Ҳайдовчи тўхташ тақиқланган жойда мажбурий тўхтаганда қандай ҳаракат қилиши керак? Автомобиль йўлни кесиб ўтиш жойида ўчиб қолган бўлса, нима қилиш зарур?
Р.А. Тошкент ш.
– Агар сиз қатор сабабларга кўра йўлда тўхташга мажбур бўлсангиз, авария ёруғлик ишорасини ёқишингиз зарур. Бурилишни кўрсатувчи барча ёруғлик ишораларининг бир вақтда милтиллаши авария ишоралари ҳисобланади. Авария ишораси қуйидаги ҳолларда ёқилиши керак:
√ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда;
√ тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхталганда;
√ чироқлар ёруғлиги ҳайдовчининг кўзини қамаштирганда;
√ шатакка олишда (шатакка олинган транспорт воситасида).
Автомобилингиз хавф туғдириши мумкин бўлган бошқа ҳолларда ҳам йўл ҳаракати қатнашчиларини огоҳлантириш мақсадида уларни ёқиш керак (ЙҲҚнинг 50-банди, ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова).
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда, тўхташ тақиқланган жойларда ёки тўхтаган жойидаги кўриниш транспорт воситасини бошқа ҳайдовчилар томонидан ўз вақтида пайқаб олишга тўсқинлик қиладиган жойларда мажбурий тўхтаб қолганда, шунингдек авария ёруғлик ишораси ишламаганда ёки ўрнатилмаганда авария тўхташ белгиси – милтилловчи қизил чироқ ўрнатилади.
Бундай белги (чироқ) ҳайдовчиларни хавфли вазият ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш имконини берадиган масофада ўрнатилиши керак. Бу масофа аҳоли яшаш жойларида транспорт воситасидан 15 метр, аҳоли яшамайдиган жойларда эса – 30 метрдан кам бўлмаслиги керак (ЙҲҚнинг 51-банди).
Темир йўл кесишмасида мажбуран тўхтаб қолганда дарҳол одамларни тушириш ва кесишмани бўшатиш чораларини кўриш зарур.
Шу билан бир вақтда ҳайдовчи:
√ имконияти бўлганда, яқинлашиб келаётган поезд машинистига тўхташ ишорасини бериш қоидасини тушунтириб, икки кишини темир йўл ёқаси бўйлаб иккала томонга 1 000 метр масофага (агар бир киши бўлса – уни йўл яхши кўринмайдиган томонга) юбориши;
√ транспорт воситаси ёнида қолиши ва умумий хатар ишорасини (битта узун ва учта қисқа товуш серияси) бериши;
√ поезд кўринганда тўхташ ишорасини (кундузи ёрқин мато парчаси ёки аниқ кўринадиган бирор нарса билан, тунда эса машъала ёки чироқ билан қўлни гир айлантириш орқали) бериб, у келаётган томонга югуриши керак (ЙҲҚнинг 120-банди).
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.