Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 19 / 9 май – Хотира ва қадрлаш куни

У урушни кўрмаган, лекин кўрсата олган эди

 

Икки ҳафта бўлдики, миллий кинематографиямизнинг атоқли намояндаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов орамиздан кетди. У киши билан «газетачилик» орқасидан бир неча марта учрашиш бахтига муяссар бўлганман, «Маҳалла», «Солиқ ва божхона хабарлари» газеталарида интервьюлар чоп этганман. Бугун тарих зарварақларида қолган ана шу суҳбатларимизни мухтасар ҳолда қайта хотирлагим келди. Шояд устознинг руҳлари шод бўлса...

 

● «Киночи бўлишимга уруш сабабчи»

Машҳур ёзувчи, Нобель мукофоти совриндори Эрнест Хемингуэй болалиги уруш йилларига тўғри келган авлодни «йўқотилган авлод» деб таърифлаган эди. 1931 йил Қўқонда зиёлилар оиласида туғилган собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Солиҳович Аббосовнинг болалик йиллари ҳам уруш даврига тўғри келган. Болалик йилларини, ўзи учун қадрли бўлган инсонларни хотирлаш – бугунги суҳбатимизнинг бош мавзуси бўлди.

 

– Шуҳрат ака, 1941 йилнинг 22 июнь кунини Сиз қандай хотирлайсиз?

– У вақтларда биз бола эдик. Косон туманининг «Муборак» совхозида ишлардик. Кўп китоб ўқишни, тенгқурларим билан кураш тушиб, ёқалашишни яхши кўрардим. Ашула айтиш, мусиқа тинглаш, ўртоқлар билан ариқ-зовурларда балиқ бўлиб сузиш – бизнинг кундалик юмушимиз эди. Ўша куни ҳам бир тўп ўртоқларим билан совхозимиздан 5-6 чақирим узоқликдаги зовурда чўмилиб, бағримизни қуёшга бериб ётган эдик. «Грузовой» машинада келиб, «болалар, тезликда совхоз идорасига боринглар, у ерда ҳозир катта мажлис бошланади» – деб эълон қилиб кетишди. Совхозга етиб келдик: тумонат одам йиғилган, совхоз директори – менинг отам мажлисда нутқ сўзлаётган эдилар. Дарҳол урушга кетадиган эркакларнинг рўйхати тузилди, ким нима иш билан шуғулланиши белгиланди, хотин-халаж увиллаб йиғлаган, болалар тўзғиган, ҳаммаси аллақандай қисқа вақтда бўлиб ўтди. Қишлоқдошларим фронтга кетиб, совхоз бир кунда ҳувиллади-қолди.

Урушни биз узоққа чўзилади деб ҳеч ўйламаган эдик. Лекин дастлабки кунларданоқ фронтда ҳалок бўлганларнинг хабари кела бошлади, «ҳамма нарса фронт учун» деб дастурхонимиздан озиқ-овқат тортилди. Шу тариқа биз урушнинг даҳшатларига секин-аста кўника бошладик.

Халқнинг кайфияти ниҳоятда тушкун эди, совхоздаги оғир ишнинг ҳаммаси хотин киши ва болалар елкасига тушган, одамлар деярли ҳар куни яқинларининг вафот этгани ҳақида хабар эшитар, кун кўриш мушкуллашиб борарди.

Мен аям Хатира Қосимхўжаева билан биргаликда бева аёлларнинг кайфиятини кўтариш, улар қалбида эртанги кунга умид уйғотиш мақсадида совхозда концертлар уюштирар эдик. Аям Москва консерваториясида ўқиб келган, ашула айтар, дуторни қойилмақом қилиб чалар, мен эса шеърлар, монологлар ўқиб, яқинларимизнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар эдик.

– Аянгиз Москвада ўқиган эканлар-да…

– Ҳа, ота-онам 1931 йилда, мен туғилишим билан Москвага таҳсил олишга кетишган. Отам зоотехника соҳасида, онам мусиқашунослик соҳасида ўқишган. 1938 йилгача шу ерда катта бўлдим. Отам менга доимо китоб совға қилар эдилар. Кейинчалик ўша ўқиган китобларимни тенгқур ўртоқларимга, майда болакайларга сўзлаб беришни жуда ёқтирар эдим. Москвада яшаганимизда отам мени зерикиб қолмасин деб, ҳар куни кинога пул берар эдилар. Ўша йилларда ниҳоятда кўп кино томоша қилганман.

– Ҳаётингизнинг кино санъати билан боғланиб қолишида ўша томошаларнинг ўрни беқиёс бўлса керак?

– Балки шундайдир. Мен итальян ёзувчиси Альберто Моравианинг китобларини кўп ўқиганман. Ёзувчи уруш йилларида яшаган, узоқ йиллар давомида шол хасталиги билан оғриб ётган. Ана шу ижодкор «Менинг ёзувчи бўлишимга уруш ва хасталигим сабабчидир» деб айтган эди. Менинг ҳам киносанъаткор бўлишимга уруш сабабчи бўлган, десам хато бўлмайди. Ўша йилларда мен халқнинг бутун ғам-андуҳларини, қайғуларини кўриб таъсирланганман. Инсоннинг ички кечинмалари, ноёб туйғуларини чуқурроқ англашим учун ўша суронли йиллар менга ҳақиқий ҳаёт мактаби даври бўлган.

Урушдан кейинги йилларда Тошкентдаги 1-сонли тиббиёт техникумининг фармацевтика бўлимида ўқидим. Қийинчилик даврларда Ҳамза амакимдан бева қолган Марьям келинойим Қўқонда яшаб туриб, мендан хавотир олган, жияним Тошкентда нима қиляпти, ёмон болаларга қўшилиб кетмадими, деган хавотирда ўша вақтларда қўлида таҳсил олаётган ўқувчиси Ҳамза Умаровга (кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти) халтада 2 та нон, магиз-туршак солиб, мендан хабар олиб келишга юборган. Техникумда мен бадиий ҳаваскорлик тўгарагида иштирок этиб, турли хил ролларни ижро этиб юрардим. Ҳамза Умаров мени қидириб келган куни ҳам саҳнада роль ўйнаётган эканман. Санъатга бўлган иштиёқимни кўрган Ҳ.Умаров мени дарҳол театр институти ректори М.Берхадский ҳузурига олиб борди. Ўша вақтларда бу институтга ўқишга кирадиганлар озчиликни ташкил этган. Мени 1949 йил сентябрида ўқишга қабул қилишди. Шу тариқа мен аввал актёрлик, кейинчалик режиссёрлик бўлимида таҳсил олишни бошладим...

– «Сен етим эмассан» фильмининг дунёга келиш тарихи ҳақида қисқача хотирлаб бергансиз...

– 1960 йили «Маҳаллада дув-дув гап» фильмим экранга чиққандан кейин, бир куни Малик Қаюмов «Энди нима устида ишламоқчисан?» деб қизиқиб қолдилар. Менга тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва у асраб олган етим болалар ҳақида суратга олган сюжетларини кўрсатдилар. Ана шу лавҳадан таъсирланиб, менда бу мавзуда бадиий фильм олиш ғояси туғилди. Фильмни суратга тушириш олдидан, табиийки, жуда кўп маротаба Шоаҳмад ота ва Баҳри ая Акрамовалар билан учрашганман, уларнинг хотиралари билан қизиққанман. Шубҳасизки, уруш ҳақидаги аччиқ хотиралар, ўзимнинг шахсий кечинмаларим ҳам фильм ғоясига сингдириб юборилган. Айтишади-ку ахир, «табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб» деб. Балки ана шу самимий ёндашув, мавзуни яхши ўрганганлигим фильм муваффақиятига бош омил бўлгандир. Шу ўринда ҳозирги кунда ишланаётган фильмларнинг зўрма-зўраки, шошма-шошарлик билан тайёрланаётганидан ачиниб кетади киши: на самимият бор, на бадиий қимматлик бор бу фильмларда. Умуман шу ёшга етиб, ўтган-кетганларни хотирлаб, умримни сарҳисоб қилар эканман, ҳар соҳада ҳам кўп ўқиш, кўп ўрганиш, ўз касбига садоқатда бўлиш керак экан деган бир қимматли хулосага келиб турибман. Мана, масалан, ҳозир Ўзбекистонда бизнес соҳасига кенг йўл очиляпти. Ишини ҳалол олиб бораётган тадбиркорлар, одатда, солиқларини ҳам ўз вақтида тўлайди, чунки у ўз соҳасининг профессионали ҳисобланади. Соҳага адашиб келиб қолган ёки юрт равнақига бефарқ бўлган одамларгина солиқ тўловларидан қочишга ҳаракат қилади, деб ўйлайман мен. Умуман айтганда, инсон қайси соҳа вакили бўлмасин, қайси касбда ишламасин, авваламбор ватанпарварлик руҳи унда жўш уриб туриши керак.

 

● Машҳур фильмнинг сценарий муаллифи асли ижодкор эмас эди

● Абдулла Қаҳҳорни «аккордний» ишлатган санъаткор

«Маҳаллада дув-дув гап» кинофильми ўзбек киночилигининг шоҳ асарларидан ҳисобланади. Унинг яратилиш тарихи, ижодкорлари ҳақида суҳбатлашиш учун фильмнинг бош режиссёри, давлат ва қатор халқаро кинофестиваллар мукофотларининг совриндори Шуҳрат Солиҳович Аббосов билан учрашдик.

 

– Шуҳрат ака, суҳбатимизни тўғридан-тўғри «Маҳаллада дув-дув гап» фильмининг дунёга келиш тарихидан бошласак.

– Бажонидил. 1959 йили «Мосфильм» қошидаги 2 йиллик Олий режиссёрлик курсларини битириб, Тошкентга қайтгач, дастлаб ишни нимадан бошлашни билмай юрдим. Москвада дунё таниган йирик кинорежиссёрлар А.Довженко, М.Ромм, И.Пирьев, ­Л.Трауберг, Г.Рошаллар мактабида таълим олгач, Ватанимда суратга оладиган илк кинофильмим ҳар томонлама муваффақиятли чиқиши лозим эди. Шу туфайли, «Ўзбекфильм»да тўпланиб ётган даста-даста сценарийларни қўлимга олиб, ўргана бошлаганимда, ажабтовур қўлёзмага дуч келиб қолдим. Бир қарашда бу сценарийга ўхшамас, балки оддий воқеа-ҳодисалар ва руҳий ҳолатларнинг қоғозга туширилган сочмалари эди. Она дарди, ёшларни қийнаётган азалий муаммолар каби инсоний кечинмаларни ёрқин ифода эта олган бу «чала сценарий», русча ёзилишига қарамай, ўзбекона руҳга ниҳоятда бой бўлиб, уни Абдулла Рамазонов деган аллақандай муаллим «Ўзбекфильм»га ташлаб кетган экан. Москвада икки йил ўқиб, ота-онаси, она тупроғи, миллий урф-одатларига ташна бўлиб келган мендек талабанинг аҳволини тушунарсиз. Қисқаси, ўзбекона ҳаёт ва турмушнинг нозик қирралари гўзал рангларда ифодаланган русча қоралама мени ўзига ром этди. Фақат уни ўзбекчага таржима қилиш лозим эди. Мен бу ишни фақат устоз Абдулла Қаҳҳор уддалай олиши мумкинлигини англадиму, у кишини қидиришга тушдим. Шу кунларда Қаҳҳор стационар касалхонада даволанаётган экан. Дарҳол бозордан майда-чуйда олиб касалхонага келдим. Ёзувчининг қўлига қўлёзмани топшириб, «Домла шуни миллий руҳда таржима қилиб берсангиз», деб илтимос қилдим. Абдулла Қаҳҳор қоғоз тўпламларини қўлига олди-ю, касалхонадан чиққанимдан кейин келарсиз, деб жавоб берди. Мен бунинг ҳеч иложи йўқлигини, суратга олиш муддати яқинлашиб қолганини тушунтирган эдим, «Майли, унда икки ҳафтадан сўнг келинг», деди. Мен бунга ҳам кўнмадим, чунки фильмни суратга олишнинг барча тадориги кўриб бўлинган, актёрлар ортиқ кута олишмаслигини билардим. «Бўлмаса, бу ишни бошқа ёзувчига топшира қолинг» деб рад эта бошлади Қаҳҳор. Мен бу ишни фақат унинг ўзи қойилмақом қилиб уддалай олишини, шунинг учун иложи бўлса, бугундан қолдирмасдан таржима қилиб беришини қаттиқ туриб илтимос қилишга ўтдим. Касалхонада даволанаётганига қарамай устоз-ёзувчи ортиқ баҳслашмади. Бироқ, сценарийнинг бутун матнини эмас, фақатгина диалогларини таҳрир қилиб беришга кўниб, икки соат деганда менга тайёр асарни тутқазди. Фильмнинг ўзбек тили иборалари, қочиримлари ва миллий калоритга бойлигидан Қаҳҳор домланинг қисқа соатлик машаққатли меҳнат маҳсулини кўриш мумкин.

– Демак, Шуҳрат Аббосовдек оламшумул асар яратиш учун ҳаётда ўзига яраша қайсарлик хусусиятлари ҳам талаб этиларкан-да?

– Мен ўзимни учар, қайсар кишилар тоифасига киритмаган бўлардим. Чунки ҳаётда анчайин уятчан, баъзида кўнгли бўшлик хусусиятларини ҳам намоён этганман. Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтида ўқиганимда, мени «камгап донишманд» ҳам дейишарди. Лекин иш устида Худо менга ўша кескинликни, устоз Қаҳҳорга нисбатан талабчанликни раво кўрмаганида, балки бу фильм ҳозиргидек умрни кўрмаган бўлармиди.

– Наҳотки, «Ўзбекфильм» студиясида тахланиб ётган сценарийлар орасидан топилган Абдулла Рамазонов деган муаллимнинг сочма асарлари Сизгача ҳеч кимни қизиқтирмаган? Умуман, А.Рамазонов аслида ким, кинодраматургмиди?

– Йўқ, А.Рамазонов қайсидир мактабнинг оддий ўқитувчиси бўлган. У рус тилини пухта билувчи ниҳоятда зиёли киши бўлишига қарамай, ҳаётда анча омадсиз, кимсасиз пиёниста эди, болалар унинг орқасидан калака қилиб кулиб юришарди. Шу дарманд кишининг ҳаётий кузатувлари, руҳий кечинмалари, муштипар онасига берган таърифлари икки йил Москвада ўқиб, ўз юртимни соғиниб келганим учун менга ажабтовур таъсир кўрсатган. Менинг илк суратга олган фильмим ҳам шундай ғайриихтиёрий омад келтиргани эсимда. «Мосфильм»даги Олий режиссёрлик курсини битиргач, биз битирувчилардан диплом иши сифатида бирорта фильмни суратга олиб топширишимиз талаб этиларди. Ўша кезларда қаердандир қўлимга тушиб қолган америкалик ёзувчи Уильям Сарояннинг мўъжазгина ҳикоялар тўплами мени қаттиқ қизиқтириб қолганди. Курсдошларимга мурожаат этиб, «Барака топкурлар, сценарийга Сарояннинг ҳикояларидан биронтасини олсаларингчи» деб тихирлик қилавердим. Менинг шилқимлигимдан фиғони чиққан курсдошларимдан бири «Шу ишни ўзинг қилавер-чи» деб қолди. Ҳеч иккиланмасдан «Филиппинлик ва маст» ҳикояси асосида ўн дақиқалик бадиий фильмни суратга олдим. Диплом ишим муваффақиятли чиқди. Лекин бу муҳими эмас. Тез орада «Известия» газетасида менинг номимга миннатдорчилик хати эълон қилинди. Яна кимнинг номидан денг – нақ Сарояннинг ўзидан! Кейинчалик америкалик бу армани ёзувчининг қабрини Арманистонга бориб зиёрат қилдим.

 

Шуҳрат Аббосов 2018 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида вафот топди. «Минор» қабристонига қўйилди.

 

Устоз санъаткорни «СБХ» мухбири Нодир АЛИМОВ хотирлади.

Прочитано: 1534 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика