Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарори билан жами майдони 1 гектардан кўпроқ ер участкасига эга бўлган ягона солиқ тўловини тўловчилар учун ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олиб, ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартибини бекор қилиш билан бир вақтда улар учун жами майдонга ер солиғини тўлаш жорий этилган.
Ягона солиқ тўлови тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини белгиловчи яқинда қабул қилинган Низомга (АВ томонидан 16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ер майдонига эга бўлган ЯСТ тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлайдилар.
Улар уни ҳар ойнинг 10-кунига қадар ер солиғи йиллик суммасининг 1/12 қисми миқдорида тўлашлари шарт.
2018 йилда солиқ тўлови апрель ойидан бошлаб амалга оширилади. Бунда апрель ойи учун уни жорий йилнинг 10 майига қадар тўлаш зарур (Низомнинг 10-банди). Шу сабабли ЯСТ тўловчилар апрель ва май ойлари учун ер солиғини 2018 йил 10 майгача тўлайдилар.
«СБХ»нинг 10.04.2018 йилдаги 15 (1235)-сонида чоп этилган май ойи учун Солиқ тўловчининг тақвимидан фойдаланишда ушбу ахборотни инобатга олишингизни сўраймиз.