9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан бир гуруҳ мактаб ўқувчилари Булоқбоши тумани Учтепа маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 95 ёшли Абдуғани ота Ғаффоров хонадонида бўлди. Кўксини орден ва медаллар безаб турган отахон ёшларга суронли уруш йиллари хотираларидан сўзлаб берди:
– 1941 йил кузда, 18 ёшимда кўнгилли бўлиб юрт ҳимоясига жўнаб кетганман, – дейди Абдуғани ота. – Украина, Беларусь, Польшадаги жангларда қатнашиб, ғалабани Германияда кутиб олдим. Урушда не-не азобу машаққатлар бўлмади, дейсиз. Эҳ-ҳе, қанча сафдошларим кўз олдимда ҳалок бўлди. Ҳисобини биргина Аллоҳ билади. Жанггоҳларда инграб ётган ярадорлар, оч, юпун, ота-онасиз қолган болалар, вайрон бўлган шаҳару қишлоқлар хотирамдан ўчмайди. Очиғи, шундай кезларда урушдан соғ-омон қайтишига ҳеч ким ишонмайди. Насиба экан, бугунгидай дориломон кунларни ҳам кўрдим. Тинч-осойишта, фаровон кунларнинг қадрига етинг. Яхши ўқинг, сидқидилдан ишланг. Мана шу сизнинг улуғ неъматлар қадрига етганингиз бўлади.
Дарҳақиқат, Абдуғани отанинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибрат мактаби. Урушдан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. Аёли билан 8 фарзандни тарбиялаб, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар қилиб вояга етказди. Бугун 36 набира, 71 чевара ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлардан кўнгли тоғдек ўсаётганини таъкидлайди.
– Инсон ҳалол меҳнати, эзгу ишлари туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади, – дейди Абдуғани ота. – Бугунги ёшлар мана шу ҳаётий ҳақиқатни яхши билиши, ҳамиша эзгуликка интилиб яшаши, юрт равнақи, халқ осойишталиги учун фидойи бўлиши керак.
ЎзА асосида.