Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 14 / Парламент хабарлари

Олий Мажлис Сенатининг XIV ялпи мажлиси якунлари

 

2018 йилнинг 29–30 март кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

 

Ялпи мажлис давомида 20 та масала, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга қаратилган 13 та қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Хусусан:

«Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонун. Унда давлат мукофотларининг турлари, уларни тақиб юриш тартиби белгиланди, мукофотга тақдим этиш ҳуқуқига эга субъектлар доираси кенгайди.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун. Қонунда жамоатчилик назоратининг субъектлари, объекти, унинг асосий тамойиллари белгиланган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиши таъминланишининг муҳим омили бўлади.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун. Унда давлат харидларини давлат томонидан тартибга солиш нормалари акс эттирилган, давлат харидлари субъектлари қайд этилган, давлат харидлари жараёнига қўйиладиган умумий талаблар белгилаб қўйилган. Электрон дўкон орқали харид қилиш тартибининг киритилиши муҳим янгилик ҳисобланади. Қонунда электрон дўконнинг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби келтирилади, шунингдек, харидларни аукцион, танлов ва тендер орқали амалга ошириш, харид комиссияси фаолияти белгиланган.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонун. Ҳужжатда ушбу хизмат органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун. Қонун билан, шу жумладан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга ва Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан 3 йил муддатга мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилиш тарзида имтиёзлар бериш, ЯИТни пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларга нисбатан ҳисоблаб чиқармаслик, солиқ солинадиган базани туристик фаолият субъектлари учун – туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтириш, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ЯСТни тўлашдан 5 йил муддатга озод этиш назарда тутилади.

Сенаторлар Марказий банк бошқаруви раисининг Марказий банкнинг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар. Бошқарув раиси М.Нурмуратов ўз ҳисоботида пул-кредит сиёсати кучли инфляция босими сақланиб турган ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар фаол босқичга ўтган, шу жумладан, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти эркинлаштирилаётган бир шароитда олиб борилганини қайд этди. Шу сабабли асосий эътибор пул-кредит сиёсати воситаларидан самарали фойдаланишга қаратилди. Республикамиз Президентининг 2.09.2017 йилдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини ижро этиш асносида 2017 йил сентябридан бошлаб миллий валюта айирбошлаш курсини аниқлашнинг бозор механизми жорий этилди, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта маблағларини сотиш, сотиб олиш ва тасарруф этишга қўйилган чекловлар олиб ташланди. 2017 йилда тижорат банкларининг жами капитали 2,3 баравар ортди ва 20,7 триллион сўмга етди. Капиталнинг етарлилик кўрсаткичи 18,8%га ошди, бу эса халқаро нормалардан 1,8 баравар ортиқдир. Тижорат банкларининг жалб қилинган депозитлари умумий ҳажми 1,6 баравар ортди ва 58,7 трлн сўмни ташкил этди. Банклар активларининг умумий ҳажми 2 баравар кўпайди ва 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра 166,6 трлн сўмни ташкил этди.

Банклар фаол кредит сиёсатини амалга оширишни давом эттириши натижасида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг жами ҳажми 2,1 баравар ортди ва 110,6 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 16,1 трлн сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2016 йилга нисбатан 1,3 баравар кўпроқдир.

Қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида тижорат банклари томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш учун 1,8 трлн сўмлик ипотека кредитлари берилди. 2017 йилда банк тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар Марказий банк пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш, банк тизимининг молиявий барқарорлигини, унинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги ролини янада мустаҳкамлаш ва инвестиция жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш имконини берди, шунингдек, мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлади.

Сенаторлар ҳисобот муҳокамаси давомида Марказий банкнинг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бердилар. Банк фаолиятини назорат қилишнинг халқаро принциплари талаблари ҳамда бошқа чора-тадбирлар асносида капиталнинг етарлилиги, тижорат банкларининг ликвидлиги ва барқарорлигига доир талаблар бажарилишини таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш тавсия этилди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

√ Сўнгра сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масаласини кўриб чиқдилар. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.

Бироқ кейинги пайтларда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда. Оилавий тадбирлар билан боғлиқ жуда катта ортиқча сарф-харажатлар оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Таҳлилларга қараганда, ёш оилалар ўртасидаги аксарият ажралишлар тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.

Оилавий тадбирларни тартибга солиш жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги боис, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрларни инобатга олиб, мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни мукаммал ишлаб чиқиш мақсадида Сенат «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Сенатининг
Ахборот хизмати материали
асосида тайёрланди.

Прочитано: 1425 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика