Улгуржи савдо билан шуғулланамиз. Бизга импорт контракти бўйича юк келиб тушди. Номаълум сабабларга кўра божхона органи уни дастлабки божхона декларацияси бўйича ТД-40 (шартли чиқариш) божхона режимида расмийлаштирди.
Ушбу товарни сота оламизми?
Н.Тяпкина,
бухгалтер.
– Ҳа, бу ҳолда товарни сотиш мумкин.
Агар декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан берилиши мумкин.
Тўлиқ бўлмаган БЮДга декларант ёки божхона брокери ёзма мажбуриятни илова қилади. Яъни божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида алоҳида маълумотларни тақдим этиш учун бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, у тўлиқ бўлмаган БЮД божхона органи томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган БЮДни тақдим этиши керак.
Тўлиқ бўлмаган БЮД қўлланилган ҳолда декларациялашда лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси аввал бошда берилганидаги каби божхона органларининг зиммасига қонун ҳужжатларининг қайси талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган бўлса, ўша талаблар ва шартлар, шу жумладан, божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади (БКнинг 269-моддаси).
Шу тариқа, ТД-40 режимида расмийлаштирилган товарни юқорида кўрсатилган муддатларда «Эркин муомалага чиқариш» (ИМ-40) режимида мажбурий декларация тўлдириш шарти билан сотишга ҳақлисиз.
Мажбурий сертификатланадиган товарга уни сотгунга қадар мувофиқлик сертификати олиш зарур.
Александр ЛОБАНОВ, «Norma» МЧЖ эксперти.