Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 32 / Божхона

РФ божхона қоидалари-2018

 

Дўстларимиз билан енгил автомашиналарда Қримга бормоқчимиз.

У ерга нималар олиб бориш ва нималар олиб келиш мумкинлигини билмоқчи эдик. Россияга олиб ўтиладиган валюта суммаси транспорт турига боғлиқ бўлишини эшитдик, шу тўғрими?

В.Анохин, И.Тятигачев.

 

– 2018 йил 1 январдан Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Божхона кодекси (ЕИИ БК) кучга кирди. Унинг қоидалари ЕИИ иштирокчиси бўлган Россия Федерацияси ҳудудида амал қилади. Шу муносабат билан Россия божхона қоидаларига жисмоний шахслар учун айрим ўзгартиришлар киритилгани сабабли ёзги таътил мавсумида уларни батафсил ёритишга қарор қилдик.

 

Валютани олиб ўтиш

ЕИИ БКга мувофиқ нақд пул маблағларига Иттифоққа аъзо бўлган давлатлар ёки аъзо бўлмаган давлатларда муомалада бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнота ва ғазначилик билетлари, тангалар (қимматли металлардан ясалган тангалардан ташқари) кўринишидаги пул белгилари киради. Пул инструментларига йўл чеклари, векселлар, чеклар (банк чеклари), шунингдек ҳужжат шаклидаги қимматли қоғозлар киради.

Бундай нақд пул воситалари ва йўл чекларининг суммаси Иттифоқнинг божхона ҳудудига бир йўла олиб кирилган ёки олиб чиқилган божхона органига йўловчи божхона декларациясини топшириш кунида амалда бўлган валюталар курси бўйича эквивалентда 10 минг АҚШ доллари суммасидан ошган тақдирда, уларнинг ҳаммаси декларацияланиши зарур бўлади.

 

Маълумот учун. Олиб ўтилаётган нақд пул маблағларининг суммасини ҳисоб-китоб қилаётганда чет эл валютаси ҳам, РФ валютаси ҳам бир хил ҳисобга олинади.

 

Пул инструментлари, йўл чекларидан ташқари, олиб ўтилаётган суммадан қатъи назар, декларация қилиниши зарур. Йўл декларациясида номинал қиймат ёки аъзо давлатнинг валютасидаги ёхуд пул инструменти уни олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган хорижий валютадаги тегишли сумма кўрсатилади. Агар номинал қиймат мавжуд бўлмаса ва суммани аниқлашнинг имкони йўқ бўлса, йўловчи божхона декларациясида Иттифоқнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган пул инструментларининг миқдори кўрсатилади.

 

Товарларни божсиз олиб кириш

Жисмоний шахслар божхона божлари ва солиқларсиз транспортнинг ер усти турларида кузатиб бориладиган ва кузатиб борилмайдиган багажда олиб ўтиладиган божхона қиймати эквивалентда 1 500 евродан, умумий оғирлиги эса 50 кг дан* ошмайдиган шахсий фойдаланиш учун товарларни олиб киришлари мумкин.

Кўрсатилган меъёрлардан ошиб кетган тақдирда, бундай ошиб кетиш қисмига товарлар божхона қийматининг 30%и, бироқ 1 кг оғирлик учун камида 4 евро миқдорида божхона божи ва солиқларнинг ягона ставкаси олинади. 35 кг дан ортиқ оғирликдаги бўлинмас товарларга нисбатан ягона ставкадаги божхона божи ва солиқлар товарларнинг умумий ҳажми ва умумий оғирлигидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бир турдаги янги ашёлар, масалан, ўнлаб спорт футболкалари ёки пойабзалларни божхона ходимлари тижорат мақсадидаги товар туркуми сифатида қабул қилишлари мумкин. Улар учун ўзгача божхона ставкалари белгиланган. 200 кг дан ортиқ товар олиб кирилаётганда ТИФ иштирокчилари учун белгиланган йиғимлар ундирилади.

 

Алкоголь ва тамаки

Россияга алкоголь маҳсулотларини олиб кириш меъёрлари қатъий тартибга солинган. Хориждан 5 литрдан ортиқ алкоголь маҳсулотини олиб кириш тақиқланган. Бу ўринда 3 литрдан ортиқ спиртли ичимликни декларацияда кўрсатиш ва меъёрдан ошган ҳар 1 литр учун 10 евродан тўлаш керак бўлади. Бу кучсиз алкоголь ва пивога тегишли. Агар 3 литрдан ортиқ ароқ олиб кирилса, ҳар бир литр учун 22 евро тўлаш керак бўлади. Бунда алкоголнинг қаерда – бошқа мамлакатда ёки Duty Free зонасида харид қилингани аҳамиятга эга эмас. Спиртли ичимликни фақат вояга етган фуқаролар олиб киришига рухсат берилади.

РФ божхонаси орқали бир киши 200 та сигарета ёки 50 та сигара ёки 250 кг тамаки маҳсулотини олиб ўтишига рухсат этилади.

 

Озиқ-овқат

Шахсий фойдаланиш учун 5 кг озиқ-овқат олиб кириш мумкин. Агар божхона ходимлари «ортиқча» килограммларни аниқлагудек бўлишса, товарлар мусодара этилиши ва қоидабузарга нисбатан жарима чоралари қўлланилиши мумкин. Ҳайвонлардан олинган маҳсулотларни (гўшт, пишлоқ, сут) фақат фабрика реквизитлари қайд этилган фабрика ўровида олиб ўтса бўлади, акс ҳолда божхонада сифат сертификатини сўрайдилар.

Жисмоний шахсларнинг қуйидаги маҳсулотларни олиб ўтишига доимий тақиқ қўйилган:

● фабрика ўровисиз, масалан, бозордан олинган маҳсулотлар;

● картошка;

● уруғликлар (шу жумладан, пиёзбош, масалан, Голландиядан келтирилган лолаларники).

«Жарима солинадиган маҳсулотлар»га келсак, агар улар шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, жисмоний шахсларга нисбатан маҳсулот эмбаргоси қўлланилмайди. Шарти шуки, уларнинг вазни 5 кг дан ошмаслиги ва завод ўрамида бўлиши керак.

 

Дори воситалари

Жисмоний шахслар божхона органларига бирор-бир рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим ­этмаган ҳолда таркибида наркотик ва психотроп моддалари бўлмаган, рўйхатдан ўтказилган ва рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини олиб киришлари (олиб чиқишлари) мумкин.

Товарнинг номи ва миқдорини кўрсатган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда жисмоний шахсларга тиббий кўрсатма бўйича шахсий фойдаланиш учун чекланган миқдорда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари бўлган дори воситаларини олиб кириш (олиб чиқиш)га рухсат этилади. Масалан, андростанолон, клозапин, трамадол, хлороформ ва бошқалар шулар жумласидандир.

Сизнинг дори воситангиз нисбатан ЕИИ ҳудудига олиб кириш ёки ундан олиб чиқишда чеклов ва тақиқлар жорий этилган-этилмаганлигини билиш учун препаратнинг таркибида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар мавжудлигини ўрганиб чиқишингиз керак бўлади.

 

Россияга олиб кирилиши тақиқланган товарлар

1. Порнографик тусга эга босма, фото ёки видеомаҳсулот, шунингдек давлат сири, ирқчилик, миллатчилик, терроризмни, миллий ёки диний адоватни тарғиб қилувчи турли кўринишдаги материаллар.

2. Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот оламининг вакиллари.

3 . Гиёҳвандлик моддалари.

4. Фитосанитария сертификати бўлмаган сабзавот ва мевалар.

5. Махсус рухсатномаси бўлмаган қурол-яроғ, унинг таркибий қисмлари ҳамда ўқ-дорилари (буларга пневматик, совуқ ва газ қуролларининг айрим турлари ҳам киради).

6. Инсон органлари, биотўқима, қон ва унинг компонентлари.

 

Декларациялаш

РФ божхона чегарасини икки йўл – «қизил» ва «яшил» йўлаклар орқали кесиб ўтса бўлади.

Халқаро амалиётда бўлгани каби «яшил» йўлакдан багажида декларациялаш учун ашёлари мавжуд бўлмаган сайёҳлар ўтади. Қонунчилик нуқтаи назаридан қараганда, чегарани мазкур йўлакдан кесиб ўтиш фуқаронинг декларацияга киритадиган товарларни олиб ўтмаётганини оғзаки тасдиқлашини билдиради.

Масалан, декларация тўлдирмасдан (шахсий фойдаланиш учун) пардоз-андоз анжомлари, кийимлар, заргарлик тақинчоқлари, фото ва киноаппаратура, шунингдек уларнинг анжомларини олиб ўтиш мумкин.

Бироқ божхона ходими киши нима олиб ўтаётганини исталган вақтда текшириб кўриши мумкин. Декларацияланиши лозим бўлган ашёлар борлигини аниқласа, бу қонунни бузиш ҳисобланади. Олиб ўтилаётган товарлар ва уларнинг миқдорига қараб жазо белгиланади. Айрим ҳолларда жарима солинади, бошқа ҳолларда эса жиноий жавобгарликка тортилади.

«Қизил» йўлак декларацияланиши мажбурий бўлган товарларни Россияга олиб кираётган шахслар учун мўлжалланган. Бу уларнинг багажида бож солинадиган ёки улар қиймати бўйича чеклов ўрнатилган ашёлар борлигини англатади.

Декларация 16 ёшдан бошлаб тўлдирилади. Кичик ёшдаги болалар учун маълумотларни уларнинг ота-оналари ёки улар учун жавобгар шахслар тўлдиради. Ҳужжат 2 нусхада тузилади, маълумотларни аниқ ва хатосиз киритиш керак. Унинг бир нусхасини божхоначи олади, иккинчи нусхаси сайёҳда қолади.

 

Нимани декларациялаш керак

● 3 000 АҚШ долларидан ортиқ нақд пул маблағлари.

● Қимматли қоғозлар.

● Қиймати 10 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлган йўл чеклари.

● Қимматбаҳо металл ва тошлар.

● Таркибида кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддалари бўлган дорилар, шунингдек психотроп ва гиёҳвандлик тусига эга дори воситалари.

● Ядровий материаллар ва уларнинг компонентлари.

● Маданий қимматликлар. Маданият объектларига божхона божлари солинмайди, лекин улар мажбурий декларацияланади. Қолаверса, бундай ашёларни Россияга олиб киргандан кейин ҳудудий маданият вазирлигида рўйхатдан ўтказиш керак.

● Россиянинг давлат мукофотлари.

● Транспорт воситалари (машиналар, мопедлар, мотоцикллар).

● Қурол-яроғ ва ўқ-дорилар. Олиб ўтилаётганда ваколатли органларнинг рухсатномаси бўлиши зарур.

● Алоҳида идишларда 10 литрдан ортиқ бўлган ёқилғи (транспорт воситаларининг бакларидагиси ҳисобга кирмайди).

● Илмий фаолият маҳсулотлари ва давлат сирига кирувчи материаллар.

Келтирилган рўйхатдаги товарлар ҳужжат билан тасдиқланган бўлиши керак. Предметлар қонуний асосда олиб ўтилаётганини тасдиқловчи маълумотномалар ва рухсатномалар бўлиши лозим.

 

Россиядан олиб чиқиш

Қуйидагилар РФдан ташқарига олиб чиқилаётганда декларация тўлдирилмайди:

● 3 000 АҚШ долларигача бўлган нақд пул (мазкур қийматга эквивалент бўлган рубль ва валюталар). Банк карталаридаги пулларни декларациялаш керак эмас, уларнинг миқдорига доир чеклов йўқ. 10 000 АҚШ долларигача бўлган сумма декларация қилинади, бундан ортиқ нақд пулни МБнинг рухсати билан олиб чиқиш мумкин;

● 10 000 долларгача бўлган йўл чеклари;

● 5 кг гача балиқ ёки денгиз маҳсулотлари ва 250 граммгача осётр увилдириғи.

Багажни исталган вақтда, шу жумладан олиб ўтилаётган нақд пул миқдорини аниқлаш учун текширишлари мумкин. Рухсат этилганидан бир неча доллар ортиқча олиб чиқилаётгани аниқланса ҳам валютани олиб қўйишлари, баённома тузишлари ва РФ божхона қоидалари бузилганлиги юзасидан иш очишлари мумкин. Шунинг учун 3 000 АҚШ долларидан ортиқча суммани албатта декларацияга киритиш керак. Бундай чекловни четлаб ўтиш осон – бунинг учун нақд пул эмас, банк картасига эга бўлган афзал. Нақд пул кўринишида бўлмаган маблағларни ҳеч ким текширмайди.

РФдан чекланмаган миқдорда алкоголни олиб чиқиш мумкин, лекин уни бизнинг мамлакатга олиб кириш қатъий тартибга солинганини (алкоголь маҳсулоти, шу жумладан пиво – кўпи билан 2 литр) унутмаслик керак.

 


*Ҳаво транспортидан фарқ қилувчи транспортда ёки пиёда ҳолда кузатиб бориладиган ва (ёки) кузатиб борилмайдиган багажда олиб кириладиган шахсий фойдаланиш учун товарлар (этил спирти, алкоголли ичимликлар, пиво, шахсий фойдаланишдаги ажралмайдиган товарлар бундан мустасно):

2019 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар – қиймати эквивалентда 1 000 евродан ва (ёки) вазни 50 кг дан ошмайдиган;

2020 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар – қиймати эквивалентда 750 евро суммасидан ва (ёки) вазни 35 кг дан ошмайдиган;

2021 йилнинг 1 январидан – қиймати эквивалентда 500 евродан ва (ёки) вазни 25 кг дан ошмайдиган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1243 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика