Хусусий ишлаб чиқариш корхонаси 2019 йилда ЯСТ тўловчиси эканлигича қолди. Балансида кўчмас мулк, муддатида тугалланмаган қурилиш ва муддатида ўрнатилмаган ускуна йўқ.
Юридик манзили ўзига қарашли уйда жойлашган, ишлаб чиқариш учун эса ХК жисмоний шахсдан жойни ижарага олган бўлса, у ДСИга қандай ҳисоб-китобларни (ер солиғи, ресурс солиқлари ва ҳ.к.) ва қайси муддатгача топшириши керак?
– Корхонангиз солиқ органларига Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китобини тақдим этиши керак. У ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 360-моддаси 4-қисми).
Корхонангизда солиқ солиш объекти мавжуд бўлмаганлиги учун у мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчиси ҳисобланмайди. Тегишинча, солиқ органларига ушбу солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этмайди.
Кўчмас мулк жисмоний шахсдан ижарага олинганда ижарага берувчи кўчмас мулк эгаллаган ер участкаси бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчиси ҳисобланади (Солиқ кодексининг 276, 291-моддалари).
Сиз (ижарага олувчи) алоҳида сув таъминоти шартномасини тузсангиз, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчига айланасиз (Солиқ кодексининг 260-моддаси 6-қисми). Ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби Солиқ кодексининг 263, 264-моддаларида батафсил қайд этилган.
2019 йил 1 январдан ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдорлари бекор қилинган (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 3-банди). Тегишинча, солиқ органларига ЯСТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобини тақдим этиш керак эмас.
ЯСТнинг ҳисоб-китобидан ташқари, корхона ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисоботни тақдим этиши шарт.
ЯИТ ва ЖШДС ҳисоб-китоблари солиқ органларига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 187, 310-моддалари).
Чораклик ва йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатлари Низом (АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
Ижара шартномасини ижарага берувчи солиқ органларида ҳисобга қўйиши лозим.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.