Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, акциз маркасиз ёхуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган бундай маҳсулотлар олиб кирилишининг олдини олиш божхона органлари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Бекобод шаҳрининг қўшни давлат билан чегарадош ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди. Тадбир давомида М.А.нинг 5 нафар шахси номаълум шериклари иштирокида чегара тўсиқларини бузиб ўтиб, 6 та қопда Ўзбекистон акциз маркаси билан маркаланмаган, қиймати салкам 108 млн сўмлик 13 497 қути «Milano» номли тамаки маҳсулотларини олиб киришга урингани бесамар кетди.
Ҳозир бу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари ҳамкорлигида аниқланган 16 божхона қоидабузларлиги ҳолатларида 374 млн сўмдан ортиқ бўлган 39 минг қутидан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Тошкент вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.