Фирмамиз жисмоний шахсдан омборхоналарни ижарага олади (оператив ижара). Ўз навбатида уларни ёрдамчи ижарага берамиз. Омборга жойлаш шароитларини яхшилаш учун фирма ўз маблағларига қурилиш материаллари: сендвич-панеллар, арматура ва бошқаларни сотиб олди. Омбор очиқ турарди. Биз девор, тўсиқлар қурдик, томни таъмирладик. Таъмирлаш-қурилиш ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўз кучимиз билан бажардик.
Қурилиш материалларини балансдан ҳисобдан чиқариш мумкинми? Ушбу ажратиб бўлмайдиган тарздаги яхшилашлар ижарага олинган хонада амалга оширилганлигини инобатга олган ҳолда буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш мумкин? Ижарага берувчи билан ҳеч қандай ҳужжатларни (далолатномаларни) имзоламаганмиз.
Ижарага олинган омборхоналарни таъмирлаш харажатлари қандай расмийлаштирилади?
– Ижарага олинган омборларни реконструкция қилиш харажатлари капиталлаштирилади ва кейинчалик харажатларга ҳисобдан чиқарилади ёки ижарага берувчи томонидан қопланади.
Ижара шартномаси бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари Фуқаролик кодекси (ФКнинг 34-боби), «Ижара тўғрисида»ги Қонун ва 6-сон БҲМС «Ижара ҳисоби» (АВ томонидан 24.04.2009 йилда 1946-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Ижарачининг оператив ижара объектини яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар ўрнатиш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқа) харажатлари объект қийматини кўпайтирувчи капитал қўйилмалар сифатида акс эттирилади. Мурожаатингизга қараганда, омборни реконструкция қилгансиз: очиқ турдаги иншоот ёпиқ турдаги иншоотга айланган.
Объектни реконструкция қилиш – бу:
● мустаҳкамлиги ва сейсмик чидамлилигига таъсир кўрсатувчи таянч қисмларни реконструкция қилган (ёки қилмаган) ҳолда унинг ҳажми ва майдонини ўзгартириш;
● дастлабки ҳажмини сақлаб қолган ҳолда бино ва иншоотларнинг таянч қисмларига ўзгартиришлар киритиш;
● ўзининг ер участкасида туташ ва алоҳида турадиган қўшимча капитал бино ва иншоотларни қуриш.
Агар оператив ижара объекти ижарага берувчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки у бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган яхшилашга сарфланган харажатлар ва уларни оператив ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имкони бўлмаса, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки у бекор қилингач, улар ижарага берувчига текинга ўтади, агарда оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса (6-сон БҲМСнинг 52-банди).
Яъни ижарага олинган омборларни реконструкция қилаётган бўлсангиз, у ҳолда бу оператив ижара объектини яхшилаш харажатлари бўлади.
Қурилиш ишлари даврида харажатлар 0890-«Бошқа капитал қўйилмалар» счётида капиталлаштирилади. Қурилиш материалларини ҳисобдан чиқариш бўйича проводка: Дт 0890 – Кт 1050. Агар ўз кучингиз билан қураётган бўлсангиз, 0890-счётда қурувчиларнинг иш ҳақи, ЯИТ ва бошқа харажатлар ҳам акс эттирилади.
Ишлар якунлангандан кейин 0890-счётдаги суммаларни ҳисобдан чиқариш зарур: Дт 9220 – Кт 0890.
9220-счётдаги суммалар ижарачи ва ижарага берувчи ўртасидаги аҳдлашувга кўра ҳисобдан чиқарилади:
1-ВАРИАНТ. Шартномангизда сиз – ижарачига ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш мажбурияти юклатилганлиги ва қурилиш ишлари қиймати ижара ҳақини тўлаш ҳисобига киритилиши кераклиги ҳақида шарт белгиланган бўлса (ФКнинг 544-моддаси 3-қисми 6-хатбошиси):
Асос
|
Тавсифи
|
Дебет
|
Кредит
|
Мол-мулкни яхшилаш бўйича ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва (ёки) солиштириш далолатномалари
|
Ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш ишлари қийматини ижара бўйича олдиндан тўлов ҳисобига киритиш
|
3110
|
9220
|
2-ВАРИАНТ. Агар ижарага берувчи унинг мол-мулки яхшиланишига розилик берган бўлса, сиз – ижарачи шартнома бекор бўлганидан кейин ушбу яхшилашлар қийматини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўласиз (ФКнинг 555-моддаси 2-қисми):
Асос
|
Тавсифи
|
Дебет
|
Кредит
|
Реконструкция қилинган омборларни фойдаланишга киритиш далолатномаси
|
Ижара шартномаси тугаганидан кейин ишлар қийматини қоплаш:
|
|
9220
|
шартнома муддати бир йилдан ортиқ бўлса
|
0940
|
||
йил давомида маблағларни қайтариб олишни мўлжаллаётган бўлсангиз
|
4890
|
3-ВАРИАНТ. Ижарага берувчининг розилигини олмаган бўлсангиз, у ҳолда ишларни якунлагандан сўнг капитал қўйилмалар суммасини ўз харажатларингизга ҳисобдан чиқаришингиз лозим:
Асос
|
Тавсифи
|
Дебет
|
Кредит
|
Реконструкция қилинган омборларни фойдаланишга киритиш далолатномаси
|
Ишлар қийматини ижарачининг харажатларига ҳисобдан чиқариш: ишлар якунланиши заҳоти |
Харажатлар счётлари (9410, 9430)
|
9220
|
йил давомида харажатларни ҳисобдан чиқаришни режалаштирган бўлсангиз
|
3290
|
||
шартнома муддати бир йилдан ортиқ бўлса, ижара шартномаси муддати давомида
|
0990
|
Ижарага берувчи билан ҳеч қандай аҳдлашув бўлмаса, ижара шартномаси тугаганидан ёки у бекор қилинганидан кейин сиз:
● ижара объектини аввалги ҳолига қайтаришингизга (ФКнинг 554-моддаси 1-қисми) – қурганларингизнинг ҳаммасини бузиб, ажратиб олиб бўлмайдиган яхшилашларни (масалан, таъмирланган томни) қолдиришингизга;
● ёхуд ижарага берувчи жисмоний шахс сиздан моддий наф тарзидаги даромад олганлигини тан олишингизга тўғри келади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 1-банди 5-хатбошиси).
Бу ҳолда:
● жисмоний шахсдан даромадни мустақил равишда декларациялаши ва бюджетга ЖШДС тўлаши тўғрисида ариза олиш лозим. Сиз эса ўз навбатида солиқ органларини унинг даромади суммаси ҳақида хабардор қиласиз (Солиқ кодексининг 187-моддаси);
● ёки тўлов манбаи сифатида жисмоний шахс учун ЖШДС тўлашингиз керак (Солиқ кодексининг 184-моддаси 1-қисми, 185-моддаси 4-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.