Дунёда пуллик автомобиль сақлаш, тўхташ жойлари ва пуллик йўллар аллақачон автомобиль йўллари инфратузилмасининг муҳим қисмига айланиб улгурган. Улардан фойдаланиш хизматларидан тушадиган маблағлар ҳатто энг чекка ҳудудлардаги йўлларни ҳам яхшилаш, транспорт хизматлари сифатини оширишга хизмат қиладиган инновацион йўл қопламаларини жорий этиш имконини беради.
Янги пуллик автомобиль сақлаш ва тўхташ жойларини ташкил этиш – бу, авваламбор, бизнес, бизнес бўлганда ҳам, ижтимоий йўналтирилган бизнесдир. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий йўл инфратузилмасини яратиш борасида давлат-хусусий шерикликнинг янги механизми тасдиқланди (қарор матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилган).
Ҳужжатда ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган бир нечта устувор йўналишлар баён этилган. Хусусан, автомобиль йўлларида тўловга оид қоидабузарликларни қайд этиб борадиган автоматлар ва ахборот тизимларига эга пуллик автомобиль сақлаш жойларини ташкиллаштириш шулар жумласидан. Эндиликда тадбиркорлар бундай ҳудудларни 10 йил муддатга ижарага олишлари мумкин.
Ҳужжатга биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган, жумладан, бозорлар ва савдо марказлари ҳудудида жойлашган майдонларда ахборот тизимларига эга замонавий пуллик автомобиль тўхташ жойлари қурилади. Мазкур пуллик жойлардан тушган маблағнинг бир қисми маҳаллий бюджетга йўналтирилади. Бу пуллар кейинчалик йўл инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади. Тадбиркорларни бу йўналишдаги бизнесни ривожлантиришга қизиқтириш ва инвестициялар жалб этиш учун имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, бундай сармоядорлар 2022 йил 1 январдан бошлаб ускуналар, бутловчи буюмлар, дастурий таъминот, қурилиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган бошқа материалларни белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича мамлакатимиз ҳудудига олиб кираётганда божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилади. Бундан ташқари, улар Ўзбекистон резидентлари бўлмаганлар томонидан бажарилган иш ва хизматлар учун ҚҚС тўламайдилар.
Ҳужжатда, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий йўл инфратузилмасини яратиш соҳасида давлат-хусусий шериклигини амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом ҳам тасдиқланган.
ЎзА материали асосида.