Norma.uz

Янги уй-жой қонунчилиги устида иш олиб борилмоқда

 

Уй-жой қонунчилигини ислоҳ қилиш масалалари пойтахтимизда бўлиб ўтган давра суҳбати иштирокчилари эътибор марказида бўлди. Вазирликлар ва идоралар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва туман халқ депутатлари кенгашлари депутатлари, германиялик уй-жой кўчмас мулкини бошқариш бўйича халқаро экспертлар, жамоатчилик ташкилотлари, ХУМШ ва бошқарувчи компаниялар раҳбарлари 2 кун давомида ушбу жараённинг турли жиҳатларини муҳокама қилдилар. Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармонида мамлакатимизда олиб борилаётган УКХ ислоҳоти доирасида «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.  

 

Учрашувнинг белгиланган мавзуси: «Кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришга доир қонунчиликни яхшилаш бўйича тавсиялар ва уни ислоҳ қилиш жараёнида соҳа ташкилотларининг роли». У «Pro House – Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жойларни профессионал бошқариш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Уни Евроиттифоқ молиявий кўмаги билан «Шарқий Европадаги уй-жой хўжалиги» Ташаббуси (IWO, Берлин) амалга оширмоқда. Германия томонидан Уй-жой ва кўчмас мулк Европа таълим маркази (EBZ) ҳамда Германия Кўчмас мулк бошқарувчиларининг мувофиқлаштирувчи иттифоқи (DDIV), бизнинг томондан – Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва унга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси ҳамкорлар ҳисобланади.  

Мамлакатимизда УКХ ислоҳоти давом этмоқда. Қисқача айтадиган бўлсак, у мазкур соҳани бошқаришни такомиллаштириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, кўп квартирали уйларни (ККУ) модернизация қилиш, уй-жой мулкдорларини сифатсиз хизматлардан ва уларнинг ҳуқуқларини бузувчи саводсиз мутахассислардан ҳимоялашга қаратилган. Бироқ, шу билан бир қаторда, уй аҳли нафақат шахсий мулки (квартираси), балки умумий, улушли мулк ҳуқуқида ўзларига тегишли бўлган мулк ҳолати учун ҳам жавобгар эканликларини ҳис қилишлари керак. Уй-жойни профессионал бошқармай, ККУга хизмат кўрсатувчи ХУМШ ва бошқарувчи компаниялар фаолиятини қайта йўлга қўймай, уй-жой хизматлари рақобатбардош бозорини шакллантирмай туриб, бунга эришиб бўлмайди. Бугунги кунда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш миқёси кенгайиб бормоқда. Буларнинг бари уй-жой фондини бошқаришга янги талабларни, шу билан бирга қонунчиликни такомиллаштириш заруратини илгари сурмоқда.

УКХ вазирлигида ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Давра суҳбатида унинг иш натижалари ва таклифлар тилга олинди. Бу ҳозирча қонун лойиҳаси юзасидан мўлжалланган вазифалар, тартибга солишни талаб қилувчи камчиликларни аниқлаш, амалдаги қонунчиликни қўллаш амалиётидан, шунингдек уй-жой фондини бошқариш тизимида юз берган ўзгаришлардан келиб чиқиб тузатишлар киритишга доир таклифларнинг илк муҳокамаси, холос.

Мутахассисларимиз илгарироқ пойтахтда бўлиб семинарларда немис экспертлар тақдим этган Германия тажрибасини ўрганмоқдалар. Ўшанда улар УКХ вазирлиги раҳбари Музаффар Солиев билан учрашган эдилар, у ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқишда иштирок этишни таклиф этган эди.

Сиёсатчилар, қонун чиқарувчилар, халқаро экспертларнинг амалий мулоқоти умид бахш этади. Мутахассисларимиз учун семинарлар, тренинглардан ташқари, экспертлар янги таҳрирдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Концепциясига тавсияларни тайёрладилар, ишлаб чиқувчилар учун фойдали бўлиши мумкин бўлган Германиядаги кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришга доир ҳужжатлар пакетини тақдим этдилар. Ишчи гуруҳ аъзолари қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу тажрибадан фойдаланмоқчилар.

Давра суҳбатида уй-жой қонунчилигини ислоҳ қилиш жараёнида соҳа уюшмаларининг роли ҳақида ҳам сўз юритилди. Ўзбекистонда фаолият юритувчи Уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва унга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда УКХ вазирлигининг ҳамкори ҳисобланади, давлат органлари ва депутатлар билан мулоқотни йўлга қўйган ҳолда мамлакатимизда кўп квартирали фондни профессионал бошқариш ғоясини илгари сурмоқда.

Учрашув якунлари бўйича унинг иштирокчилари билдирган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, УКХ ишчи гуруҳи ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда иш кўриши юзасидан келишувга эришилди.

Ушбу мавзувий сон давра суҳбатида белгиланган уй-жой қонунчилигини ислоҳ қилиш масалалари муҳокамасига бағишланди.

 

 

Муаммолар мавжуд. Қандай таклифлар бор?

 

«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича УКХ вазирлиги ишчи гуруҳининг бош мувофиқлаштирувчиси Наталья Вишневская қонун лойиҳаси устида қандай иш олиб борилаётганлиги ҳақида сўзлаб берди. У тилга олган амалдаги Қонундаги муаммолар, шунингдек ишчи гуруҳнинг уларни бартараф этишга доир айрим таклифлари билан қисқача таништирамиз. Лойиҳа устида ишлашга жалб этилган идоралар мутахассислари уларга қўшимча ишлов бериб, қонун чиқарувчилар кўриб чиқиши учун тақдим этадилар. 

 

ХУМШни қайта ташкил этиш, бошқарув усулини ўзгартириш масалаларидаги камчиликлар

Кўпинча ширкатни қайта ташкил этиш ёки бошқарув усулини ўзгартиришда муаммолар юзага келади. Мулкдорларни ҳимоя қилиш учун умумий йиғилиш шундай қарор қабул қилган пайтдан бошлаб 3 иш куни давомида техник ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар, хоналарнинг калитлари, мулкдорларнинг умумий мол-мулки таркибига кирувчи ускуналардан фойдаланиш кодлари, ККУдан фойдаланиш ва уни бошқариш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ва ускуналарни кўп квартирали уйни бошқариш мажбуриятини зиммасига олган шахсга топшириш таклиф этилмоқда. Бевосита бошқариш усули танланганда эса – умумий йиғилиш қарорида кўрсатилган хона мулкдорига.

 

Ер участкалари билан боғлиқ муаммолар

Амалдаги қонунчиликда белгиланганидек, ер участкалари ширкатларга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Бироқ бу масала ҳал этилмай қолмоқда. ХУМШ участкаларни сақлайди, уларни ободонлаштиришга маблағ сарфлайди, бироқ кадастр ҳужжатларида улар белгиланмаган. Натижада ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари ва ХУМШ ўртасида ширкатларга тегишли бўлмаган ер участкаларини ким сақлаши кераклиги борасида зиддиятлар юзага келмоқда. Ширкатда ер участкаси мавжуд бўлмаганда унинг чегараларини давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида белгилаб, уйнинг техник паспортида кўрсатиш таклиф этилмоқда.

 

Нотурар жойлар мулкдорларида мажбуриятлар бор, бироқ ҳуқуқлар йўқ

Нотурар жойлар мулкдорлари ширкат аъзолари ҳисобланмайдилар. Шунга қарамай, ХУМШ аъзолари қатори, зиммаларига умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбуриятлар юклатилган, бироқ умумий йиғилишларда иштирок этиш, ишлар режаси, бадал миқдорини тасдиқлашда овоз бериш ва бошқа ҳуқуқдан маҳрум этилганлар. Натижада кўп ширкатларда улар учун асоссиз равишда оширилган бадал миқдорлари белгиланган. Бу томонлар ўртасида зиддиятларга олиб келади. Низоларга барҳам бериш учун нотурар жойлар мулкдорларини ҳам ХУМШ аъзолигига қабул қилиш таклиф этилмоқда. Уларга қўшимча хизматлар кўрсатилса, бадал миқдори оширилиши мумкин.

 

ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарорлар қабул қилиши

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ХУМШ аъзоларининг 50%идан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Бироқ ҳатто бир уйли ХУМШда ҳам кворумга эришиш мушкул, 8–10 та ва ундан ортиқ кўп қаватли уйларни бирлаштирган ширкатларни гапирмаса ҳам бўлади. Ишчи гуруҳ аъзолари умумий йиғилишларда ХУМШ аъзоларининг вакиллари функцияларини уйбошиларга бериш имкониятини кўриб чиқдилар. Бироқ қонунчиликда уйбошилар кимлиги, уларга қандай ваколатларни бериш мумкинлиги белгиланмаган. Бунинг устига, ширкат аъзоларининг барчаси ҳам уларга ишонч билдирмайди. Амалдаги қонунчиликда мулкдорларнинг умумий йиғилишлардаги вакили назарда тутилган. Ёзма сўровлар ўтказиш йўли билан қарорлар қабул қилиш имконини ҳам ҳужжатга киритиш таклиф этилмоқда. Умумий йиғилишда кворумни таъминлаш имкони бўлмаганда улар ўтказилади. Онлайн овоз бериш йўли билан ҳам қарорлар қабул қилиш таклиф этилмоқда.

 

Бадалнинг энг кам миқдорини жорий этиш

Ширкат аъзоларининг мажбурий бадали миқдорини умумий йиғилиш қарори билан ҳар йили УКХ вазирлиги томонидан тасдиқланадиган энг кам миқдорлардан паст бўлмаган миқдорда, ККУни сақлашнинг белгиланган норма ва қоидаларини, ҳар бир уйнинг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда белгилаш таклиф этилмоқда. Кўп қаватли уйларни сақлашга сарфланадиган реал харажатларни аниқлаш учун улар техник текширувдан ўтказилади.

Тўғри, ширкатлар бадал миқдорини ўзлари белгилашлари керак. Бироқ уларнинг аксарияти уйни сақлаш учун маблағга реал эҳтиёжни уй аҳлига тўғри тушунтириб, уни ҳисоблай олмайдилар. Натижада бадал пасайтирилади, бу эса таъмирлаш, кредитларни ўз вақтида қайтариш имконини бермайди. Ширкатларга ечим: қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ уй учун зарур ишлар минимумини таъминловчи энг кам бадал таклиф этилмоқда.

 

Уй-жой мулкдори мажбурий бадалларнинг бир қисмини пулда тўлаши ўрнига умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига ўзгартириш

Ушбу норма уй-жой мулкдорларига кўмак бериш мақсадида амалдаги қонунчиликка киритилган бўлиб, ХУМШ амалиётида фаол қўлланилмоқда. Бироқ унинг механизми қайд этилмаган, бу кўп қонунбузарликларга олиб келди. Бунинг учун уни нуқсонлар далолатномаси, умумий йиғилиш бошқаруви баённомаси, ишларни бажаришда фойдаланилган, номи ва қиймати қайд этилган, сотиб олинган қурилиш материалларига ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш заруратини белгиловчи регламент билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

 

Бошқарувчи компанияларни лицензиялаш

Кўпинча умумий мол-мулк шартномалар тузмасдан, билимсиз мутахассислар, баъзан кўчадаги тасодифий кишилар томонидан сифатсиз таъмирланади. Натижада ноинсоф пудратчини жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмайди. Лицензияга эга бўлган ташкилотларнинг ККУни бошқариши ва унга хизмат кўрсатишини назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда. Эҳтимол, ҳозирча бу таклифни киритиш ўринли эмасдир. Бироқ лицензия – хавфлардан суғурталаш, сифат кафолати, масъулият демак. Тендер ўтказиш йўли билан умумий мол-мулкни бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш учун БК танланади. Ҳужжатлар ва уни ўтказиш тартиб-таомилини УКХ вазирлиги ишлаб чиқади. ЭКИҲнинг 10–50 бараваридан кам устав фондига эга бўлган бошқарувчи ташкилотлар ККУни бошқариши ёхуд унга хизмат кўрсатишига қўйилмайди.

