Тошкент шаҳар прокуратураси ва божхона бошқармаси Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (2.08.2018 йилдаги ПФ-5499-сон) ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида очиқ мулоқот ва медиа-тур ташкил этди.
Фармон ижроси доирасида Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, шунингдек шаҳар ҳокимияти, солиқ, банк ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан турли корхоналар ва ишлаб чиқариш объектларига борган ҳолда, экспорт ҳажми, импорт товарлари таркиби, товарларни экспорт қилишда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни қонунчиликка мувофиқ тезкорлик билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда пойтахтда барпо этилган кичик саноат зоналари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, экспорт салоҳиятини янада кўтариш, қўшимча экспорт захираларини аниқлашга қаратилган Йўл хариталари қабул қилинган.
Тадбир давомида журналистлар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Highway Logistics Center» транспорт-логистика марказида, пойтахтимизда яқинда иш бошлаган «Craffers» МЧЖ қандолатчилик қўшма корхонасида, «Uztex Tashkent» қўшма корхонасида меҳмон бўлишди. Масалан, умумий қиймати 62 млн доллар бўлган «Craffers» ҚКга Германия, Швейцария, Италия, Австрия, Голландия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Қарийб 830 киши доимий иш билан таъминланган. Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
2010 йилда ташкил этилган «Uztex Tashkent» ҚКда йилига 7 200 тонна пахта қайта ишланиб, калава иплар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг деярли 85 фоизи дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатига, хусусан Россия, Хитой, Туркия, Японияга экспорт қилинади. Бу ердаги асбоб-ускуна ва технологиялар Швейцария, Япония, Италия, Бельгия, Туркия каби етакчи мамлакатлардан келтирилган бўлиб, ҳозирда 350 дан ортиқ иш ўринлари ташкил қилинган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 1 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари товарлар экспортини амалга оширган бўлиб, уларнинг сони 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 7,8 фоизга кўпайган. Натижада товарлар экспортининг ҳажми шу даврга нисбатан 32,7 фоизга кўпайган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.