Norma.uz

ХУМШсиз уйлар капитал таъмирлашга кредитлар олмоқда

 

Тошкентдаги ХУМШ ташкил этилмаган 22 та кўп квартирали уй (ККУ) капитал таъмирлаш учун кредитлардан фойдалана олади. Юнусобод мавзесининг 19-даҳасида фаолият юритувчи «Кафолат Таъмир» профессионал бошқарувчи компанияси (БК) ана шундай имконият билан таъминлайди. У мазкур уйларга тўлиқ хизмат кўрсатади. Бугунги кунда у ХУМШсиз кўп қаватли уйларга кредит маблағларидан фойдаланиш, шунингдек 2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастурида (24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарор билан тасдиқланган) иштирок этиш имконини берувчи пойтахтдаги ягона БК ҳисобланади.

Фуқаролик ва Уй-жой кодексларида турар жойлар мулкдорларининг юридик шахс (ХУМШ) ташкил этмасдан умумий мол-мулкни бошқариши вариантига йўл қўйилган. Бу ҳақда «Норма маслаҳатчи» газетасининг 6.03.2018 йилдаги 10-сонида, шунингдек бошқа сонларимизда батафсил ёзган эдик.

Бироқ қонун ҳужжатлари тартибга солинмаганлиги сабабли уларнинг кредит олишлари, Дастурда иштирок этишлари мушкул.

Бу уй хўжалигини шу тариқа бошқариш усулини танлаган квартира соҳибларида саволларни юзага келтиради. Кўпчилик ҳаққоний равишда чекловларни асоссиз, уларнинг ҳуқуқларини камситувчи деб ҳисоблайди. Зеро улар кўп квартирали турар жой фондига кирувчи худди шундай уйларда яшайдилар. Давлат томонидан ККУни сақлаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган кўмак чоралари уларни четлаб ўтмаслиги керак. ХУМШсиз уйлар учун бошқарувчи компания томонидан қарз маблағлари олиниши амалиёти – капитал таъмирлаш масалаларини ҳал қилиш имконини берувчи тажриба.

БК бундай уйлар учун кредитларни ширкатлар ўз аъзолари бўлган кўп қаватли уйлар учун қилганидек расмийлаштиради. ККУ аҳли қарз маблағларини қайтара олмаслик хатари боис улардан фойдалана олмайдилар. Кредитларсиз эса капитал таъмирлаш режаси бир неча йил кейинга, аҳоли етарли маблағ тўплагунга қадар сурилиб бораверади. Мазкур ҳолатда «Кафолат Таъмир» БКнинг самарали фаолияти, унинг амалий нуфузи, кўп қаватли уйларни лозим даражадаги техник ҳолатда сақлай олиши кредитлардан фойдаланиш имконини таъминлайди. Бу билан у кредиторлар учун ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлади. Бадал миқдорининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, шунингдек мулкдорларнинг тўлов интизоми – бу ҳам компания ишининг натижасидир – қарз маблағлари қайтарилиши кафолати саналади.

 

Дебоча

Илк ХУМШсиз уйлар 2006 йилда БК қаноти остига келди. Мамлакатда ширкатлар ташкил этила бошлаганда уларга ушбу соҳа вакиллари эмас, балки шифокорлар, педагоглар, ҳарбийлар, савдо ва бошқа соҳа ходимлари келди. Кўпчилик уй – мураккаб муҳандислик-техника объекти эканлигини, одамлар билан ишлаш эса кўп куч, тоқат, жонбозлик, муносабат ўрната олиш маҳоратини талаб қилишини тасаввур ҳам қилмас эди. Илк босқичда ширкатларнинг аксарият раҳбарлари уй хўжалигидаги муаммоларни ҳал қила олмадилар. Бир-икки йил ўтганидан кейин ҳаммасини ташлаб кетардилар. Уйларга хизмат кўрсатилмай қўйилганидан улар тобора аянчли ҳолатга тушиб борар эди. БК ширкатларга тўғри ва самарали ишлашда кўмаклашиш мақсадида 2001 йилда тузилди.

Кишки қаҳратон арафасида тақдир измига ташлаб қўйилган уйлар аҳолиси вакиллари БКга келиб, кўп қаватли уйларига тўлиқ хизмат кўрсатишни сўрадилар. «Кафолат Таъмир» БК директори Лариса Привалова уларга ХУМШсиз хизмат кўрсатиш вариантини таклиф этди. Мулкдорлар умумий йиғилишда уларни ташкил этмаслик тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилдилар. Баённомада уларга БК тўлиқ хизмат кўрсатишини ҳам қайд этдилар. У билан умумий мол-мулкни сақлаш хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш учун ҳар бир уйдан умумий йиғилиш ваколат берган мулкдорларни (уйбошиларни) сайладилар. Ҳар бир уйдаги квартира соҳиблари имзолаган қарорлар баённомалари нусхаларини БКга топширдилар.

Қонун ҳужжатларида талаб қилинганидек, мулкдорларнинг 100 фоиз розилиги билан, айниқса жорий масалалар мунтазам юзага келиб турганда, қарор қабул қилишга эришиш жуда мушкул. Шу сабабли уйбошилар БК бошқаруви аъзолари ҳисобланадилар, у мазкур масалаларни тезкор ҳал этади. Уй аҳлини умумий йиғилишларга тўплаш ҳам қийин. Ишончномалар бўйича мулкдорлар номидан, йиғилишларда уларнинг манфаатларини ифодаловчи уйдаги квартира соҳиблари гуруҳи овоз беради. Ишонч билдирилган шахслар ва уйбошилар қарорлар ҳақида уй эгаларига маълум қиладилар. БК йилига 2–3 марта, мактабда, 22 та уйнинг барчаси учун, зарурат бўлганда – алоҳида уй аҳли учун ҳисобот йиғилишларини ўтказади.

Айни пайтда компания ХУМШ ташкил этилмаган 2 та тўққиз қаватли ва 20 та беш қаватли уйга хизмат кўрсатмоқда. Улардаги квартираларнинг умумий сони 2 312 тани ташкил этади. Бундан ташқари, БК яна 2 та ХУМШга хизмат кўрсатади.

 

Катта режалар йўлида

Бошқарувчилар ишлар режалари, сметалар тузиладиган, устувор вазифалар белгиланадиган йил бошида қарз маблағларига эҳтиёж бор-йўқлигини аниқлаб оладилар. Улар квартира соҳибларининг умумий йиғилишлари қарори билан тасдиқланади. Сўнгра БК бошқаруви ХУМШ каби кредит олиш учун ҳужжатлар пакетини йиғади. Суғурта компанияси билан ҳам шартнома тузади. «Кафолат Таъмир» кредитларни қайтаришда ҳеч қачон муддатни ўтказиб юбормаган. Уй аҳли бадаллари БКнинг Савдогарбанкдаги умумий ҳисоб-китоб счётига келиб тушади. Худди ХУМШдаги сингари бадалларнинг бир қисми кредитларни сўндириш учун депозит счётга ўтади. Ажратмалар миқдори ҳисобланмаларнинг 40%ини ташкил этади. Айни пайтда аҳоли илгари 5 йилга 9% билан олинган қарз маблағларини тўлаяпти. Ҳозир эса уларни 10 йилга 14% билан бермоқдалар. Беш қаватли уйларда мажбурий бадал миқдори 1 кв.м учун 600 сўм, тўққиз қаватли уйларда 1 кв.м учун 700 сўмни ташкил этади. Нотурар жойлар мулкдорлари 1 кв.м учун 1 000 сўм тўлайдилар. Тўлов интизоми анча юқори. Бироқ ҳар бир уйда бадалларни ўз вақтида тўламайдиган 1–2 та мулкдор топилади. Улар асосан аҳолининг ижтимоий ночор тоифасидан бўлади.

– ХУМШсиз уйлар учун кредитларни 5 йилдан бери оламиз, – дейди Лариса Привалова. – Улар учун қарз маблағларининг умумий ҳажми 1 млрд 300 млн сўмни ташкил этди. Ярмидан ортиғини тўлаб бўлдик. Аввалбошдан уларни томни таъмирлаш учун олган эдик, уни фольгоизол билан қопладик. Сўнг кодли қулфлар, Akfa ромларини ўрнатиш, йўлаклар, ертўлаларни таъмирлаш, йўлакларга кираверишда соябонлар, видеокузатув камералари ўрнатиш, ҳудудни ободонлаштириш учун қарз олдик. Кредитлар ҳисобига ишларни бажаришда давом этяпмиз. Бизнинг беш қаватли уйларимиз «кемалар»: улкан кўп йўлакли уйлар эканлигини ҳисобга олиш лозим. Энг кичиги – 6 та йўлакли. Шу сабабли олинган қарз маблағлари етарли эмас. Аҳоли истагини инобатга олган ҳолда ушбу ишни давом эттирамиз. Май ва июнь ойларида 2 та кредитни тўлиқ қоплаймиз, сўнг янгисини олиш учун ҳужжатларни тайёрлаймиз. Бошқа уйларда соябонлар, видеокузатув камералари ўрнатишни якунлаш, йўлаклар, ертўлаларни таъмирлашда давом этиш, том ёпиш материали захирасини таъминлаш истагидамиз. 5 йил давомида ушбу уйларда катта ҳажмдаги ишлар бажарилганлиги туфайли алоҳида муаммо туғилмайди.

 

Бадаллар, маълумотномалар, ижтимоий ёрдам

Аҳоли умумий мол-мулкни сақлашга бадалларни Ўзсавдогарбанк туман филиали касса очган БК офисида тўлайди. Бухгалтерия квитанция ёзиб беради, кишилар ўзлари учун қулай усулда: нақд пул, пластик карта, иш ҳақидан маблағ ушлаб қолиниши орқали ҳақ тўлайдилар. Мажбурий бадаллар ва коммунал тўловлардан ташқари, касса исталган турдаги хизматлар учун ҳақни қабул қилади, бу кишилар учун жуда катта қулайлик яратади. Ҳар шанба куни соат 9 дан 12 гача бошқарувчи компания коммунал хизматлар ходимларига компания офисида аҳолини қабул қилиш учун имкон беради. БК бухгалтерияси мажбурий бадаллар бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда маълумотномалар беради.

Мулкдорларнинг бадаллари қандай сарфланади? БК хизматлари ҳақи ҳисобланмаларнинг 33%ини ташкил этади. Бадалларнинг 40%и кредитларни сўндириш учун депозитга ўтказилади. 27%и – жорий хизмат кўрсатишга (электр энергияси, супуриндиларни олиб чиқиб кетиш ҳақи, авария ҳолатлари ва бошқалар).

Аҳоли ташвиши билан машғул уйбошилар ишини рағбатлантириш мақсадида умумий йиғилиш қарори билан улар ойлик бадаллар тўлашдан озод қилинган. Йилда 2 марта – Наврўз ва Ўзбекистон Мустақиллиги кунига атаб уйбошиларнинг тавсиясига кўра ижтимоий ночор тоифага мансуб мулкдорларнинг мажбурий бадаллар бўйича қарзи тўлиқ ёки 50% миқдорида ҳисобдан чиқарилади. Ижтимоий ёрдамнинг бундай шакли квартира соҳибларининг розилиги билан амалга оширилади.

 

Нуқтаи назар

Бошқарувчи компаниянинг ХУМШ ва у ташкил этилмаган уйларга хизмат кўрсатишида фарқ борми?

– Катта фарқ йўқ, – дейди Лариса Привалова. – Иккала ҳолатда ҳам одамлар шинам уйда яшашни хоҳлайди. Сақлаш учун маблағ жалб этиш лозим бўлган уйлар ҳам ўша-ўша. Бунинг учун мулкдорларга ўз вақтида бадаллар тўлаш мажбурияти худди шундай юклатилади. Моҳиятан олганда, бошқарувчи компания ХУМШсиз уйлар учун йириклаштирилган ширкат ҳисобланади. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун – мен учун дастуриламал. Уй соҳиблари ўз бошпаналарини сақлаш ҳақида қайғурмайдилар, бу катта ютуқ. Муҳими, «Кафолат Таъмир» – профессионал компания. Бу сифат, масъулият демак. Штатда 22 киши ишлайди. Ўз ишлаб чиқариш базамиз, устахоналаримиз, ускуна ва жиҳозларимиз, токарлик цехи, қурилиш материаллари сақланадиган омборимиз бор. Барча ишларни компания ходимлари бажаради, у малакали мутахассислар жамоасидир. Иш сифатли бўлиши учун фақат цемент тортишга пудратчиларни ёллаймиз.

ХУМШсиз уйлар билан тўғридан-тўғри ишлаш фойдалироқ, – дея давом этади БК директори. – Аҳоли учун уларда штат йўқлиги афзаллик ҳисобланади. Кам сонли ходимлар билан 22 та уйга (2 312 та квартирага) хизмат кўрсатишимиз ҳам наф келтиради. Демак – БК хизматлари ҳақига кам харажат қилинади, мулкдорлар маблағлари тежалади. Зеро ширкатларда ҳисобланмаларнинг 50%га яқини кўп қаватли уйларни сақлашга эмас, балки ходимларнинг маошига сарфланади. 2–3 та уйни сақлаш учун улар камида 6 кишидан (фаррош, бошқарув раиси, сантехник, пайвандчи, электрик) иборат штат тузадилар. Бизнинг БК тўлиқ хизмат кўрсатиши учун 33% сарфланади. ХУМШсиз уй аҳлида ишларни бажаришга кўпроқ пул қолади, бадал унчалик ошмайди. Бошқача айтганда, кам сонли штат ходимлари билан камроқ бадал ҳисобига кўпроқ хизмат кўрсатамиз. Бу уйлар ХУМШга бирлашганда, шунча ҳажмни бажара олмас эдик – уларнинг харажати кўпроқ бўлар эди. Аввалига «Кафолат Таъмир» ширкатлар билан шартномалар тузар эди. Ўшанда тўлиқ хизмат кўрсатишимиз 20%ни ташкил этарди. Биз ишларни бажарар, улар эса биз билан ҳисоблаша олмас – маблағи йўқ эди. Бу эса БК учун зарардан бошқа натижа келтирмас эди.

Яна бир жиҳат, – дейди Лариса Николаевна. – Кимдир гапимга қўшилмаслиги мумкин, бироқ бир уйли ширкатлар аввалбошдан зарар кўриб ишлашга маҳкум деб ҳисоблайман. Яшаб қолишлари учун кредит олишлари, катта миқдорда бадал белгилашлари керак бўлади. Кўпинча авария ҳолатлари юзага келади, маблағ йўқлиги боис бу муаммони тез ҳал эта олмайдилар. Ечими – бир нечта уйни ХУМШга бирлаштириш, кредит бўлган тақдирда ҳам таъмирлаш чоғида бадалларни қайта тақсимлаш. Ёки штат ташкил этмай, аввалбошдан ният қилинганидек, БКга хизматларни буюртириш лозим. БКни олсак, смета ва бадал миқдорини қанчалик аниқлик билан ҳисобламайлик, амалда барибир қандайдир кўзда тутилмаган ҳолатга тўқнаш келамиз. Бунда қарз олмасдан ишни битириб бўлмайди. Бироқ йил охирида ҳар битта уй сметада белгиланган параметрларга мувофиқ келади.

Нималар ғов бўлиши ҳақида ҳам гапириб ўтмоқчиман. Уй-жой фондини назорат қилувчи тузилмалар жуда кўп, ҳар бири ўзиникини маъқуллайди. Буни ширкатлар ҳам, БК ҳам ўзида ҳис этади. Уларнинг ишига аралашув фойда келтирмайди. Президентнинг ПҚ-2922-сон қарори билан 2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури амалга оширилмоқда. Унда назарда тутилганидек, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари бюджет маблағлари ҳисобига бажарилади. Бироқ амалда кўпинча улар ширкатлар гарданига юклатилади. Бу Президент қарори қандай бажарилаётганлиги масаласи. Мамлакатимизда УКХ соҳаси ислоҳ қилинмоқда. У умидларимизни оқлаб, ККУни бошқаришдаги кўплаб муаммоларни ҳал этишда кўмак беришига ишонгимиз келади.

 

Ҳар бир уйнинг ўз жиҳати бор

Лариса Привалова, маълумоти бўйича иқтисодчи, тажрибали, ишнинг кўзини биладиган мутахассис. Қарийб 30 йилдан бери УКХ соҳасида фаолият юритади. Доим ўзгаришлар нафасини ҳис этиб ишлайди, уй-жой фонди бошқарувини йўлга қўйишнинг барча босқичларидан ўтган. Аввалига ЖЭКда, кейин эса кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи ижара корхонасида иш олиб борган. Пойтахтда биринчилар қаторида бошқарувчи компанияни ташкил этиб, ХУМШни бошқарган ва бошқариб келмоқда. Улкан тажриба ва амалий кўникмага эга! Олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

«Кафолат Таъмир» БК 3 та маҳалла ҳудудида жойлашган уйларга хизмат кўрсатади. Улардан бири – «Увайсий» маҳалласида «Замонавий маҳалла» пилот лойиҳаси амалга оширилди. Унинг доирасида маҳалла қўмитаси, кутубхона, новвойхона, гўзаллик салони, дўкон, болалар майдончалари, шийпонча ва фавворалар қурилган дам олиш зонаси ва бошқалар қурилди. Пойтахтда бундай лойиҳаларнинг амалга оширилишини аҳоли турлича кайфиятда қабул қилади. Бироқ бу ерда ҳудуди, кўп қаватли уйлари ободонлаштирилган, худди суратдагидек, инфратузилмаси йўлга қўйилган замонавий турар жой комплексини кўрдим. Бошқаларига ўхшамайдиган бундай микрорайонда яшашдан ҳеч ким бош тортмаслигига ишончим комил. «Увайсий» маҳалласи намунали объект сифатида танлаб олиниши бежиз эмас. Кўп қаватли уйларнинг лозим даражадаги ҳолатда бўлишини таъминлаган барқарор, бир маромда ишловчи «Кафолат Таъмир» бунга кўп жиҳатдан замин яратди. Объектлар ҳомийлик ёрдами ҳисобига барпо этилди. Бироқ аҳоли ҳам маблағларнинг бир қисмини ободонлаштириш ишларига йўналтирди. БК ёрдамида автомобиллар учун тўхташ жойи, болалар майдончаси жиҳозланди, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Замонавий офис – компания обрўсини таъминловчи бино қад кўтарди.

– Уй-жой соҳасида ишлаш мушкул, бироқ жуда мароқли, – дейди Лариса Николаевна. – Бу одамлар билан ва одамлар учун бажариладиган иш. Уларнинг ҳаётини янада қулайлаштиришдан ортиқ нарса бормикин. Боз устига, бунинг учун уларнинг миннатдорлигини ҳис этаман. Кўпинча одамларга уй тирик организм сингари ҳар доим эътибор, қўйилма талаб қилади деб айтаман. Ҳар битта кўп қаватли уйнинг ўз жиҳати бор. Бу унда яшаётган кишиларга боғлиқ бўлса керак. Бир уйда қўшнилар доим: «Келинг, шу ишга киришамиз» деган таклиф билан чиқадилар. Бошқасида эса: «Бизга қачон қилиб берасиз?» қабилидаги гапни эшитасиз. Кишилар кўпинча фақат ташқи томонга назар ташлайдилар. Уй олди, соябонлар, ромлар чиройли бўлишини, ҳудуд ободонлаштирилишини истайдилар. Масалан, ертўлани таъмирлаш, муҳандислик коммуникацияларини алмаштириш янада муҳим эканлиги ҳақида ўйламайдилар. Шу сабабли уларга устувор вазифаларни тўғри тушунтириш керак, ана шунда яхши ташаббусларни ёқлайдилар. Инсон омили жуда муҳим. Қўшнилар билан муроса қила олиш, улар билан аҳил, бир оиладек яшаш ҳам санъат. Уй аҳли билан ана шундай бирдам, тоғни ҳам талқон қила оладиган жамоа бўлишга эришганимиздан жуда мамнунман.

 

 

 

Мавзуга оид савол

 

Нимага пул тўлаяпмиз?

 

2018 йил январь ойидан мажбурий бадаллар миқдори 100%га тенг баравар оширилди. ХУМШдагилар у туман ҳокимининг қарори асосида оширилган деяптилар, бироқ ҳеч қандай ҳужжатни тақдим этмаяптилар. Нима учун ва қандай асосга кўра оширилган бадал тўлашимизга тўғри келишини билмаяпмиз. Аслида уйдаги электр шчитлар аянчли аҳволда. Йўлаклардаги лампочкаларни ўзимиз алмаштирамиз. Лифт кўпинча ишламайди. Уй ёнидаги йўлка ёмон ҳолатда.

Мажбурий бадаллар тўловига айнан нималар киритилган, ХУМШдан бадалларимиз учун қандай ишлар бажарилишини талаб қилишга ҳақлимиз?

З.Чазова.

 

– «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ХУМШ аъзолари умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадалларни тўлашлари шарт.

Кўп квартирали уйнинг умумий жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланади (Қонуннинг 28-моддаси).

ХУМШ аъзолари йиллик умумий йиғилишда келаси йилги ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳаларини тасдиқлашлари керак. Ушбу ҳужжатлар асосида умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадал миқдори ҳисоблаб чиқарилади. Бадал уйни сақлаш: жорий хизмат кўрсатиш, таъмирлаш бўйича барча харажатларни қоплаши лозим. Бошқача айтганда, ишлар режасига киритилган ва умумий йиғилиш томонидан тасдиқланган ишлар ҳақини тўлашингиз шарт. Ишлар режасига уй аҳли уй учун асосий деб ҳисоблаган ишлар киритилиши учун улар умумий йиғилишда қатнашишлари, нима учун пул тўлаётганликларидан бохабар бўлишлари даркор. Ишлар режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасини муҳокама қилиш чоғида уй эгалари бадал миқдори улар учун жуда катта деган фикрни билдирсалар, қандайдир ишларни режадан чиқартиришлари мумкин бўлади.

 

 

 

Менга сўз беринг

 

Аниқ ҳисобга олиш қачон йўлга қўйилади?

 

Коммунал хизматлар учун тўловларни электрон ҳисобга олишнинг жорий этилиши кишиларга бундан буён нотўғри ҳисобланмалар сабабли ўз истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоялашга уриниб, идорама-идора юришдан халос бўлишларига умид уйғотган эди. Боз устига, коммунал хизматлар ҳам ноинсоф ходимлардан тозаланди. Мажбурий ижро бюроси тимсолида ҳисобланмалар устидан қатъий назорат ўрнатилди. Ҳар ҳолда ОАВда ҳаммаси шундай акс эттирилмоқда. Бироқ амалда кўпинча бунинг акси бўлиб чиқмоқда.

2017 йил февраль ойида кутилмаганда гўё қарийб 200 минг сўм миқдоридаги электр энергияси учун қарзни тўлаш ҳақида талабнома келди. Шикоят қилганимдан сўнг бу «техник хато» эканлиги ва қарзим йўқлиги маълум бўлди, бу «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» АЖ хати билан тасдиқланди.

2018 йил февраль ойида менга – энди Бюро номидан қарийб 200 минг сўмни тўлаш талаби яна қўйилди. Шикоятимдан сўнг ҳеч қандай қарзим йўқлиги аниқланди. Қарзим йўқлиги яна «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» АЖ хати билан тасдиқланди.

2018 йил март ойида тахминан 200 киловатт ҳақини олдиндан тўладим. Бир неча кундан кейин эса ek.uz/ru/cabinet/payment-public/terminal сайтида (коммунал хизматлар ҳақи тўланганлиги ҳақидаги маълумотлар)... 1 500 сўм қарзим борлигини кўрдим! Бюрога қўнғироқ қилдим. Аввалига улар электр энергияси билан шуғулланмасликларини ва электр таъминоти ташкилотига мурожаат қилишим кераклигини айтишди. Бироқ Бюро тўлов тартиби, бунинг устига барча коммунал хизматлар бўйича асоссиз қарзлар устидан назорат қилишга ваколатли эканлигини эслатганимдан сўнг манзилим ва ҳисоблагичнинг жорий кўрсаткичини сўрадилар. Икки дақиқадан сўнг олдиндан тўлов тўлаганимни, қарзим йўқлигини тасдиқлаб, сайтдаги маълумотларга тузатиш киритилишига ваъда бердилар (бунга ишонгим келади!).

Бу битта «электрон найранг» усули.

Бошқа усулини танишимда синаб кўрдилар. У ўз электрон ҳисоблагичи кўрсаткичларини ўша сайтдаги ҳисобга олувчи ёзувлар билан солиштира бошлаганда ҳар куни ёзувларда 1 – 1,5 киловатт электр энергияси қўшилиб бораётганининг гувоҳи бўлган.

Танишларимдан эшитадиган шунга ўхшаш далилларга, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги материалларга қараганда, «хато» ҳолатлари истисно эмас, балки қоида тусига кирган. Нафақат электр таъминоти соҳасида, балки бошқа коммунал хизматлардан фойдаланишда ҳам уларга тўқнаш келмоқдамиз.

Электроника ўз йўлига, бироқ инсон омили ўз таъсирини йўқотмаяпти. У эса икки хил: ё «мендан кетгунча» қабилида, ёхуд профессионал равишда, оқилона, иш сифати учун масъулиятни ҳис этиб, фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳурмат қилган ва умуман бировнинг хатосини тузатишга кетказадиган асабини, вақтини тежаган ҳолда ишлаши мумкин. Фуқаро хорижга чиқиб кетганида, уй-жой билан боғлиқ битимларни расмийлаштираётганида ва бошқа жиддий ҳаётий вазиятларда бундай хатолар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйласам, этим жунжикиб кетади.

Тўғри, электроника – мураккаб нарса, у билан ҳар қандай вазият юз бериши мумкин. Бироқ бу кам учрайдиган ҳолат бўлмай, кўпчилик фуқаролар билан бирин-кетин юз бераверса, муаммо электроникада эмас, балки уни бошқарувчиларда эканлиги ҳақида беихтиёр ўйлай бошлайди киши.

В. С.

Тошкент ш.

 

 

 

Долзарб мавзу

 

Айланиб чиқишлар даврийлиги белгиланмаган

 

Электр энергияси ҳақини тўлашга борганимда ўтган ой учун қарзим борлиги маълум бўлди. Айтишларича, 10-санагача тўламасам, етказиб берувчи электр энергияси истеъмоли учун ўртача суткалик истеъмол бўйича ҳисоб-китоб қилишга ҳақли экан. Мен тўловларни вақтида тўлаб келаман. Бироқ бу гал муайян сабабларга кўра муддатни ўтказиб, 10-санадан кейин келдим.

Бир ой учун тўловни кечиктирган бўлсам, етказиб берувчи олдиндан тўловни талаб қилиш ва ҳисоблаб ёзишга ҳақли бўладими? Баъзилар йиллаб ҳақ тўламайди – улар хотиржам юрибдилар.

А.Ҳайдаров. Тошкент ш.

 

– Мазкур вазиятда олдиндан тўлов ҳақида эмас, ўтган давр учун электр энергияси истеъмолига ўз вақтида ҳақ тўлаш зарурлиги ҳақида сўз бормоқда. Эслатиб ўтамиз, Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова) ­70-бандига мувофиқ, маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Акс ҳолда улар электр тармоқларидан мажбурий узилади.

Қоидаларнинг 69-бандида белгиланишича, етказиб берувчи электр энергияси истеъмолининг шартномавий миқдори бўйича ёки электр энергияси истеъмолининг ўртача суткалик амалдаги миқдори тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилишга ҳақли. Бу:

 ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари ёзиб олинмаган;

 электр энергияси сарфи тўғрисидаги ҳисобот истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда амалга оширилади.

Бунда ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари назорат тартибида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ёзиб олингандан кейин амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Қайта ҳисоб-китоб истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ёхуд унинг иштирокисиз белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қоидаларнинг 108-бандида ҳам худди шундай тартиб назарда тутилган.

Қоидаларнинг 3-бандида белгиланишича, кўрсаткичларни назорат тартибида текшириш (айланиб чиқиш) – Бюронинг ваколатли шахси томонидан электр энергиясини ҳисобга олишни ҳисоб-китоб қилиш асбобларидан электр энергиясининг ҳақиқий сарфи кўрсаткичларини олиш ва электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, ўлчов трансформаторлари, уларнинг улаш схемалари ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини кўздан кечириш. Бюро ходимларининг назорат тартибида айланиб чиқиш даврийлиги масаласи очиқлигича қолмоқда.

Юридик шахсларга келсак, Бюро истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари) билан биргаликда ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ҳар ойда ёзиб олиши шарт (Қоидаларнинг 4-банди). Маиший истеъмолчилар (жисмоний шахслар) учун эса назорат тартибида айланиб чиқиш даврийлиги белгиланмаган. Бу эса турли вазиятларда истеъмолчи билан ҳисоб-китоб қилиш учун жуда муҳим. Ҳисоблаб ёзиш даврийлигига келсак, Қоидаларда «даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда» формулировкасидан кўп фойдаланилган. Бироқ даъво муддати – 3 йил. Етказиб берувчилар ушбу 3 йилни автоматик равишда ҳисоблайдиларми ёки фақат истеъмолчи даъво ишини қўзғатиш тўғрисида ариза берганидами?

Айни пайтда Қоидаларнинг 120-бандида «охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга» формулировкаси назарда тутилган. Бунда электр энергиясини ҳисобга олиш приборига зарар етказилган (истеъмолчининг айби билан) ёки прибор мавжуд бўлмаган, пломбалар бузилган ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган бошқа қоида бузишларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳақида сўз бормоқда. Яъни назорат тартибида айланиб чиқиш даврийлигини аниқ белгилаш истеъмолчи учун муҳим аҳамиятга эга. Айланиб чиқишлар даврийлиги белгиланса, у қайси давр: 3 йил (даъво муддати) ёки бир ой (икки, уч ой, чорак ёки ярим йил) учун ҳақ тўлашига тўғри келиши аён бўлади, улар ўртасида катта фарқ бор. Аниқ регламент белгиланмаганлиги ҳужжатдаги нуқсон ҳисобланади деб хулоса чиқариш мумкин, холос.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз...

 

Пеня қандай ҳисобланади?

 

Электр энергияси учун қарздор бўлиб қолдим. Натижада электр таъминоти ташкилоти пеня ҳисоблади. У қандай ҳисобланганини англамаяпман.

Электр энергияси истеъмоли учун қарз мавжуд бўлганда пеня қандай ҳисобланади?

И.Раҳмонова.

 

– Маиший истеъмолчилар электр энергияси истеъмоли учун тўлов бўйича қарздор бўлганда, ҳудудий электр тармоқлари корхонасига тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1%и миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

Пеня ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг, шунингдек, белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлов ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлик (тўланманган қарз) суммасидан ундирилади.

Пеняни ҳисоблаш учун қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланади ва қарз тўланган ҳар бир ой бўйича муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня шу ойдан бошлаб ҳисобланади (Қоидаларнинг 113-банди, ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова).

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1676 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика