Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 27 / Божхона

Қулай тартиб-таомиллар

 

Президентимиз ўтган йили Парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири эканини таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, экспорт-импорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон 190 та давлат орасида 175-ўринда тургани ачинарли, албатта. Айтайлик, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун Бельгияда 1 соат кифоя қилса, бизда бунга 1 ойлаб муддат сарфланади.

 

Шу вазифалардан келиб чиқиб, давлат раҳбарининг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон) қабул қилинди. Фармон билан тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайлик ва имкониятлар яратилди. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир неча турдаги рухсатномалар бутунлай бекор қилинди, лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари бирлаштирилиб, сони камайтирилди. Шунингдек, айрим рухсатномалар марказлашган тартибда эмас, балки ҳудудларнинг ўзида бериладиган бўлди.

Аниқ мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил 1 июндан бошлаб «божхона омбори», «бож олинмайдиган савдо дўкони» ҳамда «эркин омбор» фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмаган тарзда бериладиган бўлди. Илгари бундай лицензиялар божхона органи томонидан чекланган муддат – 5 йилга тақдим этилган.

Шунингдек, янги тартибга кўра, агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки бу ҳаракатни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномасини олгандан кейин 5 иш куни ичида унга лицензия бериши шарт. Авваллари эса тадбиркорлар бундай имкониятга эга эмас эди – агар мурожаатчига рад этиш тўғрисида жавоб хати етиб бормаса, у қайтадан мурожаат қилишга мажбур бўларди.

Фармон билан 2018 йил 1 июндан бошлаб божхона ишига тегишли бир қатор рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди: товарларни вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишга, йўқ қилишга, улардан давлат фойдасига воз кечишга, реэкспорт ва реимпорт қилишга доир фаолият бўйича энди тадбиркорлардан рухсатнома талаб этилмайди. Бундан ташқари, хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг республикамиз ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга ҳамда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинди. Тан олиш керак, илгари тадбиркорлик субъектлари мазкур рухсатномаларни олиш учун давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига ариза билан мурожаат қилар, бу мурожаатлар божхона органи томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилар ва натижаси бўйича тадбиркорлик субъектларига жавоб хати тақдим этилар эди. Ушбу жараёнга тадбиркорнинг камида 15 кун вақти кетарди.

Фармон қабул қилингунга қадар этил спиртининг Ўзбекистон божхона ҳудуди орқали транзити учун, республикамиз ҳудудига алюминий кукуни ва қурумини (ТИФ ТН кодлари 760310000, 760320000) олиб кириш учун ҳамда илгари ишлатилган машиналар, асбоб-ускуна ва механизмларни экспорт қилишга рухсат бериш учун тадбиркор божхона расмийлаштируви жараёнида ваколатли давлат органларининг рухсатномасини тақдим этар эди. Тегишли ҳужжат талабларидан келиб чиқиб, бу турдаги рухсатномаларни бериш ҳам 2018 йил 1 июндан бекор қилинди.

Шунингдек, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар томонидан товарларни божхона ҳудудида ва божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш ҳамда товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида Ташқи савдо вазирлигидан хулосалар олиш талаб қилинмайди. Бунга қадар давлат улуши бор корхоналар мазкур хулосаларни тақдим этгандагина товарларни божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга жойлаштириш имкониятига эга бўлар эди.

Cтатистик маълумотларга назар ташласак, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бўйича 2017 йил давомида юқорида қайд этилган рухсатномаларни олиш учун қашқадарёлик тадбиркорлардан жами 270 та мурожаат келиб тушган бўлиб, белгиланган тартибда рухсатномалар берилган. 2018 йилнинг дастлабки 5 ойида тегишли рухсатномалар олиш учун ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 110 маротаба мурожаатлар юборилган.

Хулоса ўрнида айтганда, жорий йил 1 июндан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бир қатор рухсатномаларнинг бекор қилиниши тадбиркорларга анча енгиллик бўлди. Шу аснода ортиқча қоғозбозликнинг олди олинди, беҳуда вақт ва маблағ сарфига барҳам берилди. Албатта, ушбу қулайлик ва имкониятлар юртимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига хизмат қилади.

 

Олим ҚОДИРОВ,

Қашқадарё вилоят

божхона бошқармаси

бўлим бошлиғи.

Прочитано: 145 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика