Опам турмуш ўртоғи ва иккала фарзанди билан Германиядан таътилга келаяпти. Уларда ЎзР фуқаросининг биометрик паспорти бор, шунингдек Франкфуртда доимий яшаш жойида ҳисобга қўйилганлар.
Улар Тошкентдаги яшаш жойида рўйхатдан ўтишлари керакми?
А.Корсун. Тошкент ш.
– Қариндошларингиз 5 кун муддатда Тошкент шаҳрида вақтинча турган жойда албатта ҳисобга қўйилишлари керак.
Бунинг учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
√ ариза;
√ паспорт;
√ 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 2 та фотосурат (35 х 45 мм ўлчамли);
√ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-иловасига мувофиқ шаклда уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги);
√ турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
√ ҳисобга олинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
√ турар жойни ёхуд унинг бир қисмини ижарага олиш ёки турар жойдан ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш тўғрисида нотариал тасдиқланган шартноманинг нусхаси.
Агар фуқаро турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) яқин қариндоши (ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, эри, хотини, болалари, шу жумладан асраб олинган, боболари, бувилари, набиралари, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) бўлса, нотариал тасдиқланган турар жой ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш шартномасининг нусхасини тақдим этиш талаб этилмайди. Ушбу ҳолатда фуқаронинг ва турар жой ёхуд унинг бир қисми мулкдорининг (мулкдорларининг) қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
Агар яқин қариндошларга турар жой нотариал тасдиқланган шартнома асосида берилаётган бўлса, унинг нусхаси тақдим этилиши мумкин. Бунда яқин қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари талаб этилмайди (Йўриқноманинг 4-банди).
Шуни ёдда тутиш лозимки, Тошкент шаҳрида ҳисобда турмасдан яшаганлик учун ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 223-моддаси).
Яшаш жойи бўйича ҳисобда туриш
Тошкентда доимий прописка қилинганман, бироқ турмуш ўртоғим билан квартирада ижарада турамиз.
Вақтинча яшаш жойимда пропискадан ўтишим керакми?
М.З. Тошкент ш.
– Тошкентда доимий пропискадан ўтганингизга қарамай, квартирада ижарада турганингиз сабабли вақтинча турган жойингиздаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида ҳисобда туришингиз шарт.
Фуқароларни турган жойи бўйича ҳисобга олиш жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида фуқаронинг Тошкент шаҳри ҳудудининг муайян жойида яшаши ёки вақтинчалик бўлиши фактини аниқлашни назарда тутади (Йўриқноманинг 1-банди).
Шартга риоя этинг
Паспортимда хатога йўл қўйилганлиги сабабли уни РФдаги Ўзбекистон Консулхонасида алмаштирсам бўладими?
А.Сёмина.
– Россия Федерациясидаги доимий яшаш жойига ўтиш учун пропискадан чиққан ва Ўзбекистон Республикаси Элчихонасида консуллик ҳисобида турган бўлсангиз, паспортдаги ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида уни алмаштириш ҳуқуқига эгасиз (Низомнинг 17-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова). Бунда ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингиз керак. Масалан, туғилган жойингиз тўғри кўрсатилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани.
Боланинг манфаатини кўзлаб
6 яшар боланинг (отаси йўқ) фамилиясини бувисининг қизлик фамилиясига ўзгартириш мумкинми?
Санобар И. Тошкент ш.
– Боланинг фамилиясини ўзгартиришингиз мумкин. Бироқ бувисининг эмас, ўз фамилиянгизга. Бунда болага исм ота-онанинг келишувига биноан қўйилган бўлса, ота исми – отасининг исмига кўра берилади.
Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади. Ота-онанинг хоҳишига кўра болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
Агар бола ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ва оталик қонуний тартибда белгиланмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб, унинг фамилиясини онанинг мурожаат қилган давридаги фамилиясига алмаштириш учун рухсат беришга ҳақли (Оила кодексининг 69, 70-моддалари).
Боланинг фамилиясини ўзгартириш учун яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органларига мурожаат қилишингиз лозим.
15 кунда янги паспорт
Турмуш ўртоғим Туркия фуқароси ва никоҳ чет элда тузилган бўлса, унинг фамилиясига ўтганимда паспортимни қанча муддатда алмаштириб берадилар?
– Туркия фуқароси билан никоҳингизни Туркия Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказганингиз ва унинг фамилиясини олганингиз сабабли никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномангизни легаллаштириш ва апостиль қўйдириш учун Ўзбекистоннинг Туркия Республикасидаги Консуллик муассасасига мурожаат қилишингиз зарур.
Апостиль ҳужжатни имзолаган сифатида иш кўрган шахс имзосининг ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун расмий ҳужжатларга қўйилади (ЎзР ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 307-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-банди).
Ўзбекистонга қайтганда чет элнинг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини Ўзбекистон Республикасининг гербли гувоҳномасига алмаштириш зарур. Ҳужжатлар фуқароларнинг ёзма аризасига кўра яшаш жойидаги ФҲДЁ органлари томонидан ушбу ҳужжатлар ва белгиланган тартибда легаллаштирилган ва апостиль қўйилган, берилган вақти ва жойи кўрсатилган уларнинг таржималари асосида алмаштирилади (Қоидалар, ЎзР ВМнинг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарорига 1-илова).
Яшаш жойидаги ФҲДЁ органидан никоҳ тўғрисида гувоҳнома олганингиздан кейин фамилиянгиз ўзгаргани муносабати билан паспортни алмаштириш учун паспорт столига мурожаат қиласиз.
Талабнома ЎзР ВМ ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилганидан кейин паспорт белгиланган тартибда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида 10 иш куни мобайнида, хорижда – 15 иш куни мобайнида берилади (Низомнинг 10-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.