиш, мўмай даромад ишлаш эмас, балки кўпроқ ахборот олувчиларни жалб этишга қаратилади. Материаллар давлат тилида тайёрланишига алоҳида эътибор берилади.

 

– Билишимча, «НТВ»–«СБХ» ва «Норма»–«Норма маслаҳатчи» газеталаридаги дастлабки мақолалар солиқ ва божхона низоларини ҳал этишда салмоқли далил кучига эга бўлган. Шу томойил ҳозир ҳам сақланганми?

– Бу тамойил ҳозир ҳам сақланган. Шунча йил давомида газеталар муайян нуфузга эга бўлишга улгурган.

Биз чоп этган материал кимгадир ёқмаган вазиятлар учраб туради. Фикрлар ранг-баранглиги – нормал ҳолат. Лекин газеталаримизга ишончли ахборот манбаи сифатида қараш тамойили сақланиб қолган. Бундай муносабатни эса биз ўта қадрлаймиз, чунки шу ишонч туфайли биз ўқувчилар ва компаниянинг истиқболдаги мижозларини жалб қилганимиз каби, биз билан ишлашга тайёр бўлган юқори даражадаги мутахассисларни ҳам жалб эта оламиз.

 

– Газетанинг яна бир «болачаси» бор, у ҳақда Сиз ҳали оғиз очмадингиз. Бу – bir.uz бухгалтерлар малакасини баҳолаш тизими...

– Биз бу лойиҳани 2015 йилда бошлаганмиз. Ўқув ва қўшимча материаллар, тестларни шакллантириш, дастурий маҳсулотни яратиш ва уни ишга тушириш, тестдан ўтказиш учун икки йил кетди. 2018 йилдан бу лойиҳа пуллик асосда ишламоқда. Нархлар ҳам олдимизга қўйган мақсадларга мувофиқ келади: ойига 5 минг сўмдан 59 минг сўмгача. Исталган бухгалтер, ўзининг ихтисоси ва маоши даражасидан келиб чиқиб, ундан фойдаланишга имкон топа олади.

Юзлаб одамлар ўқиди, ўнлаб одам имтиҳон топширди ҳамда бухгалтер ва бош бухгалтер сертификатларини қўлга киритди. Қувонарли жиҳати шундаки, ўз билимларини баҳолаш ва уни ошириб боришни истовчи одамлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай одамлар нафақат Тошкентда, бошқа барча минтақаларда ҳам кўплиги кишини қувонтиради.

Наманганда бўлинмамизни очиш ишлари якунига етмоқда. bir.uz бу ерда анча оммалашган. Ўз талабаларини айнан шу портал орқали ўқитиш, ундаги қўшимча ўқув дастакларидан фойдаланиш ташаббуси билан чиққан муаллимлар топилди. Айнан улар бизнинг минтақавий бўлинмамизни бошқаришади.

У ерда 2 та имтиҳон ўтказилди. Коллеж биносида 2 та компьютерли синфни жиҳозладик. Бизга ижара шартларида хона ажратиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги яқиндан кўмак бермоқда.

Худди шундай иш Самарқандда олиб борилмоқда, у ерда ҳамкорларимиз бор. Ҳамкор ва бўлинмаларимиз Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам пайдо бўлишига ишончимиз комил. Тизимга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, кўплаб ўқув муассасаларини жалб этишни мақсад қилганмиз.

 

– Сертификатлашнинг халқаро тизимлари ҳанузгача Ўзбекистон бухгалтерлари учун профессионал ривожланишнинг муҳим поғонаси бўлиб ҳисобланади. Бу борада миллий тизимлар муносиб ўринни эгаллай оладиган вақт келармикин?

– Билишимча, профессионал ташкилотлар бу борада баъзи ҳаракатларни бошлаган эди – тасдиқланган ва давлат томонидан эътироф этилган сертификатлашнинг миллий тизимини яратишмоқчи эди, лекин бу жараён ҳали охирига етган эмас.

Бироқ биз йўлга қўйган лойиҳани айни пайтда ишлаб турган сертификатлаш миллий тизимининг яхшигина намунаси деса бўлади. Профессионал баҳолашнинг мезонлари аниқ белгиланган, улар негизида бухгалтер тайёрлашнинг зарур базаси – ўқув матнлари ва тестлар яратилган. Электрон тестлаш, бевосита имтиҳонлар ўтказиш учун аниқ ва пухта механизмлар яратилган, уларда шаффофлик ва холислик кафолатланади. Эътиборли жиҳати, буларнинг барчаси сертификатлашнинг халқаро тизимларига нисбатан анча арзон туради.

Бу профессионал малакани сақлаб туришнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастаги ҳисобланади, сабаби тизим қонун ҳужжатларидаги жорий ўзгаришларга қараб мунтазам янгиланиб боради.

Ишонаманки, вақт ўтиши билан бизда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича бўлим ҳам очилажак. Биз бу маҳсулотни бозор талабларига мувофиқ тарзда такомиллаштириб ва ривожлантириб борамиз.

 

– Иш берувчиларнинг bir.uz га нисбатан берган фикр-мулоҳазалари Сизда мавжудми?

– Биз бир қадар бошқача йўлдан бордик: иш берувчилар учун экспресс-тестлаш махсус хизматини йўлга қўйдик, унинг ёрдамида иш берувчи ўз ходимларининг ҳамда ҳисоб ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган лавозимларга номзодларнинг профессионал даражасини исталган пайтда баҳолаши мумкин.

Бу хизмат тури бироз мураккаб чиқиб қолди, лекин биз уни такомиллаштирамиз. Нима бўлганда ҳам бу иш берувчига яхши кўмакчи бўлади деб умид қиламан. Албатта, баҳолаш тизимининг ўзини ривожлантириш учун ҳам у муҳим дастак бўлиб хизмат қилади! Сабаби, бухгалтерлар бир кун келиб шу тестлардан ўтишларига тўғри келиб қолишини ҳис қилсалар, уларга доимо тайёр турадилар.

 

Юлия ЯШИНА
суҳбатлашди.

 

Прочитано: 1781 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика