Norma.uz

Божхона кўриги: тадбиркорлар манфаати йўлида

 

Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида давлат божхона хизмати органлари фаолиятидаги тартиб-таомилларнинг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири эканлигини таъкидлади.

 

Жумладан, импорт товарлар ҳар бир божхона режимида алоҳида-алоҳида текширувдан ўтказилиши, бундай божхона режими эса бизда бир нечталиги, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудининг ўзида битта юк бир неча марта ноўрин текширилаётгани қайд этилди. Ана шу билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, божхона идоралари томонидан ушбу соҳада тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш ва амалиётга татбиқ этиш юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Айниқса, товарларни божхона кўригидан ўтказишда тадбиркорларга қулайликлар яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳақиқатан ҳам авваллари республикага олиб кирилаётган ва ундан олиб чиқилаётган товарлар ҳар бир божхона режимида алоҳида божхона кўригидан ўтказилар эди. Эндиликда улар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида бир маротаба божхона кўригидан ўтказиладиган бўлди. Яъни тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларнинг юклари «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказилади. Ушбу тизим ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча, белгиланган божхона қоидаларини бузганларни эса тўғри йўлга бошлашга хизмат қилади. Келгусида бу йўналишдаги ишлар инновацион ғоялар асосида янада такомиллаштирилади.

 

Ягона экспресс-лабораториялар божхона расмийлаштирувини тезлаштиради

Президентимиз Мурожаатномасида, шунингдек, рухсатнома ҳужжатларига алоҳида тўхтаб ўтилди. Товарнинг турига қараб мувофиқлик, гигиеник ёки ветеринария бўйича сертификатларсиз товарларни божхона омборидан чиқаришга йўл қўйилмаганлиги, божхона омборлари экспресс-лабораториялар билан жиҳозланмаганлиги, бу жараёнлар очиқ ва ошкора эмаслиги, қолаверса мутасадди идоралар шундай муаммолар мавжудлиги ҳақида вақтида бонг урмаганлиги танқид остига олинди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ­бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида мазкур вилоят ҳудудида янги қурилган «Highway Logistics center» терминалига ташрифи мобайнида товарларни сертификатлаш жараёни ҳам узоқ муддат амалга оширилаётганини қайд этган эди. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда товарларни божхонада расмийлаштиришда товарлар учун муайян рухсатнома ҳужжатлари олиниши лозим. Уларнинг рўйхати эса ўндан ортиқдир.

Сертификат ва рухсатнома ҳужжатлари 5 та вазирлик томонидан кетма-кетликда 30 кун ичида берилади. Бундан кўриниб турибдики, товарлар учун ҳар бир сертификатлаш ёки рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни тадбиркорлар учун кўп вақт талаб этади. Бу эса товарларнинг омборларда туриб қолишига сабаб бўлмоқда.

Давлат божхона қўмитаси томонидан товарларни сертификатлаш борасида тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, омборлар, божхона постлари ва терминалларини фитосанитария, гигиеник, экологик, ветеринария ва мувофиқлик сертификатларини тезкор тарзда бериш имкониятини яратадиган ­экспресс-лабораториялар билан жиҳозлаш чораларини кўриш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Хусусан, бу борада ҳамкорликдаги ишларни мувофиқлаштириш, мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг сертификатлаш бўлимлари раҳбарлари иштирокида ўзаро ҳамкорликда ягона экспресс-лаборатория ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Дастлабки босқичда бу каби экспресс-лаборатория Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган «Highway Logistics center» терминалида ташкил этиладиган бўлди.

 

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати.

Прочитано: 1317 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика