Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 17 / Бухгалтерга тавсиялар

Мол-мулкни ходимга сотамиз

 

Ташкилий техника ёки офис мебелини янгиладингизми, автомобиль сотиб олдингизми? Ҳаммаси янгиланди, бироқ эскисини нима қилиш керак? Мол-мулкни ходимларга сотиш – мақбул вариант. Кераксиз бўлиб қолган, бироқ ҳали фойдаланишга яроқли мол-мулкнинг харидорини излашга ҳожат қолмайди.

Мол-мулк ходимга сотилганда ҳужжатларни қандай расмийлаштириш, операцияни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш кераклигини, солиқ оқибатлари қандай бўлиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

 

Олди-сотди битимлари асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Солиқ ва Меҳнат кодекслари билан тартибга солинади.

Бундай битимларнинг тарафлари корхона (сотувчи) ва ходим (сотиб олувчи) ҳисобланади.

 

Операцияни расмийлаштирамиз

Мол-мулкни ходимларга сотишни ҳужжатлар билан расмийлаштиришнинг 2 варианти мавжуд:

● олди-сотди шартномаси;

● раҳбар имзо чеккан ходимнинг аризаси.

Одатда, мол-мулк олди-сотди шартномаси асосида сотилади. Ушбу шартнома бўйича сотувчи товарни сотиб олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 386-моддаси 1-қисми).

2 нусхада ёзма олди-сотди шартномасини тузинг. Шартномада ходимга сотилаётган мол-мулкни тавсифланг. Товарнинг инвентарь, идентификация рақамлари, буюм паспорти ва ҳ.к. бўлса – буларнинг барини шартномада кўрсатинг. Шунингдек мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиш ва ҳисобварақ-фактурани имзолашни унутманг.

Ходимнинг аризаси олди-сотди шартномасининг ўрнини босиши мумкин. Бунда бир қатор шартларни бажариш зарур. Аризада:

√ ходим сотиб олмоқчи бўлган мол-мулк аниқ идентификацияланиши керак. Яъни инвентарь ва бошқа рақамлари қайд этилган мол-мулкнинг аниқ номи;

√ сотиб олиш баҳосини кўрсатиш ва ушбу баҳога ҚҚС ва акциз солиғи киритилган-киритилмаганлигини албатта қайд этиш лозим;

√ сотиб олувчи ходимни идентификацияловчи маълумотлар: Ф.И.О., паспорт маълумотлари, СТИРни кўрсатиш зарур.

Аризани ташкилот раҳбари ёки бундай ваколатларга эга бўлган бошқа шахс имзолаши керак. Ёки аризада кўрсатилган шартларда сотишни расмийлаштирадиган алоҳида буйруқ чиқариш лозим.

Бу ҳолда ходимнинг аризаси оферта ҳисобланади (ФКнинг ­367-моддаси). Раҳбар имзоси ёки буйруқ – акцепт (ФКнинг 370-моддаси). Амалиётда бундай ҳолатлар жуда кам учрайди.

 

«Идеал» МЧЖ директори

Нуриев М.М.га

кадрлар бўлими инспектори

Ишимбетова И.Р.дан

 

АРИЗА

 

Менга ёзув столини (инвентарь рақами 8315) ҚҚСсиз 1 000 000 (бир миллион) сўмга сотишингизни сўрайман.

 

Ишимбетова Илмира Равильевна.

Манзили: Тошкент ш., Гулшан кўч., 1/1.

Паспорт: АА 0123456

Тошкент ш. Олмазор ТИИБ томонидан

01.08.2014 йилда берилган

СТИР: 583000633.

 

Ходимга кўчмас мулк ёки автотранспортни сотиш чоғида бундай шартномани нотариал тасдиқлаш зарур. Кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномаси кадастр ва кўчмас мулк давлат корхонаси томонидан, ходим сотиб олган автотранспорт эса – ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

 

Тўловни қабул қиламиз

Ходим турли усуллар билан харид ҳақини тўлаши мумкин.

1. Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш. Бу тарафлар учун энг қулай вариант. У пул тушишини кафолатлайди ва нақд пул билан қандайдир қўшимча операциялар бажаришни талаб қилмайди. Бунинг учун ходим шартнома суммасининг камида 15%и миқдорида олдиндан тўловни тўлаши зарур (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармоннинг 1-банди). Сўнгра у сотиб олинган мол-мулк учун қарз суммасини унинг иш ҳақидан ушлаб қолишни сўраб раҳбар номига ариза ёзади.

Ходим олиниши лозим бўлган бутун суммани қарз тўлиқ сўндирилгунга қадар ушлаб қолишларини сўраши мумкин. Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозимлиги (МКнинг 164-моддаси 3-қисми) ҳақидаги талаб бундай ушланмаларга тааллуқли эмас.

Ходимнинг илтимосини қаноатлантиргач, ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш муҳим. Шартнома ёки оферта бўлмаган тақдирда бу меҳнат ҳақини натура шаклида тўлашдек кўринади, бундай қилиш эса тақиқланган (МКнинг 153-моддаси 2-қисми). Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-4-моддаси).

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бундан мустасно. Улар иш ҳақини натура шаклида ўзлари етиштирган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан шартномавий нархларда беришга ҳақлилар. Бу ҳолда ходим бунга хоҳиш билдириши, у тегишли ариза билан расмийлаштирилиши ҳам керак (ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон қарорининг 1-банди).

 

2. Корхона кассасига нақд пул тўлаш.

 

Эътибор беринг!

Ходимларга товарлар ёки тайёр маҳсулотларни нақд пулга сотиш НКМ мажбурий тартибда қўлланган ҳолда амалга оширилади (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова). НКМни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик учун корхонага ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солинади. Ушбу ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин 1 йил ичида содир этилганда ЭКИҲнинг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Солиқ кодексининг 119-моддаси).

Ходимларга корхонанинг асосий воситалари ёки материалларини сотиш савдо фаолияти ҳисобланмайди. Корхона кассасига нақд пуллар кирим касса ордери билан қабул қилинади. Кассир шу куниёқ бу пулларни хизмат кўрсатувчи банкка эълонни расмийлаштирган ҳолда топшириши керак.

3. Корхонанинг савдо терминали орқали банк пластик картаси билан ҳақ тўлаш. Бунинг учун корхонада савдо терминали бўлиши зарур. Бироқ у ҳаммада ҳам бўлмайди. Фақат аҳолига товарлар, ишлар ва хизматларни сотувчи корхоналар унга эга бўлиши шарт (15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон қарорнинг ­1-банди).

4. Корхонанинг счётига нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан пул ўтказиш. Бундай усул ходим учун унча қулай эмас. У корхона берган шартнома билан банкка келиши, пул ўтказиш учун барча ҳужжатларни тўғри тўлдириши, кейин эса корхона счётига пул келиб тушишини кутиши керак бўлади.

 

Бухгалтерия ҳисобида акс эттирамиз

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Ходимга тайёр маҳсулот сотилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»

 

Ходимга товарлар сотилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»

 

Ходимга асосий воситалар сотилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Ходимга материаллар сотилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Ходим сотиб олган мол-мулкнинг ҳақи тўланди

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»;

5710-«Йўлдаги пул
маблағ (ўтказма)лари»;

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Сотилган мол-мулк учун қарз суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

4790-«Ходимларнинг

бошқа қарзлари»

 

 

Солиқларни тўлашда олинган маблағларни ҳисобга оламиз

ЖШДС

Тайёр маҳсулот ёки товарлар таннархидан ёки олиш нархидан паст нархда сотилганда ходимда моддий наф тарзидаги даромад юзага келади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 3-банди). Бунда сотилаётган мол-мулкка акциз солиғи ёки ҚҚС солинса, бундай мол-мулк қийматида моддий наф тарзидаги даромадни ҳисоблаш учун акциз солиғи ва ҚҚСнинг тегишли суммаси ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. Корхона электр гўшт қиймалагич ишлаб чиқаради. Таннархи 500 минг сўмни ташкил этади, ходимга 400 минг сўмга сотилмоқда. Сотиш нархи билан таннарх ўртасидаги 100 минг сўм миқдоридаги салбий тафовут ходим учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади ҳамда унинг жами даромадига қўшилади.

Корхона ҚҚС тўловчиси бўлса, моддий наф тарзидаги даромад ҚҚС қўшилган товар таннархи асосида аниқланади. Яъни у 200 минг сўмни ташкил этади (500 минг сўм (таннарх) + 500 минг сўм х 20% (ҚҚС) – 400 минг сўм (сотиш нархи)).

Корхона ходимга асосий воситалар ёки материаллар сотаётган бўлса, сотиш нархидан қатъи назар, ЖШДС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ЯСТ

ҚҚС ва акциз солиғини чегирган ҳолда ходимга сотилган тайёр маҳсулот ёки товарлар учун ундан олинган сумма – товарларни сотишдан тушум (Солиқ кодексининг 130-моддаси 1-қисми, 355-моддаси 2-қисми 1-банди). У ЯСТ солинадиган объект ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 1-қисми).

Корхона ходимга тайёр маҳсулот ёки товарни таннархидан ёки олиш нархидан паст нархда (олиш харажатларини ҳисобга олиб) сотиши мумкин. Бироқ бунда солиқ солиш мақсадида таннарх ёки олиш нархи (олиш харажатларини ҳисобга олиб) тушум деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 130-моддаси ­11-қисми, 355-моддаси 2-қисми ­9-хатбошиси).

 

МИСОЛ. Корхона стул ишлаб чиқаради. 1 та стул таннархи 200 минг сўмни ташкил этади, ходимга 170 минг сўмга сотилмоқда. Бу ҳолда ЯСТ ёки фойда солиғи солиш мақсадида 200 минг сўм тушум деб тан олинади.

Ходимнинг 30 минг сўмни ташкил этувчи моддий наф тарзидаги даромади фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди).

 

Асосий воситалар ёки материалларни сотишда солиқ солиш объекти чиқиб кетишдан кўриладиган натижага боғлиқ. Активнинг чиқиб кетиши фойда келтирса, даромад бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-қисми 1-банди, 355-моддаси 2-қисми 2-банди). ЯСТ тўловчилар учун бошқа даромадларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

 

МИСОЛ. ЯСТ тўловчи ишлаб чиқариш корхонаси ходимга «Матиз» автомобилини сотаяпти. Сотиш нархи – 5 000 минг сўм, автомобилнинг тикланиш қиймати – 40 000 минг сўм, жамғарилган эскириш – 38 000 минг сўм, қайта баҳолаш сальдоси – 4 500 минг сўм.

Автомобилнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа 7 500 минг сўм (5 000 + 38 000 + 4 500 – 40 000).

2018 йилда ишлаб чиқариш корхоналари учун ЯСТ ставкаси 5%ни ташкил этади (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 9-1-илованинг 1-банди). Автомобилнинг чиқиб кетишидан 7 500 минг сўм миқдоридаги фойда бошқа даромадларга киритилади ва унга 5%лик ставкада ЯСТ солинади. Ушбу операциядан ЯСТ 375 минг сўмни ташкил этади.

 

Қуйидагилар зарар билан чиқиб кетганда фойда солиғини тўловчилар учун солиқ оқибатлари:

√ 3 йилдан ортиқ фойдаланилган асосий воситалар – чегириладиган харажат (Солиқ кодексининг 145-моддаси 40-банди «ж» кичик банди);

√ 3 йилдан кам фойдаланилган асосий воситалар – чегирилмайдиган харажат (Солиқ кодексининг ­145-моддаси 24-банди);

√ материаллар – чегирилмайдиган харажат (Солиқ кодексининг ­145-моддаси 24-банди).

Материаллар ва асосий воситалар зарар билан чиқиб кетганда ЯСТ тўловчилар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

МИСОЛ. Автотранспортни таъмирлаш билан шуғулланувчи корхона ходимга ноликвид эҳтиёт қисмларни сотмоқда. Сотиш нархи – 3 000 минг сўм, эҳтиёт қисмларнинг баланс қиймати – 5 000 минг сўм. Уларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа – 2 000 минг сўм миқдоридаги зарар. Солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

Акциз солиғи

Ходимга акциз тўланадиган товар сотилганда корхонада акциз солиғини тўлаш мажбурияти юзага келади (Солиқ кодексининг 230-моддаси 1-қисми 1-банди).

 

МИСОЛ. Корхона истеъмолбоп ўсимлик пахта ёғи ишлаб чиқаради. 2018 йил март ойида корхона ходимларига 500 кг маҳсулот сотилди.

2018 йилда 1 т истеъмолбоп ўсимлик пахта ёғига акциз солиғи ставкаси – 459 724 сўм.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғи суммаси 229 862 сўмни (459 724 / 1 000 х 500) ташкил этади.

 

ҚҚС

Олди-сотди шартномасини тузиш чоғида шартнома суммаси ҚҚСни ўз ичга олиш-олмаслиги аниқ кўрсатилади.

Ходимларга материаллар, товарлар ёки тайёр маҳсулот сотиш реализация қилиш ҳисобланади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-қисми ­1-банди). Шу сабабли ҚҚС тўловчилар ҚҚСни ҳисоблашлари ва бюджетга тўлашлари керак бўлади.

 

МИСОЛ. ҚҚС тўловчи корхона корпусли мебель, шу жумладан ёзув столлари ишлаб чиқаради. ҚҚСни ҳисобга олганда ходимга столни сотиш қиймати 1 200 минг сўмни ташкил этади. Стол таннархи – 900 минг сўм. Бюджетга тўланадиган ҚҚС – 200 минг сўм (1 200 / 120 х 20).

 

Акциз тўланадиган товарлар бўйича акциз солиғи суммаси ҳам солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 7-қисми).

 

МИСОЛ. Корхона заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2018 йил февраль ойида ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда қиймати 2 400 минг сўмлик олтин узук ходимага сотилди. Узук таннархи 1 100 минг сўмни ташкил этади.

ҚҚС суммаси – 400 минг сўм (2 400 / 120 х 20).

Бу ҳолда акциз солиғи суммаси 400 минг сўмни (2 000 / 125 х 25) ташкил этади.

ҚҚС ва акциз солиғи ҳисобга олинмаганда узук нархи – 1 600 минг сўм (2 400 – 400 – 400).

 

Корхона ходимга тайёр маҳсулот ёки товарни таннархидан ёки олиш нархидан паст нархда (уларни олиш харажатларини ҳисобга олиб) сотиши мумкин. Бу ҳолда ҚҚС учун солиқ солинадиган база таннарх ёки олиш нархидан (олиш харажатларини ҳисобга олиб) келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 2-қисми).

 

МИСОЛ. ҚҚС тўловчи корхона корпусли мебель, шу жумладан кийим учун шкаф ишлаб чиқаради. Шкаф ходимга 1 000 минг сўмга сотилди. Шкаф таннархи 1 100 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳолда бюджетга 220 минг сўм (1 100 х 20%) тўлаш зарур.

 

Ходимга асосий воситалар сотилганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҚҚСни ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 8-қисми).

 

МИСОЛ. ҚҚС тўловчи ишлаб чиқариш корхонаси ходимга «Матиз» автомобилини сотмоқда. Сотиш нархи – 5 000 минг сўм, автомобилнинг тикланиш қиймати – 40 000 минг сўм, жамғарилган эскириш – 38 000 минг сўм, қайта баҳолаш сальдоси – 4 500 минг сўм.

Бу ҳолда ҚҚС суммаси 500 минг сўмни (5 000 – (40 000 – 38 000)) / 120 х 20) ташкил этади.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 383 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2018-05-20 11:37:39, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика