Вазирлар Маҳкамасининг 27.11.2018 йилдаги «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 959-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда ҳосилдорликнинг пастлиги, бошоқли дон экинларини етиштириш соҳасидаги бир қатор бошқа муаммолар қайд этилган.
Вазиятни ўнглаш мақсадида 2019 йил ҳосили учун буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1,2 млн сўм миқдорида белгиланди. Бу жорий йилда белгиланганидан 60% юқоридир.
Бундан ташқари, суғориладиган майдоннинг ҳар гектаридан ҳосилдорлигига қараб, барча бошоқли дон экинлари бўйича дон харид нархига устама ёки чегирма қўлланилади:
● 30 центнер ва ундан кам бўлганида – 25% чегирма;
● 31 центнердан 40 центнергача бўлганида – 15% чегирма;
● 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10% устама;
● 51 центнердан 60 центнергача бўлганида – 20% устама;
● 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25% устама.
Хўжаликларни кредитлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда. Жорий тартибга кўра давлат эҳтиёжлари учун дон етказиб берилганда уларга етказиб бериш қийматининг 60%и миқдорида кредит берилган бўлса, энди кредит миқдори 100%ни ташкил этади (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда). Кредит бўйича ставка – йиллик 5%.
Ҳукумат томонидан иқтисодий чора-тадбирлар билан бир қаторда фискал ва маъмурий йўл билан ҳосилдорликни рағбатлантириш назарда тутилган.
Хусусан, 2019 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорлик ҳар гектарига:
● 30 центнер ва ундан паст бўлганида – 2 баробар;
● 31 центнердан 40 центнергача бўлганида 1,5 баробарга кўпайтирувчи коэффициентлар қўллаш тартибини киритиш таклиф этилмоқда.
Бунинг устига, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланади. Бу ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилишига олиб келиши мумкин.
Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 28.11.2018 йилдан кучга кирди.
Самир ЛАТИПОВ, «Norma» МЧЖ эксперти.