Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 52 / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан таништирамиз

Қайси сабабдан фирма текширилади

 

Президентнинг бир қатор ҳужжатлари билан тадбиркорлик субъектларида текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Ишлаб чиқилган ва ҚҲТБТ порталига муҳокама учун қўйилган «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси илгари тилга олинган қоидаларни ўзида мужассамлаштирди. Бироқ унда бир қатор янги нормалар ҳам таклиф этилган.

 

Қонуннинг янги номи унинг амал қилиш соҳасини торайтиради

Ҳужжатнинг номи ўзгармоқда. Ҳозир у қуйидагича номланади: «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида», бундан кейин эса – «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида». Мазкур ҳолат ҳужжатни қўллаш соҳасига киритилган ўзгартиришларни акс эттиради. Чунончи, «хўжалик юритувчи субъект» атамаси «тадбиркорлик субъекти» тушунчасидан кенгроқ. Бизнесдан ташқари, у давлат муассасалари, ННТ, норезидентларнинг доимий муассасалари ҳамда ваколатхоналарини (юридик шахс ҳисобланмайди) қамраб олади. Тегишинча, янги ном ҳужжатнинг субъектлар бўйича амал қилиш соҳаси қисқартирилганидан далолат беради. Қонун қуйидаги текширишларни тартибга солмайди:

● «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун доирасида ўтказиладиган;

● коммунал хизматлар етказиб берилиши, истеъмол қилиниши ҳисоби тўлиқ ва тўғри юритилиши ҳамда ҳисоб-китоби ўз вақтида амалга оширилиши;

● қўзғатилган жиноят иши, шунингдек жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга ошириладиган терговга қадар текширув доирасида ўтказиладиган;

● давлат муассасаларининг фаолияти;

● нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти, улар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳоллар бундан мустасно;

● норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари ҳамда ваколатхоналарининг фаолияти;

● тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг муассислари ташаббусига кўра ўтказиладиган.

 

Бизнесни давлат томонидан назорат қилувчи «учта наҳанг»

Лойиҳага мувофиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш ­деганда ­назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйиладиган қонунбузарликларнинг олдини олиш, фош қилиш ва бартараф этиш фаолияти тушунилади. У 3 шаклда: профилактик тадбирлар, текширишлар ва текширувдан кейин таҳлил ўтказиш орқали амалга оширилади.

Амалдаги Қонун профилактика масалаларига дахл этмайди. Янги ҳужжатда эса ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш ва бизнес субъектларида жавобгарликка тортиш хатарини камайтириш чора-тадбирларини кўришга алоҳида эътибор берилади.

Бу – муҳим! Фош этилган ҳуқуқбузарликлар сони, қабул қилинган ҳуқуқий таъсир чоралари, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг давлат даромадига қаратилган мол-мулки сонига қараб назорат қилувчи органлар ишининг самарадорлигини баҳолаш тақиқланади. Бизнес муҳитида ҳуқуқбузарликларнинг таъсирчан профилактикаси ўтказилиши, тадбиркорларнинг қонунга итоаткорлиги даражаси, уларнинг мунтазам равишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликлари, йўл қўйилган хатоларни текширув давомида тузатиш имконияти ва назорат тадбирларининг қонунийлиги ижобий баҳо бериш учун бош мезон бўлади.

Бундан ташқари, 1.09.2018 йилдан бошлаб бекор қилинган (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармоннинг 4-банди) назорат тартибидаги текширишлар ўрнига янги институт – текширувдан кейин таҳлил жорий этилади. Бунда текширувларнинг янги тури ҳақида сўз бормаяпти. Таҳлил давомида назорат қилувчи органлар кейинчалик профилактика тадбирларини ўтказиш учун мунтазам йўл қўйиладиган ҳуқуқбузарликлар сабабларини умумлаштирадилар, уларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқадилар. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, қандайдир ахборот ёки ҳужжатларни талаб қилиб олиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, текширувлар ўтказиш ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тақиқланади.

 

Текширишларда аудиторлар иштирок этмайди

Текширишлар ўтказиш учун аудиторлик ташкилотларини жалб этиш имкониятини Қонундан чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Ҳозир назорат қилувчи орган маблағлари ҳисобига шартномавий асосда бунга рухсат этилади.

 

Ҳуқуқбузарлар – «нишон остида»

Текширишлар даврийлиги билан боғлиқ барча тақиқлар бартараф этилади. Қуйидаги сабаблардан бири аниқланган ҳар бир ҳолатда молия-хўжалик фаолияти текширувдан ўтказилади:

● солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ ва божхона қонун ҳужжатлари мунтазам равишда (молия йили давомида 2 ва ундан ортиқ марта) бузилиши;

● 100 ЭКИҲдан ортиқ миқдордаги солиқ қонунбузарлигининг аниқланиши;

● устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши далилларининг аниқланиши.

 

Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Самир ЛАТИПОВ, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1628 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика