Ким тадбиркор бўла олади? Бу соҳада фаолият юритиш учун қандай билимларга эга бўлиш керак?
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида «Бизнес таълимини ривожлантириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масалалари» мавзусидаги ўқув машғулотида бу саволларга жавоб берилди.
Президентимиз раислигида жорий йил 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банклари ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиш бўлган эди. Унда банклар мижозлари бўлган тадбиркорлик субъектлари вакилларини тадбиркорлик асослари бўйича ўқитиш ва молиявий саводхонлигини ошириш, бизнесни юритиш ва бизнес режалар тузиш бўйича муаммоли ҳолатлар танқидий кўриб чиқилганди.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тадбиркорлик фаолияти аcосларини ўқитиш республика маркази ва «AMBiT» халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси билан ҳамкорликда «Alternatus» мунозаралар майдони ташкил этилди. Мазкур мунозаралар майдонида илмий доиралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусий бизнес ўртасидаги ишончли муносабатларни йўлга қўйишдек амалий ишлар қилиш режалаштирилган.
Ана шундай мақсадга хизмат қиладиган мазкур ўқув машғулотида соҳадаги муаммолар таҳлил қилинди, мутахассисларга бизнес юритиш, халқаро тажриба хусусида маълумотлар берилди, келгусидаги режалар белгиланди.
Бизнес сабоқлари давомида Ўзбекистонда бизнес таълимини такомиллаштириш, иқтисодий саводхонлик, муаммолар, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича халқаро тажриба каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка йўналтириш юзасидан қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Тадбиркорлик фаолияти аcосларини ўқитиш республика маркази ва «Норма» профессионал ривожланиш маркази ҳамкорлигида www.direktor.uz портали орқали молиявий саводхонлик бўйича онлайн курсларда иштирок этиш тавсия қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, марказ томонидан йил давомида 687 бепул курсда 14 648 тадбиркорлик субъекти вакили ўқитилди. Тингловчиларнинг 768 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 331 тадбиркор фаолиятини кенгайтирган. Натижада 1 466 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, тингловчилар томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва янада кенгайтириш мақсадида жами 11,8 млрд сўм миқдоридаги банк кредит маблағлари олинган. Мазкур маблағлар саноат кластерларини ташкил этиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, дурадгорлик устахоналари, тикув цехлари очишга йўналтирилган. Асаларичилик, чорвачиликни кенгайтиришга, ўқув маркази очиш ва савдо шохобчалари ташкил қилишга сарфланган.
ЎзА.