Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 04-05 / Ташқи иқтисодий фаолият

Товарларга доир координаталар тизими

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПҚ-3448-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) янги версияси амалга киритилди. Ташқи савдони иқтисодий тартибга солишнинг ушбу энг муҳим дастагидаги янгиликлар, товарларни ЎзР ТИФ ТН бўйича таснифлашнинг назарий асослари ва амалий кўникмалари тўғрисида ДБҚ Марказий божхона лабораторияси бошлиғи, кимё фанлари доктори Бахтиёр АБДУҒАНИЕВ ҳикоя қилади.

 

ЎзР ТИФ ТНнинг янги версияси Жаҳон божхона ташкилоти томонидан янгиланган Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими (УТ) базасида ишлаб чиқилган. УТнинг вақти-вақти билан янгиланишини халқаро товар оқимларининг ўзгарувчи тузилмаси, янги товарлар пайдо бўлиши, божхона хизматлари ва Уйғунлаштирилган тизимнинг бошқа фойдаланувчилари эҳтиёжлари эволюцияси тақозо этади. Шу сабабли Жаҳон божхона ташкилоти ушбу дастакни мунтазам қайта кўриб чиқиб, ҳар 5 йилда УТ номенклатурасининг янги версиясини тасдиқлайди. УТнинг олтинчи нашри 2017 йил 1 январдан амал қилмоқда.

 

УТнинг янги таҳрири тўғрисида

Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими тўғрисидаги халқаро конвенция (Брюссель, 14.06.1983 йил, 1.01.1988 йилдан кучга кирган) дунёдаги деярли барча мамлакатлар томонидан миллий тарифлар ва статистик номенклатураларни барпо этиш учун асос сифатида фойдаланиладиган товар номенклатурасини ўз ичига олади. У товарлар оборотини соддалаштириш ва жадаллаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон кўпинча «халқаро савдо тили» деб аталувчи Конвенцияга 2000 йил 1 январдан расман қўшилган. Ўша пайтдан буён УТга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар миллий қонунчилигимизда албатта акс эттирилади.

Шу муносабат билан Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекэкспертиза» АЖ 2017 йилда УТнинг Олтинчи нашрига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни таҳлилдан ўтказдилар.

Жаҳон божхона ташкилотининг ахборотига кўра, технологик ривожланиш, жаҳон савдоси хусусиятининг ўзгариши, УТдан фойдаланувчиларнинг барча учун бир хил қўллашини таъминлаш учун номенклатура матнининг соддалаштирилиши, номенклатура тузилмасида ижтимоий аҳамиятга эга товарлар учун мўлжалланган (озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш) ва атроф муҳитга зарар етказадиган (табиатни муҳофаза қилиш жиҳати) товар позицияларининг ажратиб кўрсатилиши уларни киритишни тақозо этган.

Шу тариқа, УТ номенклатурасига 6 белги даражасида 293 та янги товар субпозицияси қўшилди, 64 таси чиқариб ташланди ва 185 тасига ўзгартиришлар киритилди. Кўпгина қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари, саноатнинг кимё, тўқимачилик ва машинасозлик соҳаларидаги қатор маҳсулотлар, шунингдек қимматбаҳо бўлмаган металлар ва қоғоз саноати маҳсулотларига ўзгартиришлар дахл этди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасига 85 та, кимё саноатига – 45 та, ёғочни қайта ишлашга – 13 та, тўқимачилик товарларига – 15 та, қимматбаҳо бўлмаган металларга – 6 та, асбоб-ускуналарга – 25 та, транспортга – 18 та тузатиш киритилди. Тузатишлар глобал даражада ижтимоий мақсадлар ва атроф муҳит учун муҳимлиги уларнинг ўзига хос жиҳати ҳисобланади. Бунинг устига, уларнинг аксарияти БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти муҳокамасига чиқарилган.

 

Маълумот учун! Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси товарларнинг тизимлаштирилган рўйхати бўлиб, ундан ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш мақсадида фойдаланилади ва у товарнинг рақамли кодли белгиланишини, унинг номини, ўлчов бирликларини ҳамда изоҳларни ўз ичига олади. ЎзР ТИФ ТН Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига асосланади ва белгиланган тартибда жорий этилади. Ташқи савдони ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа турларини тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо божхона статистикасини юритиш учун қўлланилади (Божхона кодексининг 367-моддаси).

 

ТИФ ТНдаги белгиларнинг аҳамияти

УТ тўғрисидаги Халқаро конвенция аъзоси бўлган Ўзбекистон ўз божхона-тариф ва статистик номенклатурасини товар кодининг дастлабки 6 белгиси даражасида Уйғунлаштирилган тизимга мувофиқлаштириш мажбуриятини қабул қилган (Конвенциянинг 3-моддаси). Бироқ УТ тўғрисидаги Халқаро конвенция – Ўзбекистон имзолаган товарларни таснифлаш бўйича ягона ҳужжат эмас. Европа ҳамжамиятлари ва уларга аъзо давлатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга (Флоренция, 21.06.1996 йил) мувофиқ, мамлакатимиз ўзаро савдода ЕИ Комбинацияланган номенклатурасини қўллаш мажбуриятини олган. МДҲ доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи иқтисодий фаолияти ягона Товар номенклатураси тўғрисидаги битим (Москва, 3.11.1995 йил) имзоланган.

Санаб ўтилган барча халқаро битимлар товарлар кодли белгиланишидаги белгилар сони орқали битта ҳужжатда бирлаштирилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича товар коди узунлиги 10 та рақамни ташкил этади. Биринчисидан олтинчисигача бўлган белгилар УТда қабул қилинган код белгисига; еттинчи ва саккизинчи белгилар – Европа ҳамжамияти Комбинацияланган номенклатурасида қабул қилинган кодга; тўққизинчи белги – МДҲ ТИФ ТНдагисига мувофиқ келади.

Мамлакатимиз УТ тўғрисидаги Халқаро конвенцияга қўшилиб, қуйидаги мажбуриятларни зиммасига олган:

● УТдаги барча товар позициялари ва субпозициялари, шунингдек уларга тааллуқли рақамли кодлардан муайян қўшимча ёки ўзгартиришларсиз фойдаланиш;

● УТни талқин қилишнинг асосий қоидалари, шунингдек бўлимлар, гуруҳлар, товар позициялари ва субпозицияларига барча изоҳларни қўллаш ҳамда УТ бўлимлари, гуруҳлари, товар позициялари ёки субпозициялари мазмунини ўзгартирмаслик;

● УТда қабул қилинган кодлаштириш тартибига риоя этиш;

● товарларни олиб кириш ёки олиб чиқишга доир ўз статистик маълумотларини УТнинг 6 белгили кодига мувофиқ ёки янада чуқурроқ таснифлаш даражасида эълон қилиш, агар бундай эълон қилишларга чекловларни, масалан, тижорат сирини сақлаш ёки давлат хавфсизлиги манфаатларига зиён етказиш сингари алоҳида ҳолатлар тақозо этмаса.

Айни пайтда қўлланилаётган божхона тарифи батафсил регламентлашни талаб этмаса, миллий товар номенклатураларида УТ субпозицияларидан фойдаланмасликка рухсат берилади. Бунда статистик номенклатура Конвенциянинг 3-моддаси талабларига мувофиқ аниқ юритилиши таъминланиши керак. Бошқа томондан, товарларни янада чуқурроқ таснифлаш учун ўз товар номенклатураларида кичик бўлимлар очишга рухсат этилади.

Чунончи, ЎзР ТИФ ТНда товарларнинг 10 белгили кодларидан фойдаланиш айрим турдаги товарлар юзасидан тариф ва нотариф тартибга солинишининг янада аниқ ва манзилли чораларини қўллаш ҳамда уларнинг ташқи савдо оборотидаги ҳаракатининг батафсил статистик ҳисобини юритиш имконини беради.

Бунга қуйидаги мисолни келтириш мумкин. Савдо статистикасини йиғиш учун Уйғунлаштирилган тизим муҳимлигини тасдиқлаш учун УТнинг 2017 йилги таҳриридаги балиқ ва балиқ маҳсулотлари бўйича тузатишлар балиқ турлари ва маҳсулотлар шакллари кенгроқ қамраб олинишига йўналтирилган, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ресурсларни янада самарали бошқариш мақсадида уларни назорат қилиш зарур.

Бундай ўзгартиришлар ЎзР ТИФ ТНнинг янги версиясига ҳам киритилди. Масалан, 0303 25 субпозицияси балиқларнинг кўпроқ турларини ўз ичига олувчи янги таҳрида баён этилди: «0303 25 – карп (Cyprinus spp., Carassius spp., Ctenopharyngodon idellus, Hypophthalmichthys spp., Cirrhinus spp., Mylopharyngodon piceus, Catla catla, Labeo spp., Osteochilus hasselti, Leptobarbus hoeveni, Megalobrama spp.)».

Қисқичбақасимонлар, моллюскалар ва бошқа умуртқасизларнинг янада батафсил тоифаларга бўлинишини ушбу турларнинг ҳар хил шакллардаги савдоси ва истеъмол қилиниши муҳимлиги тақозо этди. Мисол учун, илгари амал қилган 0306 21 900 0 субпозицияси ўрнига янгилари киритилди:

«тирик, янги тутилган ёки совутилган:

0306 31 000 0 – Европа лангусти ва бошқа лангустлар (Palinurus spp., Panulirus spp., Jasus spp.)

0306 32 – омарлар (Homarus spp.)

0306 33 – краблар

0306 34 – Норвегия омари (Nephrops norvegicus)

0306 35 – совуқ сувда яшовчи креветкалар (Pandalus spp., Crangon crangon)

0306 36 – бошқа креветкалар

0306 39 – бошқа, қисқичбақасимонлардан майда ва йирик эланган ун ва гранулалар, овқатда истеъмол қилиш учун яроқли, ... ва ҳ.к.».

Бундан ташқари, бундай бўлиш 2 та таснифлаш тизими, Уйғунлаштирилган тизим ва БМТнинг Асосий маҳсулотлар классификациясини мувофиқлаштириш имконини беради.

Мисол учун, ЎзР ТИФ ТН 06 ва 12-гуруҳларидаги ўзгартиришлар эса битта асосий мақсад: савдо (хусусан, ёғоч-тахта савдоси) тузилмаси, шу жумладан йўқолиш хавфи остида турган турлар ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун тирик дарахтлар ва бошқа ўсимликлар турлари қамровини ошириш ниятида ишлаб чиқилди.

 

ТИФни тартибга солиш учун

ЎзР божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлар ўз вақтида божхонада расмийлаштирилишини таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2017 йилдаги 1042-сон қарори билан 2017 йилги версиядаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг жорий этилиши муносабати билан таснифлаш кодлари ўзгартирилган товарлар рўйхати тасдиқланди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш тизимининг УТга киритилган тузатишларга мувофиқлаштириш қисмида амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритмасдан 2017 йилги версиядаги ТИФ ТН кодлари бўйича товарларни таснифлашга ўтишини таъминлайди.

Ташқи савдо вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасига зарурат туғилган ҳолларда 2017 йилги версиядаги ТИФ ТН бўйича товарларни таснифлаш юзасидан қўшма хулосалар бериш, шунингдек тегишли баённомани расмийлаштириш йўли билан юқорида тилга олинган Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

ДБҚга ЎзР божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш чоғида ВМнинг 1042-сон қарори қоидаларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий сиёсат чоралари, шу жумладан божхона имтиёзларини қўллаш топширилди.

Товарларни таснифлаш ЎзР ТИФ ТНни талқин этишнинг асосий қоидаларига, шунингдек таснифлашнинг ҳар қандай даражасидаги кичик субпозицияларга доир изоҳларга мувофиқ амалга оширилади.

Товарларни таснифлашда УТга, МДҲ ТИФ ТНга ва Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТНга доир тушунтиришлар товар кодини унинг хусусиятлари бўйича аниқлаштириш имконини берадиган қўшимча материал сифатида қўлланилади.

ЎзР ТИФ ТНнинг бир хил талқин этилишини таъминлаш мақсадида ДБҚ айрим турдаги товарларни таснифлаш бўйича қарорларни эълон қилади.

Божхона расмийлаштирувида товарлар нотўғри таснифланганлиги аниқланган тақдирда божхона органи товарларни таснифлашни мустақил амалга оширади ва уларнинг таснифи бўйича қарор қабул қилади. Товарларни божхона мақсадларида таснифлаш бўйича ушбу қарорлар мажбурийдир (Божхона кодексининг 369-моддаси).

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

Прочитано: 2180 раз(а)

Комментарии к статье (3)

2020-05-30 09:50:19, Гость_:
Вафли “Duplo” - 85 гр. 9.0 х 1.8 х 0.8 ҳажмли тўртбурчак шаклдаги маҳсулотни таснифланг
2020-05-30 09:51:54, Гость_:
Усти ярим шоколод билан қопланган 85 гр. печенье  масалан“Twix” ни таснифланг.
2020-05-30 09:52:36, Гость_:
Алкоголсиз пиво  (алкоголь мавжудлиги 5% ёки ундан кам)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика