Norma.uz

Солиқ идораси ходимининг жавобгарлиги кучайтирилиши зарур

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабрь куни янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясини амалиётга татбиқ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар кўпчилик қатори биз, депутатларни ҳам мушоҳадага чорлади.

 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳамда фуқаро ва тадбиркорларга тушадиган солиқ юкини камайтириш бўйича дадил амалий қадамлар ташланмоқда.

Хусусан, яқинда қабул қилинган Бюджетномада белгиланганидек, келаси йилдан бошлаб, жисмоний шахсларнинг даромади бўйича солинадиган солиқ миқдори амалдаги 22,5 фоизгача бўлган табақалаштирилган солиқ ўрнига 12 фоизли солиқ белгиланди. Улардан пенсия жамғармасига ушланадиган 8 фоизли солиқ эса бутунлай бекор қилинди. Иш берувчи тадбиркорлик субъектларидан ҳар бир иш ўрни бўйича белгиланган ягона ижтимоий солиқ миқдори камайтирилди.

Албатта, бундай ижобий ўзгаришлар аҳоли учун, тадбиркорлар учун жуда ҳам сезиларли енгиллик, қулайликлар яратади, халқимизнинг турмуш даражаси янада яхшиланишига хизмат қилади.

Бироқ жорий этилаётган солиқ тизимидаги янгича ўзгаришлардан ҳамма ҳам тўғри фойдаланавермайди. Бу жараёнда ўзининг шахсий манфаатлари йўлида мавжуд тартибларни бузишга уринадиган ёки «айланма йўллар»дан юрувчи «тадбиркор»лар ҳам топилади.

Аммо қанчалик мураккаб ва машаққат бўлмасин, кўзда тутилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш учун талаб этиладиган бюджет маблағлари бўйича белгиланган параметрлар асосида даромад қисмининг тўлиқ ижроси таъминланиши шарт.

Парламент аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишлари давомида жойларда иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолият кўрсатаётганлар улушининг (40–50 фоизигача) юқорилиги, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида банкдан ташқари пул айланиши миқдорининг кўплиги, белгиланган тартибда рухсат берувчи ҳужжатларсиз фаолият кўрсатаётган «тадбиркор»лар сони оз эмаслиги, маҳсулотларни, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини фактура ҳужжатларисиз ва асоссиз оширилган нархларда сотиш каби хунук ҳолатлар кузатилмоқда.

Бу салбий ҳолатларнинг олдини олишда ва аниқланадиган камчиликларни бартараф этишда республикамиздаги солиқ органларида фаолият олиб бораётган 12 мингдан ортиқ ходимларнинг ўрни жуда муҳим. Афсуски, юқорида санаб ўтилгани каби салбий оқибатларнинг келиб чиқишида айрим солиқ идораси ходимларининг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу боис, жойлардаги солиқ идораси ходимлари учун аниқ белгиланган ҳудудларда солиқ тўловчилар томонидан қонун ва қоида бузилишларига йўл қўймаслик, бу соҳада доимий назорат ўрнатилиши лозим. Энг муҳими, аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган зарур ҳуқуқ ва кафолатларни яратиш, шу билан бирга, уларнинг мазкур ҳолатларга нисбатан масъулиятини янада ошириш, жавобгарлигини белгилаш ҳамда кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Бунда ҳудудларга бириктирилган ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан, солиқ идораси ходими фаолияти устидан жойлардаги депутатлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш механизмларини янада такомиллаштириш зарур.

Ана шунда, ишончимиз комилки, иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолият кўрсатаётганлар улуши камаяди, солиқ базаси кенгаяди, солиқ юкини янада камайтириш имконияти пайдо бўлади. Банкдан ташқари пул айланиши озаяди. Бу айни пайтда бюджет маблағларининг даромад қисмининг бажарилишига ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, аҳолига сотилаётган асосий зарур товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар нархининг пасайишига эришилади.

 

Абдурашид Абдуқодиров,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

ЎзА асосида.

Прочитано: 1409 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика