Корхонамиз ЯСТ тўловчиси ҳисобланади, асосий фаолият тури – улгуржи савдо. Жисмоний шахс корхонага 9 ойга (2017 йил 11 декабрдан 2018 йил 31 августгача) фоизсиз қарз берди.
Фоизсиз қарзга солиқ солишимиз керакми? Солиқ солиш бўйича қандай тўғри ҳисоб-китоб қилиш ва уни бошқа даромадга қайси ҳисобот даврида киритиш лозим?
О.Р.
– Ҳа, текин олинган мулкий ҳуқуқлар солиқ тўловчининг солиқ солинадиган даромади бўлади. Фоизсиз қарз олинаётганда қарз олувчининг даромади қарзни олиш санасидаги МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси).
Қарздор – фоизсиз қарз олувчи қарз тўлиқ сўндирилмагунча ундан фойдаланиладиган бутун муддат давомида ҳар бир ҳисобот даври якунлари бўйича даромадни аниқлаши керак.
ЯСТ бўйича ҳисобот даври чорак ҳисобланади. Шу сабабли фоизсиз қарз бўйича даромад чоракда камида бир марта аниқланиши лозим.
Сизнинг ҳолатда 2017 йил 11 декабрда фоизсиз қарз олинган. Даромадни 2017 йил якунлари, шунингдек 2018 йилнинг I, II ва III чораклари бўйича МБнинг 14%лик қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб аниқлашингиз керак бўлади.
Текин олинган мулкий ҳуқуқлардан даромадга ялпи тушум таркибидаги бошқа даромад сифатида асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma» МЧЖ эксперти.