Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 36 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

«Наманган» ЭИЗ ташкил этилди

 

Эркин иқтисодий зона Президентнинг 20.08.2018 йилдаги ПФ-5517-сон Фармонига мувофиқ Наманган вилоятининг Чуст туманида ташкил этилди.

 

Кўзда тутилган мақсадлардан – мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳисобланади. 

«Наманган» ЭИЗ муддати узайтирилиш имконияти билан 30 йилга ташкил этилади. Унинг ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади. Барча ЭИЗ учун бу тартиблар бирхиллаштирилганлиги сабабли янги ЭИЗ иштирокчиларига имтиёз ва преференцияларнинг стандарт пакети талаб қилинади (26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармоннинг 3, 4, 5-бандлари).

Кейинроқ унинг жойлашиш чегаралари аниқланади, ташкилий масалалар ҳал этилади ва «Наманган» ЭИЗнинг «Йўл хариталари» тасдиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.08.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

15 сентябрдан нотурар жой объектларидан фойдаланмаганлик учун санкциялар жорий этилади

 

Президентнинг 4.09.2018 йилдаги ПҚ-3928-сон қарори билан ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 майдан бошлаб илгари хусусийлаштирилган, бироқ ҳозир қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда майдони 1 минг ва ундан ортиқ м2 ни ташкил этувчи фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларига нисбатан анча кескин чоралар қўлланила бошлади. Юридик шахслар ЯСТдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтдилар, бундай объектлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкаси 2–10 баравар ошди, уларнинг мулкдорларига нисбатан солиқлар бўйича имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тўхтатилди (23.02.2017 йилдаги ПҚ–2796-сон қарор).

 

Бу ишбилармонлар фаоллигини оширди – 1,5 мингта корхона фаолияти тикланди ва 12 мингта иш ўрни яратилди.

Энди мазкур тартиб, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар, барча тоифадаги қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан татбиқ этилади. Яъни объект қачонлардир хусусийлаштирилган ёки хусусийлаштирилмаганлиги муҳим эмас, шунингдек у эгаллаган квадрат метрлар ҳам аҳамиятга эга эмас.

Шу тариқа, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

► соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;

► мол-мулк ва ер солиқларини 2 карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – 5 карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан 10 карра миқдорда тўлашга ўтказиш (ДСҚга солиқларни оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш ва ҳисобланган суммаларни солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига киритиш ҳуқуқи берилди);

► қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.

Фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича идоралараро комиссиялар (вилоят даражасида) ва тегишли ишчи гуруҳлар (туман даражасида) бундай объектларни аниқлайдилар.

Жиддий ўзгартириш – инвентарлаш пайтида объект майдонининг 50%и (битта бино ёки нотурар жой контури доирасида) товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқаришга жалб этилмаган бўлса, у фойдаланилмаётган деб топилади. Илгари комиссия объект сўнгги 12 ой бўш турганини исботлаши зарур эди. Бундан ташқари, объектни сотиб (қайта расмийлаштириб) ёки уни сотувга қўйиб, вақтинча (3 ой) муаммодан қутулиш имкони бўлмайди. 

Инвентарлашдан сўнг Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни тақдим этиш ҳақида мулкдорга сўровнома юборади. Мулкдор 2 ойлик муддатда «йўл харитаси» кўринишида унга жавоб бериши керак, унда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектини барпо этиш, объектни аниқ ижарачиларга тақдим этиш, муайян инвесторлар (шериклар)ни жалб этиш ва ҳ.к. назарда тутилиши мумкин. Фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини кўрсатиш талаб этилади. 

«Йўл харитаси» юқори турувчи ташкилот (мавжуд бўлган тақдирда) билан келишилади ва идоралараро комиссия томонидан тасдиқланади. «Йўл харитаси» тақдим этилмаса ёхуд ижро этилмаса, қандай йўл тутилади? Идоралараро комиссия юқорида кўрсатилган таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулоса чиқаради. Мулкдор хулоса билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб унга нисбатан юқорида кўрсатилган чоралар кучга киради.

 

Бу – муҳим! Тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш вазифаси юкланган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг айбига кўра инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмайди.

 

Мулкдорлар – жисмоний шахсларга нисбатан ҳам чоралар қўлланилмайди.

«Йўл харитаси»ни тақдим этган ва амалга оширишни бошлаганлар мулкдорлардан идоралараро комиссиянинг мулкдор (унинг розилиги бўлган тақдирда бошқа ташаббускорлар, ш.ж. ижарага олувчилар) томонидан «йўл харитаси» (инвестиция лойиҳаси) тақдим қилинган, шунингдек, унинг амалга оширилиши ҳақидаги хулосаси санасидан кейинги календарь чоракликдан бошлаб санкциялар олиб ташланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.09.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби ўзгаради

 

Вазирлар Маҳкамасининг 30.08.2018 йилдаги 702-сон қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди.

 

2018 йил 1 декабрдан бошлаб мазкур йўналишда муҳим ўзгаришлар рўй беради.

Биринчидан, ваколатли идоралар ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантира бошлайди. Уларга тавсия этиладиган реклама конструкциялари турлари ва уларни жойлаштириш хариталари (схемалари) илова қилинади. Рўйхатлар ОАВда эълон қилинади.

Иккинчидан, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқи «Е-Ijro Auksion»да очиқ электрон аукционлар орқали берилади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).

Ер участкаларига ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқи 10 йилгача, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларга 5 йилгача берилади. Объектларни (конструкцияларни) жойлаштириш ҳуқуқини бериш ва ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш бўйича шартномалар туман (шаҳар) ҳокимлиги билан тузилади.

Ташқи реклама объектини (конструкциясини) шартнома имзоланган кундан бошлаб 3 ой мобайнида жойлаштириш зарур. Акс ҳолда уни жойлаштириш ҳуқуқи бекор қилинади.

Учинчидан, тўловлар ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини олиш учун ҳақ ва ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғимни ўз ичига олади.

 

Тўлов тури

 

Тўлов миқдори

 

Тушган маблағларни тақсимлаш

 

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини олиш учун ҳақ

 

Очиқ электрон аукцион савдолари якунларига кўра аниқланади.

Аукцион бошланғич нархи қуйидаги миқдорни ташкил этади:

 

ер участкалари учун – ушбу ер участкаси учун белгиланган ер солиғининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда, кўзда тутилган фойдаланиш муддатининг ҳар бир йили учун;

давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар учун – бино ва иншоотнинг фасад қисми ҳамда периметри бўйича, шунингдек ҳар бир реклама пешлавҳа учун кўзда тутилган фойдаланиш муддатининг 1 м2 учун энг кам ижара ҳақи миқдорида.

Туманлар (шаҳарлар) бюджетига йўналтирилади

 

Ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғим

 

Миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилайди.

 

Йиғим миқдорини ундириш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

 

90%и – туманлар (шаҳарлар) бюджетига;

 

10%и – «Тасвирий ойина» ижодий бирлашмаси ва унинг филиалларига (тушум мақсадли тусга эга – унинг аппарати ходимларини таъминлаш ҳамда миллий ғоя ва маънавият тарғиботи тадбирларини молиялаштиришга сарфланади).

 

 

Яқин истиқболдаги режалар

Бир ой муддатда туманларда (шаҳарларда) жойлашган давлат ҳокимияти органлари бинолари, маданий-тарихий ва диний объектларда рекламадан холи ҳудудлар аниқланади. Улар тўғрисидаги маълумотлар аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказилади. Кейинги йил бошигача рекламадан холи ҳудудларда жойлаштирилган ёки қонунчиликка риоя этилмаган ҳолда ўрнатилган реклама конструкциялари эгалари билан шартномалар бекор қилинади.

Ижтимоий рекламанинг минимал ҳажмини ташқи рекламани жойлаштиришнинг умумий бир йил вақтидан 20%игача ошириш режалаштирилмоқда. Уни жойлаштиришнинг энг кам муддати ҳар бир ташқи реклама объекти бўйича амалга оширилади.

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ноқонуний жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади. Бошқа қатор масалалар ҳам тартибга солинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.09.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Улгуржи сотиш: валюта конвертациясидан тушумлардан ЯСТ бўйича бўнак тўловлари тўланмайди

 

Молия вазирлиги, ДСҚ ва МБ Бошқарувининг қарори (6.09.2018 йилда 2065-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Эслатиб ўтамиз, тижорат банклари улгуржи савдо корхоналари учун уларнинг барча тушумлари ўтадиган мақсадли ҳисобварақларни очадилар. Ушбу мақсадли ҳисобварақлардан 5% ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловлари сифатида автоматик равишда бюджетга йўналтирилади.

 

Бироқ истиснолар мавжуд.

Бу тушумларнинг 10 та турига тааллуқли эмас эди. Масалан, чакана савдодан инкассация қилинган тушум, хато ўтказилган маблағларнинг қайтган қисми, устав фондига улушлар, фоизлар ҳамда дивидендлар ва бошқалардан 5 фоизлик бўнак ушлаб қолинмайди. Энди ўзига хизмат кўрсатувчи банк билан амалга оширилган валюта операциялари ҳамда валюта биржасида илгари конвертация қилинган хорижий валютани сотишдан келиб тушган маблағлар ушбу рўйхатга қўшилди.

Бундан ташқари, Низом бир нечта техник аниқлаштиришлар билан тўлдирилди.

Чунончи, бошқа тижорат банкида асосий ва иккиламчи ҳисобварақ (талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақ) очилганда солиқ органлари бу ҳақда Банк депозиторларининг миллий ахборот базасидан билиб оладилар. Банкка бир иш куни ичида солиқ тўловчининг ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўлаш мажбурияти ҳақида хабарнома юборадилар. 

Шу билан бир қаторда, хабарнома солиқ тўловчига ёзма шаклда ёки унинг шахсий кабинети орқали электрон шаклда юборилиши юзасидан аниқлик киритилди. Солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига ЯСТ бўйича ортиқча тўланган суммаларни қайтариш тўғрисидаги аризани ҳам солиқ тўловчи худди шу тартибда (ёзма шаклда ёки шахсий кабинети орқали) бериши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.09.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 252 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика