Norma.uz

Нима учун уй-жой соҳасидаги ислоҳотлар қийинчилик билан рўёбга чиқмоқда

 

МДҲ мамлакатларида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқаришда муҳим ўзгаришлар юз бераётгани йўқ. Соҳадаги ўзгаришлар қийинчилик билан рўёбга чиқмоқда. Ҳамдўстлик мамлакатларида иш тажрибасига эга, уй-жой кўчмас мулкини бошқариш бўйича Шарқий европалик халқаро экспертлар «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жойларни профессионал бошқариш» Pro House лойиҳаси доирасида Тошкентда ташкил этилган семинарларда шуни таъкидлашди.  

 

«Биз Ўзбекистонга тайёр ечимлар билан эмас, балки сизнинг мамлакатингизда кўп хонадонли уйларни бошқаришда асқотадиган ва қўллаш мумкин бўлган тажриба билан келдик», – дейишди экспертлар.

МДҲнинг уй-жой тармоғидаги ислоҳотлар исталган натижаларни бермаётганига асосий сабаб нимада? Бу савол билан биз уй-жой кўчмас мулкини бошқариш соҳасида нуфузли халқаро эксперт Вернер Меркелга мурожаат қилдик. У Германия Кўчмас мулк бошқарувчиларининг мувофиқлаштирувчи иттифоқи (DDIV) бошқарувининг аъзоси, «Vegis» бошқарув ва сервис компаниялари гуруҳининг директори, Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмасининг (КМХУ, Беларусь) бошқарув раисидир.

«Асосий сабаб шундаки, узоқ йиллар давомида уй-жой давлат бошқарувида бўлиб келган, – дейди Вернер Меркель. – Бирор нарсани қўлдан чиқариб юбориш ҳар доим қийин кечади. Одамлар ўзлари, давлатнинг кўмагисиз уддалай олармикинлар, деган ҳадик бор. Уй-жой кўчмас мулки мулкдорлари бирлашувида давлат ўзи учун қандайдир хатарларни кўргандир балки. Одамлар кўпроқ мустақилликка эга бўлишса, ўзларига ишончи ортса, давлатдан нима талаб қилишни билиб қоладилар. Ёки аксинча, бошқарувни самарали йўлга қўя олишмаса-чи, бунинг учун зарур билим ва кўникмалар керак-ку ахир.

Уй-жой кўчмас мулкини мулкдорлар қўлига топшириш ғояси, аслида, яхши ғоя. Лекин собиқ иттифоқ ҳудудидаги мамлакатларнинг деярли барчаси битта йўлдан боришди. Аввалига кўп хонадонли уй-жой фондини хусусийлаштиришди, кейин уни бошқариш тажрибасини ўргана бошлашди. Бу худди кўзи ожиз кишига гуллар ранг-баранглигини тушунтирган билан баробардир. Фуқаролар фалакнинг гардиши бир айланиб мулкдорларга айланишди, лекин кейинги навбатда қандай йўл тутишни билишмас эди. Уларга бу кўчмас мулкни сақлаб туриш бўйича мажбуриятлар, масъулият хусусида ҳеч ким ҳеч нарса тушунтирмади, бу ишни илгари давлат бажарар эди-да. Хусусийлаштириш жараёнлари кенг миқёсдаги маърифий ишлар билан бирга олиб борилмади. Шу туфайли уй-жойнинг мулкдорига айланса-да, одамлар барча ишларни улар учун давлат бажариб беради, деган хато тушунчада қолаверишди. Тафаккурни эса тезда ўзгартириб бўлмайди. Уй-жой кўчмас мулкини бошқаришдаги ютуқлар ҳақида гапириш ҳали эрталигининг сабаби шунда. Бу борада гап бир қатор масалаларни ҳал этиш, пухта ўйланган, яхшилаб шакллантирилган давлат сиёсати ва стратегияси хусусида, қаерга қараб юриш, қайси йўналишда ҳаракатланиш зарурлиги тўғрисида бормоқда. МДҲ мамлакатларидаги 10 йиллик иш тажрибамиз бизга эгарга ўтирганда қайси тарафга қараб от сурмоқчи эканлигингизни билмай турган ҳолатни эслатади.

Уй-жой кўчмас мулкини самарали бошқаришни расамадга солиш учун иш-тажриба ва сиёсатчилар, қонун чиқарувчиларнинг экспертлар билан фаол мулоқотини йўлга қўйиш лозим. Бошқача айтганда, «Нима қилмоқ керак?» деган саволга жавоб қидирибгина қолмай, бу ишни нега айнан шундай қилиш лозимлигини англаш, яъни масалага чуқурроқ назар ташлаш керак бўлади. Акс ҳолда қайси ранг кимга йўл очишини аввал тушунтирилмагани сабабидан одамлар чорраҳада қотиб қолган вазият юзага келади. Экспертлар сиёсатчилар билан гаплашганда бошқарув тажрибасини кўрсатиб ва сўзлаб беришнинг ўзи кифоя қилмайди. Сиёсатчилар мазкур тажриба уларнинг мамлакатига керакми-йўқлигини тушуниб етишлари лозим. Агар керак бўлса, бу тажрибани ўрганишгина эмас, балки маҳаллий воқелик ва ўзига хосликдан келиб чиқиб, уни ўзларига мослаштира олишлари лозим.

Уй-жой кўчмас мулкини самарали бошқаришнинг яна бир шарти – мутахассисларнинг мунтазам билим ошириб бориши, профессионал ­тайёргарлиги. Германия бу борада Ўзбекистонга кўмак бериши мумкин. Биз яна бир йўналишда иш олиб бормоқдамиз, бу хусусда ҳам ўз тажрибамиз билан ўртоқлаша оламиз, бу – уй-жой кўчмас мулкини энергия қувватини тежаган ҳолда санациялаш. Масала МДҲ мамлакатлари учун анча долзарбдир. Ўзбекистонда санациялашни талаб қиладиган эски уй-жой фонди ҳам анча кўп. Лекин аввалига у санациялашга тайёрлиги бўйича ўрганиб чиқилиши керак. Биз бу борада синовдан ўтган иш тажрибасига эгамиз. Энергия қувватини тежаган ҳолда санациялаш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши даркор. Агар у янги уйни қуриб битказиш харажатларига тенг бўладиган бўлса, у ҳолда ўзини оқламайди.

Уй-жой кўчмас мулкини бошқаришнинг натижалари ҳақида гапирганда, Беларусь тажрибасини мисол келтирса бўлади, бу ерда сиёсатдонлар кўп хонадонли уй-жой фондини бошқараётган экспертларга қулоқ тутдилар. Республикада Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмаси (КМХУ) тузилган. Бу қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ўртасидаги мулоқот ривожланишига суръат бағишлади. Парламент уюшманинг уй-жой фондини бошқаришни яхшилаш бўйича таклифларини кўриб чиқмоқда. КМХУ вакиллари парламент, вазирликлар, ташқи экспертлар билан ҳамкорликда уй-жой қонунчилигини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқдалар».

 

Ирина Гребенюк, махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 146 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика