Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Шаҳарликларга қишлоқ хўжалиги учун ер олишга рухсат берилди
21.12.2018 йилдаги «Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-506-сон Қонун эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ер ва Солиқ кодексларига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида» ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунларга тузатишлар киритилди.
Биринчидан, фуқаролар йиғинларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Илгари «маҳалла»ни фақат ерларни муҳофаза қилишга, яъни уларни бузилишининг олдини олишга жалб қилишар эди. Энди ўзини ўзи бошқариш органлари экин майдонларидан самарали фойдаланилишини жамоатчилик назорати тартибида кузатадилар.
Масалан, фуқаролар йиғини кенгаши ўз ҳудудида ҳар бир деҳқон хўжалиги ёки томорқа ер эгаси учун етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Илгари бу фақат Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 205-сон қарорида назарда тутилган эди.
Эслатиб ўтамиз, барча маҳаллалар учун «режа» ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади, ҳоким ва халқ депутатлари кенгаши эса тасдиқлайди. Ўзини ўзи бошқариш органи деҳқонлар ва томорқа ер эгалари ўртасида ҳажмларни тақсимлайди. Бунда прогноз кўрсаткичларнинг бажарилмаслиги:
√ якка тартибдаги уй-жой қурилиши ҳамда уй-жойни ободонлаштириш мақсадида берилган ер участкаларидан 3 баробар ер солиғи;
√ уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишига сабаб бўлади.
Иккинчидан, деҳқон хўжалиги учун ерни ҳали оила қурмаган ва қишлоқ жойларда 3 йил мобайнида яшамаган ёш фуқароларга беришга рухсат этилди. Бундай талабгорлардан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсияси талаб этилади. Бу қоида билвосита жаҳонда оммабоплик касб этаётган шаҳардан қишлоққа кўчиб ўтиш («дауншифтинг») учун шароит яратади.
Эслатиб ўтамиз, илгари шу каби тавсиялар фермер хўжалиги юритиш мақсадида ер олиш учун баҳоланиши мумкин бўлган 80 баллдан қўшимча 10 балл бериши белгиланган эди. Бироқ, фермер бўлиш истагида бўлганлар орасида бошқа тенг шартларда ҳануз мазкур жойда яшовчилар устун ҳуқуққа эга.
Учинчидан, Ер кодекси ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонундан деҳқон хўжалиги томорқа ер участкасида ташкил этилиши тўғрисидаги қоида чиқариб ташланди. Илгари деҳқон хўжалиги тушунчасининг ўзи бир вақтнинг ўзида майда товар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилиши ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган ерда – томорқа ер участкасида унинг фаолиятини назарда тутган. Энди деҳқон хўжалиги учун ер уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилиши мумкин. Участка эгасининг ишлаб чиқариш фаолияти жойида яшаши шарт эмас, давлат эса участкадан нотўғри фойдаланилганда уни олиб қўйиши осон бўлади.
Бу – муҳим! Илгари берилган томорқа ер участкалари аввалги мақомини сақлаб қолади. Янги нормалар, фикримизча, келажакда бериладиган ерларга дахл қилади.
Тўртинчидан, Солиқ кодексининг 329 ва 330-моддалари нормаларига Президентнинг 10.10.2017 йилдаги ПҚ-3318-сон қарори 3-банди билан барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига тақдим этилган имтиёзларни инобатга олган ҳолда янгиланди. Шу тариқа, кенгашлар умумий юрисдикция судлари ва иқтисодий судларда:
√ фермер, деҳқон хўжаликларининг ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;
√ давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қилинган шикоятлар юзасидан давлат божи тўлашдан озод этилди.
Бу – муҳим! Даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.12.2018 йилдан кучга кирди.
Экспорт бўлмаса, ЭИЗ иштирокчиси мақоми ҳам бўлмайди
Президентнинг 21.12.2018 йилдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди (ҳужжатнинг тўлиқ матни «Норма маслаҳатчи» газетасининг мазкур сони ҳужжатлар пакетида берилмоқда).
Ҳужжатда эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ва уларнинг иштирокчилари фаолиятини тартибга солишга янги ёндашувлар белгиланди:
биринчидан, энди ЭИЗда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер ажратиш тўғрисида маъмурий кенгашларнинг (25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган, таҳр.) баённомаси билан расмийлаштирилган қарорнинг ўзи етарли. Бундан буён туман (шаҳар) ҳокимининг ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги алоҳида қарори талаб этилмайди;
иккинчидан, ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни жойлаштиришнинг мажбурий шарти жорий этилмоқда: фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йил якунларига кўра 2 йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг экспорт ҳажми камида 25%, кейинги йилларда эса камида 50%га етиши керак. Мазкур шартни бажармаган тадбиркорлик субъекти аввал тақдим этилган имтиёзлар (26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармоннинг 3–5-бандлари) бекор қилинган ҳолда ЭИЗ иштирокчиси мақомини йўқотади;
учинчидан, ЛБМА ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг роли оширилмоқда:
√ лойиҳалар бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосномалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина маъмурий кенгашлар ЭИЗ ҳудудида лойиҳани амалга ошириш тўғрисида қарорлар қабул қиладилар. Бунда хулоса 20 календарь куни мобайнида берилади, инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишнинг умумий муддати эса 30 календарь кунидан ошмаслиги лозим;
√ ЭИЗ иштирокчилари томонидан имтиёзлар қўлланган ҳолда импорт қилинган барча товарларнинг божхона расмийлаштируви учун товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси зарур. Уни беришнинг чекланган муддати 15 календарь кунини ташкил этади;
тўртинчидан, ЭИЗ иштирокчиларига берилган имтиёзлар (26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармоннинг 3–5-бандлари) фақат ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга татбиқ этилади.
Ташкилий тусдаги бир қатор масалалар тартибга солинди, хусусан:
√ ЭИЗнинг бош режаларини маъмурий кенгашлар Қурилиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлайдилар;
√ ЭИЗ дирекцияларининг раҳбарларини маъмурий кенгашлар Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тайинлайдилар ва лавозимидан озод этадилар;
Ҳукумат ҳар чоракда ЭИЗ дирекциялари раҳбарларининг маъқулланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича ҳисоботларини эшитади.
Истиқболда ҳуқуқ ижодкорлиги борасида «Навоий» ЭИЗ фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида ҳужжат; Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси; Маъмурий кенгашлар ва дирекциялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом; тўғридан-тўғри амал қиладиган «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунни (амалдаги «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонун ўрнига, таҳр.) ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 21.12.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.