Болани 3 ёшга тўлгунча парваришлаш таътилидаман. Ишга чиқмоқчи эдим, бироқ штатлар қисқартирилган экан. Лавозимимни қисқартирибдилар, шу сабабли ишга чиқа олмайман – энди иш жойим йўқ.
Қаерга мурожаат қилишим мумкин?
О.Г.
– Ҳатто ходим розилик берган бўлса ҳам, иш берувчининг бундай хатти-ҳаракатлари қонунга зид. Болани 3 ёшга тўлгунча парваришлаш таътили даврида уни парваришлаётган ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади.
Қонун ҳужжатларига кўра, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади (МКнинг 237-моддаси).
Шу сабабли сиз билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган ишни беришини иш берувчингиздан талаб қилишни тавсия этамиз. Акс ҳолда судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.