 

Квартиралар мулкдорларининг мажбурий бадалларни ўз вақтида тўламаслиги

Бугунги кунда мажбурий бадаллар бўйича қарздорларга таъсир ўтказишнинг самарали дастаклари деярли мавжуд эмас. Қарздорликни ундиришга доир суд қарорлари лозим даражада ижро этилмайди. ХУМШ аъзоси мажбурий бадалларни 3 ойдан ортиқ муддат тўламаган тақдирда ХУМШ бошқарувига у қарзни тўламагунга қадар унинг мурожаатлари ва буюртманомаларини бажаришни тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

 

Умумий мол-мулкни бошқаришда мулкдорларнинг улушли иштирокини кадастр паспортида қайд этиш

Биз Германиянинг кўп квартирали уйларни бошқариш тажрибаси билан танишдик. Уй-жойни сотиб олиш босқичида умумий мол-мулкни бошқаришда уй-жой эгаларининг улушли иштирокини қайд этиш қисмида ундан фойдаланмоқчимиз. Бу уй-жойга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат – кадастр паспортида белгиланган бўлиши лозим. У давлат реестридан кўчирма бўлиб, унда квартира тавсифи: турар жой режаси, нимага мўлжалланганлиги, тури, умумий ва яшаш майдони, техник экспертиза ўтказилган сана, кадастр ва инвентарлаш рақамлари ва ҳ.к. қайд этилади. Бу кўпроқ янги қурилган уйларга тегишли. Янги сотиб олинган уй-жойга янги кадастр паспортини олаётганда кадастр хизматлари уйнинг умумий мол-мулкидаги мулкдорнинг улушини, шунингдек мажбурий бадаллар ҳисобига сақлаши лозим бўлган умумий мол-мулк рўйхатини кўрсатишлари таклиф этилмоқда. Ана шунда мулкдорлар нималар учун бадал тўлаётганларини англаб етишлари кўзланмоқда. Бироқ иккиламчи уй-жой фондида ҳам ҳаракатланиш кузатилмоқда, илгари ККУда яшамаган, ўз мажбуриятларини билмайдиган мулкдорлар унга кўчиб кирмоқдалар. Иккиламчи кўп квартирали фондни инвентарлаш ва иккиламчи уй-жой бозори мулкдорлари учун кадастр паспортларини олиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

 

Уй-жой мулкдорларининг умумий мол-мулкни бошқариши

Ширкатлар кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришнинг демократик институти бўлиб қолмоқда. Мулкдорлар умумий мол-мулкини бошқаришнинг 3 та усулини қонун лойиҳасига киритиш таклиф этилмоқда. Булар – ККУдаги умумий мол-мулкни уй-жой мулкдорлари ширкати биргаликда бошқариши; юридик шахслар ёхуд бошқарувчилар (жисмоний шахслар) томонидан профессионал бошқарилиши; уйни юридик шахс ташкил этмасдан бошқариш. Уй-жой мулкдорларига танлаш ҳуқуқи берилади. Ширкат тузмасдан бевосита бошқариш шакли қонунчиликда тартибга солинмаган. Қонун лойиҳасига юридик шахс ташкил этмасдан ККУни бошқариш тўғрисидаги бўлимни киритиш таклиф этилмоқда.

 

 

 

УКХ: қонун қандай бўлиши керак?

 

Давра суҳбати иштирокчилари УКХ вазирлигининг ишчи гуруҳи тақдим этган ХУМШ тўғрисидаги қонун лойиҳасига доир таклифларни муҳокама қилдилар. 

 

Жамила Ниёзова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Вазият қуйидагича: уй-жой қонунчилигини ислоҳ қилиш зарурати мавжуд, бир қатор идоралар буни амалга оширишга уринмоқдалар. Олий судга – Уй-жой кодексига ўзгартиришлар лойиҳасини тайёрлаш, УКХ вазирлигига «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган. «Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлар, умумий мол-мулкдан фойдаланиш, уларни сақлаш тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мавжуд. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини яратиш ғояси муҳокама қилинмоқда, у бошқарувнинг 3 та асосий шакли: ККУдаги умумий мол-мулкнинг ширкат томонидан бошқарилиши; уй-жой мулкдорларининг ХУМШ ташкил этмасдан бошқариши; юридик шахслар ёхуд бошқарувчилар – жисмоний шахслар томонидан профессионал БК ёрдамида бошқаришни ўз ичига қамраб олган бўларди. Предметни белгилаб, аниқ чегаралаб олиш лозим: ё бу ҳамма жиҳатларни қамраб олувчи битта қонун бўлади, ёки унга аниқлик киритиш керак бўлиб, масалаларнинг бир қисми Уй-жой кодексида қайд этилади, ёхуд бир нечта қонун ишлаб чиқилади.   

ХУМШ нотижорат ташкилотлари ҳисобланади. Уларнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд, буни қонун лойиҳасида батафсил акс эттириш, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган жиҳатларини бартараф этиш зарур. Шуни қайд этиш лозимки, давлат ҳали ҳам уй-жой соҳасини бошқаришда, баъзан хусусий масалаларда, баъзида мажбуран иштирок этиб келмоқда. Хусусийлаштириш пайтида бутун уй-жой фонди мулкдорлар қўлига топширилган эди, уларнинг бир қисми ҳанузгача ўз мажбуриятини англаб етгани йўқ. Кўп квартирали уйларда яшаш маданияти масаласи юзага келмоқда.

 

Вернер Меркель, Германия Кўчмас мулк бошқарувчиларининг мувофиқлаштирувчи иттифоқи (DDIV) бошқаруви аъзоси, «Vegis» бошқарув ва сервис компаниялари гуруҳининг директори:

–«Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси концепциясини ўрганиб чиқиб, ўз тавсияларимни бердим. Янги қонун аҳоли онгида ўзгариш юз беришига, мулк қандай мажбуриятларни юзага келтиришини тушунишига олиб келиши керак. Уй-жойни сақлаш учун бошқарувда мулкдорлар иштирок этиши талаб қилинади. Бунинг учун ККУдаги қайси мол-мулк хусусий, қайсиниси умумий эканлигини аниқ белгилаш лозим. Тегишли ҳадли шартлар шакллантирилганда бунга эришишнинг имкони бўлади, уларга, масалан, умумий мол-мулкни тақсимлаш тўғрисидаги декларация киради. Кўчмас мулкни бошқариш соҳасида профессионал менежмент хизматлари таклиф этилиши учун шарт-шароит яратиш зарур. Фақат мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўли билан касб маҳоратини оширишга эришиш мумкин. Бу қонунчиликда қайд этилган бўлиши керак. Германияда бошқарувчилар 3 йил ўқитилади. Таълим ва амалиётни биргаликда олиб бориш маъқулланади. Уч йиллик курсни тугатгач, кўчмас мулк объекти менежери ихтисослигига эга бўладилар. Академия ёки университетда таълим олишни давом эттириш мумкин.

Кўчмас мулк бошқарувчиси нималарни бажариши мумкинлиги ва шартлиги, унинг роли, ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарлиги қандайлигини белгилаш керак. Ягона биллинг тизимини яратиш, кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва бошқариш учун стандартларни ишлаб чиқиш зарур. Шикоятларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартибини янги қонунга киритиш имконини кўриб чиққан маъқул. Фақат профессионал бошқарув орқали вазиятни ўзгартириш мумкин. Турли дастурлар орқали давлат кўмагида тегишли профессионал тайёргарлик кўрган ҳолда, албатта.

 

Леонид Хван, юридик фанлар номзоди:

– Одатда парламент ҳажми бўйича стандарт намунавий қонундан катта бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқишга тайёр бўлмайди. Депутатлар вазиятнинг муҳимлигига ва уй-жой-коммунал соҳаси олдида турган вазифалар ҳажмига қараб ундаги барча масалалар ва муносабатларни батафсил тартибга соладиган, бироқ одатдаги қонун ҳажмидан ошадиган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга тайёрмилар? 

Немисларнинг умумий мол-мулкни тақсимлаш тўғрисидаги декларациясида мавжуд бўлган бир қатор нормалар бизнинг қонунчилигимизда ҳам бор. Масалан, ертўлаларга киришни чеклаш; умумий мол-мулк ҳолатини назорат қилиш мақсадида раиснинг мулкдорга қарашли уйга кириш ҳуқуқи; уй-жойларни ижарага бериш тартиби; капитал таъмирлашга жамғармалар тўғрисидаги қоида ва ҳ.к. Бироқ бу масалалар бизда битта ҳужжат билан эмас, балки қонун ёхуд қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бизда уй эгалари ушбу бандлар қонун ёки Ҳукумат қарорида қайд этилгандагина уларга амал қилади. Декларация қоидаларини худди шундай ҳужжатда эмас, балки қонун ҳужжатларида қўлласак, немис экспертлар бунга қандай қарар экан?

Молия вазирлиги ўз вақтида ККУда умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида ҳужжат қабул қилган. Шундан келиб чиққан ҳолда 1 м2 умумий майдонга бадал миқдори белгиланади. Аслида у Президент қарорига кўра УКХ вазирлиги ҳар йили ширкатларга белгилаб бериши керак бўлган бадалнинг энг кам миқдоридир. У бизда жуда кўп танқид ва эътирозларга олиб келди. УКХ вазирлиги ҳужжатдаги формулага таяниб, бунга йўл қўймаслиги мумкин эди, ундан келиб чиқишича, ушбу минимумдан кам бадални белгилаш тақиқланади, ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қарори асосида эса ундан юқори миқдорни белгилаш мумкин. Бадалнинг энг кам миқдорини белгилаш масаласини Молия вазирлиги тимсолидаги холис давлат органи ҳал этгани маъқулдир?   

Германия уй-жой қонунчилигини ишлаб чиқишда ўз тажрибасини таклиф этмоқда. Эксперимент ўтказиб кўрсак-чи? Бир йил давомида Тошкент ва минтақалардаги бир қатор ХУМШда бошқарувнинг барча усулларини қўллаб, қонунни синаб кўрайлик. Тўғри, бир томондан, уни кутмоқдалар, уни қабул қилишимиз зарур. Бироқ у ихтилофларни юзага келтирмаслиги керак. Шу сабабли шошма-шошарлик қилмаслик керак деб ҳисоблайман.

 

Фируз Акобиров, Молия вазирлигининг уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш ва ҳудудларни ободонлаштириш соҳасини молиявий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда ривожлантириш дастурларини амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

–  Ягона ҳисоб-китоб маркази (ЯҲМ) мажбурий бадаллар ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш масалаларини зиммасига олиши лозим. Бу истеъмолчилар учун қулай, ресурслар билан таъминловчи ташкилотлар учун фойдали бўлади. Бугунги кунда истеъмолчи коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун вақт сарфлаши керак. Етказиб берувчиларнинг ҳар бир бўлинмасида фронт-офис мавжуд. Бу ерда квитанциялар, ҳисобланмалар кўриб чиқилиб, мижозлар билан иш олиб борилади. Етказиб берувчилар марказ муассислари бўлиб чиқсалар, ушбу функцияларни ЯҲМга топширишлари ва ҳисобланмаларни унга ўтказишлари мумкин. Шу тариқа, ҳисоб-китоб марказларини ривожлантириш манбаи юзага келади.

Қонуннинг янги версиясида ККУни бошқаришнинг учала усулини назарда тутиш даркор. Бироқ касб маҳоратини оширишга, юқорироқ даражага чиқишга интилиш лозим. Умумий мол-мулкни бошқариш иерархияси барпо этилса, юридик шахс ташкил этмасдан бошқариш ортда қолиб кетади. Ширкат ёрдамида бошқариш ундан юқори поғонани, бошқарувчи компаниялар ёрдамида фаолият юритувчилари эса ундан ҳам юқори поғонани эгаллайди. ХУМШсиз бевосита бошқариш шахсга, унинг виждонлилиги, батартиблиги, етакчининг ташкилотчилик қобилиятига боғлиқ, уй аҳли бошқарув масалаларини ечишни унга ишониб топширишлари керак. Бунда кўп таваккалчилик қилинади, бироқ биз тизимни йўлга қўйишимиз зарур. Нима учун касб маҳоратини оширишга интилиш даркор? Чунки ширкатни бошқаришда раис ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи бўлиб чиқиши мумкин. Кўпинча шу сабабли ишлар сифатсиз бажарилади, порахўрлик кўпаяди. Чет ташкилотга хизматлар буюртма қилинса (унинг фаолияти назорат ва мониторинг қилинганда) бундай бошқарув кўпроқ самара беради. Шу сабабли БК ваколатини оширишда улар билан ҳамкорлик қилиш шунчалик муҳим. Балки, солиқ жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаш керакдир. Бевосита бошқариш усули эскирди деб ўйлайман. Бугунги кунда ширкатни бошқариш наф беради. Келгусида БК ёрдамида профессионал бошқарувга ўтамиз, биз ана шу мақсадга интилишимиз лозим.

 

Гулнора Алиева, «Учтепа Фаровон» БК директори:

– ЯҲМ тушунчасига аниқлик киритиб олиш лозим. Моҳиятан олганда, ҳисоб-китоб маркази тўловларни жамлаш ва тақсимлаш билан шуғулланиши керак. Бу уй-жой хизматлари бозорининг субъектларидан бири холос, уни қонун лойиҳасида акс эттириш ноўрин.

Бадалларнинг энг кам миқдорлари масаласига келсак. Республикамизда 32 мингдан ортиқ ККУ мавжуд. Ким уларни текширади, техник ҳолати, бухгалтерия ҳисоботини ўрганади? Бунда уй-жой фондини инвентарлаш керак. Бу ҳам юзаки ёндашув бўлади, тарифлар уйнинг реал эҳтиёжларига жавоб бермайди. Бизда Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар таркибини аниқлаш ҳамда уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудрат ташкилотларининг хизматлари учун рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низом (АВ томонидан 10.04.2007 йилда 1672-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бор. Унда 1 м2 майдонга харажатларни белгилаш формуласи берилган. Бошқарувчиларни ҳужжатлардан фойдаланишга ва мулкдорларни тўғри хабардор қилишга ўргатиш лозим.   

Қонун лойиҳасида уй-жой инспекцияси ролини ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш зарур. У умумий мол-мулкни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жарима солиши керак. Жарималар салмоқли бўлиши даркор. Айни чоғда кўп мулкдорлар ва ХУМШ раҳбарларига «дарра уриш» керак – бошқа таъсир чоралари кор қилмаяпти.

 

Рената Юсупова, Юнусобод тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати:

