Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил вақтида бошқа иш берувчи билан қонуний тарзда ишласа бўладими? Бу ҳолда қайси турдаги шартнома тузилади?
– Мурожаатингизда қайси лавозимда ва қайси ташкилотда ишлашингизни кўрсатганингизда, жавобимизда қайси ишларда ишлашингиз ва қайси ҳолларда тақиқлар белгиланганлигини батафсил маълум қилган бўлардик. Шунинг учун жавобимиз умумий нормалар асосида бўлади.
Мурожаатингизда кўрсатилган муддат ичида асосий иш жойингиздан олган маълумотномангиз билан ўриндошлик асосида ишлашингиз мумкин. Лекин, Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланганидек қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган:
► 18 ёшга тўлмаган шахслар;
► агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;
► Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари);
► давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари;
► Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари;
► Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
► вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
► бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
► қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (Низомнинг 4-банди).
Ўриндошлик асосида ишлашга, агар Низомда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади (Низомнинг 5-банди).
Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди (Низомнинг 6-банди).
Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин (Низомнинг 7-банди).
Ўриндош ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасида Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади (Низомнинг 8-банди).
Агар жамоавий шартномада ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда қабул қилинган бошқа маҳаллий ҳужжатда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчиларга меҳнат ҳақи, мукофот, қўшимча ҳақ, устама, рағбатлантириш тўловлари шакли ва тизими ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади (Низомнинг 15-банди).
Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади (Низомнинг 16-банди).
Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир (Низомнинг 18-банди).
Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади (Низомнинг 19-банди).
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online» етакчи эксперти.