Биз асосий воситани харид қилиш учун шартнома туздик. Шартномага кўра олдиндан тўлов 50% миқдорида белгиланган эди, бироқ биз қарийб 75% тўладик. Бизга шартнома умумий қийматининг 38%и суммасидаги товарни бердилар. Қолган суммани қайтармадилар ва қолган товарни етказиб бермадилар.
Кейинчалик етказиб берувчи товар нархини ўзгартирди. Сўнг биз АВни қимматроққа сотиб олишга мажбур бўлдик.
Биз жавобгарга қийматдаги фарққа пеня ҳисоблашни сўраб судга даъво аризаси бердик. Суд бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Бироқ жавобгар апелляция шикояти бериб, унда пеня ортиқча ҳисобланганини, сабаби у МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилиши кераклигини кўрсатди.
Қарздоримиз қандай асосга кўра Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича пеняни қайта ҳисоблашни талаб қилиши мумкин?
Ф.Кунгратов, бош бухгалтер.
– Агар сотувчи олдиндан ҳақи тўланган товарни топшириш мажбуриятини бажармаса ва олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, олдиндан тўланган сумма учун фоизлар тўланиши лозим (ФКнинг 327-моддаси). Фоизлар шартнома бўйича товар топширилиши лозим бўлган кундан бошлаб у сотиб олувчига топширилган ёки унга олдиндан тўлаган суммаси қайтариб берилган кунгача тўланади. Шартномада сотувчининг олдиндан тўланган сумма учун фоизларни бу сумма сотиб олувчидан олинган кундан бошлаб тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 420-моддаси 4-қисми).
Бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.
Фоиз Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ҳисоб ставкасига тенг. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади (ФКнинг 327-моддаси 1, 2-қисмлари).
Товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5%и миқдорида пеня тўлайди. Бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50%идан ошиб кетмаслиги лозим («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси).
Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун Қонуннинг 25-моддасида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади (Қонуннинг 24-моддаси 2-қисми).
Қонун ҳужжатларида товар тўлиқ (ўз вақтида) етказиб берилмаганлиги (мажбуриятлар бажарилмаганлиги) учун фоизлар тўланиши белгиланганлиги сабабли, агар шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздорингиз юқорида кўрсатилган нормаларга мувофиқ МБнинг қайта молиялаштириш ставкасида ташкилотингизга фоизларни тўлаши керак.
Александр Лобанов, «Norma Online» эксперти.