– Қонунчиликда фақат хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг ККУни бошқариши батафсил белгиланган. Уй-жой кодексининг атиги 1 та хатбошиси юридик шахс ташкил этмасдан ўзини ўзи бошқариш ва БК ёрдамида бошқаришга бағишланган. Уй-жой мулкдорлари ва БК ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик базаси деярли мавжуд эмас. ХУМШ ташкил этмай ўзини ўзи бошқариш учун регламент зарур. Бундай бошқариш шаклини танлаган мулкдорлар вазиятдан қандай чиқаяптилар? Ширкатлардан фарқли равишда уларнинг кредит олиши чекланган, ҳисоб-китоб рақамини оча олмайдилар, давлат дастурларида иштирок эта олмайдилар ва ҳ.к. Уй аҳли етарли маблағ жамғармагунча, кредитсиз капитал таъмирлаш режасини амалга ошириш бир неча йилга чўзилиб кетади. Бироқ улар ҳам ҳамма қатори кўп қаватли уйлар, уй-жой мулкдорлари саналади. Нима учун уларнинг ҳуқуқлари чекланган? Ҳуқуқий база мавжуд эмаслиги боис назорат органлари уларга эътироз билдиришлари мумкин. Биз кўп квартирали уйларни бошқаришни норматив тартибга солиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз. Яна бир таклиф – ККУни бошқариш соҳасидаги қонунбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш лозим. Бугунги кунда беғам ХУМШ раҳбарини фақат жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Айни пайтда мулкдорларнинг кўпгина ҳаққоний даъво-эътирозлари жавобсиз қолмоқда.

 

Раҳима Ортиқова, Ўзбекистон уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарувчилар ташкилотлари уюшмасининг эксперти:

– Бошқарувчи компаниялар «Ўзкоммунхизмат» агентлиги 2006 йилда ишлаб чиққан Бошқарувчи ташкилотларни ташкил этишга доир тавсиялардан фойдаланмоқда. Бугунги кунда ушбу масала чуқур ҳуқуқий тартибга солишни талаб этади. Юридик шахс ташкил этмаган уйларнинг муаммолари ҳам ўз ечимини кутмоқда, улар аниқ ҳуқуқий регламентга эга бўлмай туриб, хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳолда, бир-бирлари билан тажриба алмашиб фаолият юритмоқдалар. Тошкентда ХУМШ ташкил этилмаган кўп қаватли уйларни бошқаришга таваккал қилган 2 та БК мавжуд. Улардан бири ўзини ўзи бошқарувчиларга кредит ажратилишига, шунингдек кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва шарт-шароитларини яхшилаш бўйича давлат дастурида иштирок этишига эришди. Томонларнинг муносабатлари ХУМШ сингари йўлга қўйилади.

 

Садриддин Отақулов, Сурхон­дарё вилояти ТТХ директори, «Родник» ХУМШ (Термиз ш.) раиси:

– Бизга мажбурий бадаллар ўз вақтида тўланмаганлиги учун уй-жой мулкдорларининг қатъий жавобгарлигини белгиловчи қонун керак. Улар уйлари таъмирланишини истасалар, бунинг ҳақини тўлашга мажбур эканликларини, акс ҳолда жавобгарликка тортилишларини билишлари лозим. Амалдаги ХУМШ тўғрисидаги Қонун 2006 йилда қабул қилинган. Шундан буён 12 йил ўтди, кишилар онгида эса кўп нарса ўзгармади. Зиммаларида умумий мол-мулкни сақлаш мажбурияти борлигини тушунишни истамайдилар. Янги қонунни қабул қилиб, ниҳоят, буни англаб етишларини яна 10 йил кутамиз. Превентив чоралар натижа бермаяпти. Кишилар йиллаб ҳақ тўламасалар, бизда эса уларга ҳақиқий таъсир ўтказиш дастаклари бўлмаса, ширкат қандай қилиб нормал ишлаши, уйларни таъмирлаши, кредитларни қайтариши мумкин? Бизга Германиядагидек квартира сотиб олаётган мулкдорга декларацияни имзолатиб, у билан бирга уйдаги умумий мол-мулкни ҳам сақлаш мажбуриятини юклатадиган қонун керак. Биз кутаётган қонун жуда муҳим, унга масъулият билан ёндашиш зарур. Шошқалоқлик қилиш ярамайди. Минтақаларда шу соҳада иш олиб бораётган ва вазиятдан яхши хабардор бўлган ХУМШ раҳбарлари, бошқарувчи ташкилотлар билан қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этиш керакдир.

 

Ирина Гребенюк, махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 1707 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика