Компания (ЯСТ тўловчи) харажатларни йил давомида бир маромда акс эттириш мақсадида уларни ҳар ойда ЯИТни ҳисобга олган ҳолда ходимларга йиллик мукофот резервининг 1/12 миқдорида ҳисобда тан олмоқчи.
Компания ходимларни йиллик мукофотлаш учун резерв ташкил этса, унда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
Б.Иноғомова.
– Бухгалтерия ҳисобида харажатлар ва тўловларни бир маромда харажатларга киритиш мақсадида суммаларни резервлаш 8910-«Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари» счётининг кредити ва харажатларни ҳисобга олувчи счётлар дебети бўйича акс эттирилади (Йўриқноманинг 372-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).
Ҳисобот даври якунлангандан кейин мукофотлар амалда ҳисобланганда 8910-«Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари» счёти иш ҳақи ва ЯИТни ҳисобга олувчи счётларга ёпилади. Ушбу счётда қолган фойдаланилмаган маблағлар корхона даромадига (9390-«Бошқа операцион даромадлар» счёти) ўтказилади ва бошқа даромадлар қатори ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади (Йўриқноманинг 373-банди).
Амалда мукофотлар ҳисобот йили тугагунча ҳисобланса, ортиқча ҳисобланган суммалар 8910-счётда мукофотлашга ҳисобланган харажатларни камайтирган ҳолда сторно қилиниши мумкин. Бу ҳолда 8910-счёт нолга тенглаштирилади ва бошқа операцион даромадлар кўринишидаги ЯСТ солиш объекти юзага келмайди.
Солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (ҳисоблаб ёзиш усули) (Солиқ кодексининг 39-моддаси). Тегишинча, йиллик мукофот амалда ҳисобланган пайтда ЯИТ, суғурта бадаллари, ЖШДС ва ШЖБПҲ бўйича солиқ оқибатлари юзага келади.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.