Жисмоний шахс мулкида хусусий уй бор, унинг бир қисми нотурар жой этиб расмийлаштирилган. Хорижий фирма ваколатхонаси билан ижара шартномаси ёки ссуда (текин фойдаланиш) шартномаси тузмоқчи.
Иккала ҳолда қандай солиқлар солинади?
1-ВАЗИЯТ.
Жисмоний шахс нотурар жойни ваколатхонага ижарага беради
Ижарага олувчи тўлайдиган ижара тўловлари ижарага берувчи жисмоний шахснинг ЖШДС солинадиган мулкий даромадлари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 3-банди). Уларга энг кам ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2018 йилда ЖШДСнинг энг кам ставкаси 7,5%га тенг (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 8-илова).
ЖШДС суммасини ҳисоблаб чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларида мол-мулкни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланган (ПҚ-3454-сон қарорга 25-илова). Яъни ижарага берилган бинонинг 1 кв.м учун ойлик ижара тўлови суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан кам бўлса, ЖШДС унинг белгиланган энг кам миқдоридан ҳисоблаб чиқарилади.
ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти даромад тўлаш манбаи (ижарага олувчи – хорижий юридик шахснинг ваколатхонаси) зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси 1-қисми). Шу сабабли ваколатхона ижарага берувчига ижара тўловларини тўлаш чоғида улардан ЖШДС суммасини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши керак.
2-ВАЗИЯТ.
Жисмоний шахс нотурар жойни ваколатхонага ссуда (текин фойдаланиш) шартномаси бўйича ижарага беради
Текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади (ФКнинг 617-моддаси).
Ссуда берувчи жисмоний шахсда бинони текин фойдаланишга бериш чоғида даромад, бинобарин, солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.
Бундай вазиятда ссуда шартномаси тарафлари солиқ органларида бино эгаси норасмий даромад олаётганлиги хусусида шубҳа туғилиши мумкинлигини инобатга олишлари керак. Бу ҳолда ссуда шартномаси қалбаки битим деб топилиши мумкин. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади (ФКнинг 124-моддаси 2-қисми). Яъни мазкур битим суд томонидан жисмоний шахс – бино эгасининг даромадларига тегишинча солиқ солган ҳолда ижара шартномаси деб тан олиниши мумкин.
Юридик шахсларнинг фойдасига солиқ солиш мақсадида бинодан текин фойдаланиш ссуда олувчи учун бошқа даромад деб қаралади.
Ваколатхона доимий муассаса ташкил этмаса, унда бошқа даромадлар бўйича солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.
Бу вазиятда мол-мулкдан текин фойдаланиш ҳуқуқи кўринишидаги ҳақиқий даромадни ЎзР норезиденти олади. Норезидентларнинг ДМ билан боғлиқ бўлмаган даромадларига солиқ солиш Солиқ кодексининг 155-моддасида акс эттирилган. Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисмида ушбу даромад кўрсатилмаган.
Солиқ кодексининг 155-моддаси 11-1-бандидаги «текинга олинган мол-мулк»ни «ссуда шартномаси бўйича текин (вақтинча) олинган мол-мулк» дея талқин қилиш мумкин дейлик. Ушбу тахминга қўшиладиган бўлсак, тўлов манбаи (жисмоний шахс – бино эгаси) ҳар ойда норезидент даромадидан 20%лик ставкада бюджетга солиқ тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 160-моддаси).
Ваколатхона фаолияти ДМни ташкил этса, текинга фойдаланишдан даромад фойда солиғи солиш мақсадида жами даромадга киритилиши керак (Солиқ кодексининг 129, 132, 135-моддалари).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.