Корхона (МЧЖ КҚ) ускуна етказиб берилиши учун импорт контракт тузди. Ўрнатиш ва монтаж қилиш унинг қийматига киради. Корхона мазкур ишларни бажарган норезидентларга меҳмонхона хизматлари – 119 640 000 сўм ва овқатланиш ҳақи – 9 977 644 сўмни тўлади. Солиқ кодексининг 182-моддасига асосан даромад солиғига 20%лик ставкада солиқ ҳисобланди. Унинг тўланадиган суммаси – 25 923 528,8 сўм ((119 640 000 + 9 977 644) х 20%).
Норезидентларнинг даромадларига солиқни тўғри ҳисобладикми?
– Корхонангизнинг ишларни бажарган норезидент шахсларнинг яшаш ва овқатланиш харажатларини тўлаши уларнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 168, 177-моддалари).
ЎзР норезидентларининг моддий наф тарзидаги даромадларига 20%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси).
Тўлов манбаида солиқ солишни солиқ агентлари солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб амалга оширадилар (Солиқ кодексининг 185-моддаси). Улар ҳисобланган ЖШДС суммасини ушлаб қолишлари шарт. Бошқача айтганда, норезидент жисмоний шахсларнинг яшаши ва овқатланиши учун тўланган сумма солиқ солинадиган сумманинг 80%ини ташкил этади. Қолган 20%и – ЖШДС суммаси.
Тегишинча, сизнинг ҳолатда солиқ солинадиган даромад миқдори 162 022 055 сўмга, ЖШДС – 32 404 411 сўмга, солиқни чегирган ҳолда олинган даромад эса 129 617 644 сўмга (119 640 000 + 9 977 644) тенг.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.