Юридик шахслар ўрнатилмаган жиҳоз учун мол-мулк солиғини қандай ставка бўйича тўлайдилар?
– 2018 йилда юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси солиқ солинадиган базага 5% миқдорида белгиланган (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 17-илова).
Норматив муддатда ўрнатилмаган жиҳоз учун мол-мулк солиғи икки баравар ставка бўйича, яъни 10% миқдорида ундирилади (ПҚ-3454-сон қарорга 17-илова изоҳи). Мазкур ҳолда ўрнатилмаган жиҳознинг ўртача йиллик қиймати солиқ солинадиган объект ҳисобланади.
Капитал қўйилмалар ҳисобига реконструкция ва (ёки) модернизация қилинадиган объектларда фойдаланишга жорий этиладиган жиҳозни монтаж қилиш муддатлари лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланади. Солиқ солинадиган объектни аниқлаш учун ЛСҲда жиҳозни фойдаланишга жорий этиш муддатлари мавжуд бўлмаганда буюртмачи бўлиб чиққан юридик шахснинг раҳбари томонидан тасдиқланган, бироқ жиҳозни монтаж қилишга бериш пайтидан бошлаб 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддат қабул қилинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.