Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 08 / Инвестициялар

Норезидент давлат активини сотиб олди: ҳақи қандай тўланади

 

Хорижий компания Ўзбекистондаги ҚКга тегишли давлат улушининг бир қисмини сотиб олди (ҚК иштирокида хорижий компания билан ЎзР Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий бошқармаси ўртасида тузилган олди-сотди шартномасига кўра). Хорижий компания ҚК давлат улушининг харид қийматини олди-сотди шартномаси бўйича тўловлар жадвалига мувофиқ «Xalq Iste’mol Tovarlarining Ko’rgazma-Yarmarka Savdosi Respublika Markazi» МЧЖнинг ҲККПдаги счётидан ўз вақтида қисман тўлади.

МЧЖ ҲККПдаги хорижий компания счётида миллий валютадаги (сўм) маблағлар мавжуд, уларни шартнома бўйича навбатдаги тўловни сўндириш ҳисобига Давлат мулки қўмитаси ҳудудий бошқармасининг счётига йўналтириш режалаштирилмоқда. Бироқ ВМнинг 13.11.2017 йилдаги 912-сон қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ МЧЖ ҲККП орқали ҳақ тўланишига рад жавобини берди. Ўзбекистонда ушбу хорижий компаниянинг ваколатхонаси бор.

Хорижий компания (ЎзР норезиденти) ҚКдан сотиб олинадиган давлат улуши ҳақини тўлаш учун Ўзбекистон банкида миллий валютадаги ҳисоб-китоб счётини очиши мумкинми? Компания ваколатхонаси ҳисоб-китоб счётидан уни тўлаш мумкинми?

К.Л.

 

Хорижий юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг банкларида миллий валютадаги талаб қилиб олгунча депозит счётларини (ҳисоб-китоб счётларини) тўғридан-тўғри очишга ва улар орқали муайян ҳисоб-китобларни, шу жумладан давлатга тегишли сотиб олинадиган акциялар (улушлар) учун ҳисоб-китобларни юритишга ҳақли эмас.

Бундай хулоса чиқаришга нима асос бўлади?

Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПҚ-3295-сон қарори билан либераллаштириш, ишбилармонлик муҳити яхшиланиши ва норасмий хорижий валюта бозори тугатилиши муносабати билан валютани тартибга солиш самарадорлигини ошириш мақсадида биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш чоралари белгиланди.

Чунончи, импорт шартномалари бўйича товар-хом ашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида (ҲККП) норезидент-сотувчининг ҳисобрақамига ўтказилган маблағлар фақатгина биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда улар билан боғлиқ хизматлар тўловлари учун ишлатилиши мумкин ­(ПҚ-3295-сон қарорнинг 1-банди).

Мазкур фаолият соҳасини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатларига худди шундай ўзгартиришлар киритилди (ВМнинг 13.11.2017 йилдаги 912-сон қарори).

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида (6.10.2014 йилдаги 279-сон) илгари мавжуд бўлган корхоналардаги давлат акциялари пакетлари ёки улуши ҳақини ушбу счётлардан тўлаш имкониятини назарда тутувчи нормалар ҳам бекор қилинди.

Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади. Мижозлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзлари танлаган битта ёки бир нечта банкда миллий валютада ва чет эл валютасида талаб қилиб олгунча сақланадиган депозит ҳисобварақлар очишга ҳақли. Банклар мижозларга ҳисобварақлар очишнинг ЎзР Марказий банки белгилаган тартибига риоя қилишлари шарт («Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси).

Юридик шахслар бўлган норезидентлар учун миллий валютадаги ҳисобварақлар хўжалик ёки тижорат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижий ташкилотнинг ваколатхонаси орқали очилиши мумкин.

Норезидентларнинг ушбу ҳисобварақларидаги миллий валютадаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг фармойишига кўра уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаб туриш учун жорий харажатларни тўлашда, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 510-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 2.1, 2.3-бандлари).

Ваколатхоналардан ташқари, Ўзбекистондаги фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентлар миллий валютадаги маблағларини Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатли банкларда очилган ҳисобварақларда сақлайдилар ҳамда уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлатадилар (510-сон Тартибнинг 1.2, 5.1-бандлари).

Норезидент юридик шахсларнинг, ваколатхона ёки доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширувчиларидан ташқари, талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларини (ҳисоб-китоб счётларини) очишлари ҳам назарда тутилмаган (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 16-банди).

Шу тариқа, фақат ваколатхона ёхуд доимий муассаса орқали муай­ян фаолиятни амалга оширган тақдирда уларга счётлар очиш имкони берилган.

Ваколатхоналар юридик шахслар ҳисобланмайди, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас (Низомнинг 7-банди, ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарорига 1-илова). Ўз эҳтиёжлари учун қилинган қуйидаги харажатларни қоплаш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар бундан мустасно:

√ вакиллик харажатлари;

√ ваколатхона эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликлар харид қилиш бўйича сарф-харажатлар;

√ ваколатхона ходимларининг иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар;

√ хизмат сафари харажатлари;

√ ижара, коммунал тўловлар ва бошқалар.

Ваколатхоналар ҳисоб-китобларни хорижий фирма – бош офис томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширадилар. Тегишинча, қуйидагилар ваколатхонанинг миллий валютадаги маблағлари манбалари ҳисобланади:

√ ЎзР қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин алмаштирилган валюта;

√ хорижий фирманинг қарорига кўра ваколатхона ихтиёрида қоладиган миллий валютадаги маблағлар (410-сон Низомнинг 35–37-бандлари).

Бинобарин, бош офис – хорижий фирма томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига ваколатхонани сақлаб туриш харажатларини тўлаш учун хорижий тижорат ташкилотининг ваколатхонаси очган миллий валютадаги счётлар олди-сотди шартномаси бўйича сотиб олинадиган акциялар (улушлар) ҳақини тўлашга мўлжалланмаган.

Ваколатхона счётидан бундай тўловлар амалга оширилса, хорижий компаниянинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш аломатлари кўзга ташланиб, тегишинча, доимий муассасани ҳисобга қўйиш зарурати юзага келиши мумкин (Солиқ кодексининг 20-моддаси). Назорат органлари инвестиция фаолияти, инвестиция ресурслари ва инвестицияларни амалга ошириш шакллари кўпроқ тадбиркорлик фаолияти объектларига маблағ қўйиш билан боғлиқлиги ва даромад олишга йўналтирилганлигини кўрсатиб, ўз шубҳа-гумонларини тасдиқлашлари мумкин.

 

Тавсия этиладиган хатти-ҳаракатлар

1-ВАРИАНТ. «Xalq Iste’mol Tovarlarining Ko’rgazma-Yarmarka Savdosi Respublika Markazi» МЧЖ ҲККПга келгуси тўловлар қуйидаги асосларда ижро этилишини таъминлашни таклиф қилиш.

 

Давлат Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар инвестиция фаолиятини амалга оширишлари чоғида уларнинг барча ҳуқуқларини кафолатлайди ва ҳимоя қилади.

Чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, уларнинг тўлиқ ва доимий ҳимояси ҳамда хавфсизлиги таъминланади («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси).

Чет эл инвестициялари, аввало хусусий инвестициялар бўйича барча шартномалар, улар бажарилишининг қатъий кафолатларини таъминлаш борасида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ваколат берган тегишли органларнинг назорати остида туради.

Чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонда олган даромадлари чет эллик инвесторнинг хоҳишига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реинвестиция қилиниши ёки бошқа ҳар қандай усулда ишлатилиши мумкин («Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 6-моддалари).

Бунда инвестиция фаолияти субъектининг ҳисобварақларидан фойдаланишни чеклаб қўйиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин («Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг ­25-моддаси). Кўрсатилган Қонундан ташқари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвесторнинг ҲККПдаги ўз счёти орқали ҳисоб-китобларини чеклай олмайди. Тегишинча, инвестицияларни ва чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат томонидан тақдим этилган кафолатларни амалга ошириш тартибида ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ («Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 23, 24 ва 25-моддалари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар).

Чет эл инвестициялари билан боғлиқ ҳолатда «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги қонунларнинг қоидалари билан бошқа қонун ҳужжатлари (шу жумладан, қонунлар – муаллиф изоҳи) ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ўртасида бирон-бир номувофиқлик бўлган ҳолда, чет эллик инвесторлар учун бирмунча қулай бўлган қоидалар устувор кучга эга бўлади («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддаси, «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Сизнинг ҳолатда улушни сотувчи – Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер бериши ҳам муайян аҳамиятга эга. Давлат корхоналари ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда, мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер ҳақнинг биринчи бадали тўлангач берилади. Корхонанинг қиймати бутунлай тўлаб бўлингунга қадар оммавий мулк объектини тасарруф этувчи мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкин («Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси). Шу сабабли хорижий компаниянгиз ҚКдаги улушга мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) олган бўлса, мулкдор – хорижий компаниянинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида», «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг бир қатор нормаларидан фойдаланиш мумкин. Ташкилотингиз:

√ мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер берилганлиги;

√ хорижий инвестор – ҚКдаги давлат улуши харидорининг ҳуқуқлари бузилмаганлиги хусусида ишонч ҳосил қилиши керак.

«Xalq Iste’mol Tovarlarining Ko’rgazma-Yarmarka Savdosi Respublika Markazi» МЧЖ ҲККП рози бўлмаган тақдирда, қуйидагиларга мурожаат этиш лозим:

√ Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига. Хорижий инвесторга қўшимча кафолатлар берувчи, қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган инвестиция шартномаси мурожаат қилиш учун асос бўлади;

√ давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда Тендер савдоларини ўтказувчи давлат комиссиясига – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган ариза ёки шикоят билан («Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 5, 12-моддалари; «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 22, 31-моддалари);

√ ЎзР Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли институтга – мазкур мансабдор шахсга тегишли кўрсатма олиш учун.

«Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонун (3-модда) билан кафолатлар қисмида чет эллик инвесторлар учун муайян ҳимоя чоралари белгиланган. Чунончи, агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, унда чет эллик инвесторларга нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжатлари инвестициялаш пайтидан бошлаб 10 йил мобайнида қўлланилади. Чет эллик инвестор ўз хоҳишига кўра янги қонун ҳужжатларининг инвестициялаш шарт-шароитларини яхшилайдиган қоидаларини қўллаш ҳуқуқига эгадир. Бунда инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирувчи ҳолатлар рўйхати келтирилган, улар сирасига чет эл инвестицияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш ҳам назарда тутиладиган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ЎзРнинг янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш киради.

Мазкур вазиятга хусусийлаштириш чоғида чет эллик инвестор сотиб оладиган давлат активлари учун ҳисоб-китоб қилиш тартибига қўшимча талабларни бир вақтнинг ўзида амалда жорий этиш ва унинг ҳуқуқларини чеклаш деб қараб, «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси тўртинчи қисмида белгиланган кафолатларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 2.08.2005 йилдаги 180-сон қарорига 1-илова) мувофиқ ваколатли ташкилотга бўлгани каби ҚКни рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиш мумкин. Билдиришнома инвестор томонидан инвестициялаш шартларини ёмонлаштирадиган қонун ҳужжати қабул қилингандан кейин исталган вақтда юборилиши мумкин. Билдиришномада чет эллик инвестор инвестициялаш шартлари ёмонлашди деб ҳисоблайдиган ҳолатлар ва кафолат амал қилиши муддати мобайнида ўзи қўллаш ниятида бўлган инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжати кўрсатилади.

Чет эллик инвесторнинг билдиришномаси чет эллик инвесторга нисбатан ваколатли орган томонидан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжати қўлланиши учун асос ҳисобланади. Билдиришнома, ваколатли органга юборилиши санасидан қатъи назар, инвестициялаш шартларини ёмонлаштирадиган қонун ҳужжати кучга кирган пайтдан бошлаб амал қилади.

Ваколатли орган чет эллик инвесторнинг билдиришномасига розилик билдирмаган тақдирда «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг ­3-моддаси тўртинчи қисми чет эллик инвесторга қўлланишининг қонунийлиги тўғрисидаги юридик хулоса учун ЎзР Адлия вазирлигига мурожаат қилиши мумкин.

Адлия вазирлиги мурожаат олинган пайтдан бошлаб 2 ҳафта муддатда тегишли ваколатли органга асосланган хулоса юборади.

 

2-ВАРИАНТ. Ҳисоб-китобларнинг муқобил усули сифатида лоро ҳисобрақамидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш.

 

Ўзбекистон Республикаси норезидентларига республиканинг ваколатли банкларида очилган чет эл банкларининг лоро корреспондентлик ҳисобрақамларидаги миллий валютадаги маблағларидан фойдаланишга рухсат берилган (ВМнинг 9.03.2001 йилдаги 119-сон қарори ­3-банди ­1-хатбошиси).

Чет эл банклари Ўзбекистоннинг ваколатли банкларида сўмдаги лоро корреспондентлик ҳисобрақамларини очишлари мумкин. Ушбу ҳисобварақларга Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасидаги маблағлар, шу жумладан контрактларнинг шартларида ҳисоб-китобларни сўмда амалга ошириш кўзда тутилган бўлса, импорт контрактлари бўйича олинган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа жорий халқаро операциялардан олинган маблағлар киритилиши мумкин. Ушбу ҳисобварақлардаги пул маблағлари шу жумладан корхонанинг устав капиталини шакллантириш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин (510-сон Тартибнинг 4.3, 4.4-бандлари).

Шу тариқа, хорижий компаниянгиз Ўзбекистон ҳудудида давлат активлари учун ҳисоб-китобларни миллий валютада амалга ошириши мумкин.

 

3-ВАРИАНТ. Компаниянгизда хорижий юридик шахснинг фаолият юритувчи (Солиқ кодексининг 20-моддаси) доимий муассасаси (ДМ) бўлса, ДМ счётларидан миллий валютада ҳақ тўлаш масаласини кўриб чиқиш мумкин.

 

Қонунга кўра, мол-мулкни сотиб олиш учун маблағлар манбалари – юридик шахсларнинг (шу жумладан хорижий) қонунларга зид бўлмаган усуллар билан олинган шахсий ва жалб этилган маблағлари («Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси).

Сотиб олиш тўлови – давлат мулки сотиб олинганлиги учун харидор томонидан, яъни муайян чекловларсиз тўланадиган миллий ва (ёки) эркин муомаладаги валютадаги пул маблағлари (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 279-сон қарорига 2-илова).

ДМ ҳисобварақларида ҳисобда турган маблағлардан ҳисобварақ эгасининг ихтиёрига биноан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши мумкин (510-сон Тартибнинг 2.3, 5.3-бандлари).

Бинобарин, хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида хорижий инвесторнинг сотиб олаётган давлат акциялари (улушлари) учун, шу жумладан доимий муассаса счётларидан тўланадиган миллий валютадаги суммалар келиб чиқишининг қонунийлигини тасдиқлашдан бошқа ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

 

Охирги иккита вариантда ҚКдаги давлат улушининг олди-сотди шартномасига қўшимча битим тузиш керак бўлади.

 

Олег ДАМИНОВ,

«Baker Tilly Uzbekistan» компанияси
аудиторлик-консалтинг гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори.

Прочитано: 1439 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика