Norma.uz

Кетиш олдидан

 

Ишловчи пенсионерларшифокорлар, шунингдек масофадан туриб чет эллик иш берувчилар билан ишлаётганга тааллуқли пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги айрим ўзгартиришлар ҳақида шу сондан билиб оласиз. Ҳар доимгидек, ўқувчиларнинг саволларига Пенсия жамғармаси мутахассиси жавоб беради.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Кетиш олдидан

 

Яшаш жойини ўзгартириш ҳар доим оворагарчиликка сабаб бўлади. Кўплаб кекса кишилар яшаш жойи ўзгаришига саноқли кунлар қолганда пенсия ишлари ҳақида эслаб қоладилар. Бошқа жойга кўчаётганда пенсионер пенсия олиш ҳақида нималарни билиши кераклиги ҳақида ЎзР бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев сўзлаб беради.

 

– Ўқувчиларимизнинг кўчиб кетаётганда пенсия ҳақидаги саволлар билан кўп мурожаат қилишлари кишилар тўлиқ ҳажмда ахборотга эга эмасликларидан далолат беради. Бундай ҳолларда хатти-ҳаракат қилишнинг аниқ алгоритми мавжудми?

– Ҳа, албатта. Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги ­252-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар* бундан мустасно) Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал миллий валютада тўланади.

Ушбу 6 ойлик давр аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади. Кетаётган кишининг паспортида «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги бўлиши ва унга кетиш варақчаси илова қилинган бўлиши шарт. Шунингдек ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери ва у бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) бўлиши лозим (252-сон Низомнинг 177, ­178-бандлари).

– Демак, ушбу тўловларни олиш учун пенсионерда 3 кундан 5 кунгача вақт қолади, зеро кўпроқ вақт бўлиши учун вақтинчалик рўйхатдан ўтиши зарур?

– Одатда, кишилар шу муддатда улгуришга уринадилар. Агар пенсионер 6 ой аввал пенсия тўлангандан кейин доимий яшаш жойига кетмаган бўлса, унга пенсия тўланган 6 ойлик давр тамом бўлгандан кейин пенсияни навбатдаги тўлаш учун мурожаат қилган тақдирда, унга худди шу тартибда 6 ой аввал яна пенсия тўланиши мумкин (252-сон Низомнинг 181-банди).

– Пенсия қандай тўланади? Уни, масалан, Ўзбекистон ташқарисида бўлган ҳолда почта ўтказмаси орқали олиш мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. 6 ой аввал пенсия тўлаш пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали бир марталик ведомость асосида, шунингдек Ўзбекистондаги тижорат банкининг филиалида пенсионернинг номига очилган банк ҳисобрақамига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Шунга эътиборингизни қаратмоқчиманки, 6 ой аввал тўланган пенсия суммасини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия тўланган даврда пенсиялар миқдорлари ўзгарганлиги муносабати билан қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди (252-сон Низомнинг 179, 180-бандлари).

– Масалан, пенсионер жорий ойда пенсия олиб бўлган ва шу ой тугамасдан 6 ойлик пенсиясини сўраб мурожаат қилган бўлса, пенсия қандай ҳисобланади?

– Пенсия тўланадиган олти ойлик давр Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетишдан олдин келгуси 6 ой учун пенсия тўлаш учун аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади (252-сон Низомнинг 177-банди 2-хатбошисига қаранг).

 

МИСОЛ. Киши шу йил 11 октябрда пенсия тўлашларини сўраб мурожаат қилди, демак, 6 ойлик давр айни 11 октябрдан кейинги йил 10 апрелгача ҳисоблаб чиқилади. Агар киши октябрь учун пенсия олиб бўлган ёки шу ой давомида оладиган (тўлаш учун жўнатилган) бўлса, у ҳолда унга жорий йил 1 ноябридан кейинги йил 10 апрелигача бўлган давр учун пенсия тўланади.

 

– Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатларга жўнаб кетаётган пенсионерларга пенсия қандай тўланади?

– Ўзбекистон пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетишдан олдин тайинланган пенсия яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилган ой охиригача тўланади.

Пенсионернинг аризаси ва паспортидаги «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги асосида пенсия тўлаш тўхтатилади.

Фуқаро пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартнома тузилмаган давлатга жўнаб кетаётганда пенсионерга пенсия йиғмажилди берилмайди – у архивда сақланади.

Пенсионер халқаро шартнома тузилган давлатга жўнаб кетаётган бўлса, унинг пенсия йиғмажилди қўлига берилиши ёки унинг ўрнига йиғмажилдни ишончли вакили олиши мумкин. У пенсионернинг янги яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлими сўровига асосан почта орқали жўнатилиши ҳам мумкин (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 50-банди). Бироқ шуни ёдда тутиш лозимки, келгусида пенсия таъминоти пенсионер борган мамлакат қонунчилигига мувофиқ юритилади (Битим, Москва, 13.03.1992 йил).

– Ўзбекистон доирасида яшаш жойини ўзгартирадиганлар учун қоидалар қандай?

– Ушбу ҳолатда ҳамма иш анча осон кечади. Пенсияни тўлаш пенсия ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин пенсионернинг янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими томонидан давом эттирилади. Бунда пенсияни тўлаш олдинги яшаш жойи бўйича уни тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб, лекин унинг томонидан ҳисобга қўйиш мақсадида мурожаат этилгандан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун давом эттирилади (252-сон Низомнинг 170-банди). Яъни пенсионер янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимида қанча тез ҳисобга қўйилса, тез орада пенсия ола бошлайди.

 

Алла Ромашко, мухбиримиз.

 

 


*Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Украина.

 

Маълумот учун!

1140 – Пенсия жамғармасининг «ишонч телефони».

У Ўзбекистон бўйича ягона бўлиб, бу рақамга қўнғироқ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ТЕРГАН ҲОЛДА (қўшимча вилоят ва шаҳар кодларисиз) амалга оширилади.

 

 

Расмий жавоб

 

Қарзни нима қилайлик

 

Биз ходим учун пенсия ололмаяпмиз. Корхонамизда 2016 йил 8 октябрдан бошлаб пенсияни расмийлаштирган ходим ишлайди. Бухгалтерия унга тўланадиган суммани Ўзбекистон Миллий банкида очилган махсус 888-пенсия счётига ўтказиш тўғрисидаги талабномани Шайхонтоҳур туман пенсия бўлимига электрон тарзда берган. Бироқ пенсия бўлими талабномани фақат 2016 йил декабрида қабул қилди, октябрь ва ноябрда эса электрон талабномани қабул қилишни рад этган. Декабрдан августгача бўлган пул маблағларини корхонанинг 888-пенсия счётига ўтказдилар, уларни пенсионерга тўладик. Бироқ 2016 йилги қарзни нима қилишимиз кераклиги ҳақида пенсия бўлими тушунтириш бермаяпти.

2016 йил октябри ва ноябри учун ходимнинг пенсиясини 888-пенсия счётига ўтказишлари учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?

И.Александра, бухгалтер.

 

– Ҳақиқатан ҳам, 2016 йил октябри ва ноябри учун пенсия олишга электрон талабномаларни вақтида – ҳисобот ойининг 10-санасигача топширмаган бўлсангиз, кўрсатилган даврларга электрон талабнома қабул қилинмайди. Ҳисобот ойининг 10-санасигача электрон талабномаларни жўнатишга улгурмаган бўлсангиз, улар учун талабномалар тақдим этилмаган пенсия суммалари кейинги ойлар учун талабнома суммаларига киритилади. 2016 йил октябри ва ноябри учун пенсия суммаларини «Жорий давр пенсияси суммаси» устунида (9-устунда) кўрсатган ҳолда исталган жорий ой учун пенсия олишга электрон талабномага киритишингиз зарур эди. Яъни жорий давр учун пенсия суммасига олдинги даврлар (2016 йил октябри ва ноябри) учун пенсия суммалари ҳам киритилади. Бунда ўтган давр учун пенсия суммаларини ҳам электрон талабноманинг «Олдинги давр пенсияси суммаси» устунида (10-устунда) алоҳида кўрсатиш зарур. Яъни бу ерда фақат 2016 йил октябри ва ноябри учун пенсия суммаларини (жорий даврдаги пенсия суммасини ҳисобга олмасдан) кўрсатишингиз керак эди (АВ томонидан 3.11.2016 йилда 2836-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 3-илова).

 

МИСОЛ. Жорий давр (масалан, 2017 йил апрель) учун пенсия суммаси 560 минг сўмни ташкил этади. Бунда 2016 йил октябри ва ноябри учун пенсия суммаси ҳам 560 сўмдан иборат бўлган. 9-устунда қайд этилиши зарур бўлган умумий сумма 1 680 минг сўмни (560 + 560 + 560 – 2017 йил апрели, шунингдек 2016 йил октябри ва ноябри учун) ташкил этади. 10-устунда ўтган давр учун сумма – 1 120 минг сўмни (560 + 560 – 2016 йил октябри ва ноябри учун) кўрсатиш лозим. 

 

 

Керакли манзил бўйича мурожаат қилинг

 

Мен Германияга доимий яшаш учун жўнаб кетиб, анча вақтдан буён шу ерда яшайман. Бироқ кетгунимга қадар Ўзбекистон Республикасида кўп йил ишлаб, солиқлар ва бадалларни тўлаганман. Қандайдир нафақа ёки пенсия олишга ҳақим борми? Агар ҳақим бор бўлса, Ўзбекистондан тўланиши лозим бўлган пенсия тўловларини қандай қилиб олишим мумкин?

Б.Фермон.

 

– Йўқ, Ўзбекистон Республикасидан пенсия олишга ҳақли эмассиз. Аниқроқ жавоб олишингиз учун фуқаролигингизни кўрсатишингиз керак эди.

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида яшаб турган фуқароларни пенсия билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, башарти Ўзбекистонда доимий яшаб турсалар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси, бундан кейин – Қонун). Ушбу далил ички ишлар органлари томонидан бериладиган яшаш гувоҳномаси асосида белгиланади.

Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, Германия Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида пенсия таъминоти соҳасида битим тузилмаган.

Ўзбекистондан ташқарида яшовчи шахсларнинг пенсия ёки ижтимоий таъминоти улар ҳудудида яшаётган давлат қонунчилигига кўра, ушбу давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

 

 

Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи

 

Амаким – I гуруҳ ногирони. Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлашда унинг учун имтиёзлар бериладими?

Г.Т.

 

– Қуйидагилар ҳар ойда ЭКИҲнинг 45%и миқдорида компенсация пул тўловларини олувчилар ҳисобланади:

а) 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлари;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари, ҳар ойда ЭКИҲнинг 50%и миқдорида компенсация пул тўловларини олувчилар ҳисобланади.

1941–1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари ҳар ойда ЭКИҲнинг 25%и миқдорида компенсация пул тўловларини олувчилар ҳисобланади (Рўйхат, 14.04.2015 йилдаги ПФ-4715-сон Фармонга 1-илова).

Амакингиз кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногирони бўлса, уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларини олишга ҳақли бўлади. 

 

 

Келажак ҳақида ҳозирдан ўйланг

 

Ўғлим чет элда ишлайди. Пенсия тайинлаш чоғида чет элдаги иш вақти ҳисобга олиниши учун у нима қилиши керак?

Н.Мельгунова. Тошкент ш.

 

– Ўғлингиз чет элда ёлланган ҳолда ишлаётган бўлса, бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун ЎзР Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлашга ҳақли.

Бунда у қанча миқдорда пенсия олишни исташидан келиб чиқиб, суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилаши мумкин. Бадаллар суммаси уларни тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бўлиши керак. Шунга эътибор қаратмоқчиманки, суғурта тўловлари суммаси пенсия миқдорига салмоқли таъсир кўрсатади.

Бадаллар миллий валютада, ўғлингизнинг доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисобрақамларига тўланади.

Унда идентификация рақами (СТИР) мавжуд бўлмаганда у солиқ тўловчи сифатида унга СТИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича солиқ органида ҳисобга қўйилиши шарт.

Бадалларни ҳар ойда ёки ҳар чоракда ёхуд бирйўла – Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб 3 ой мобайнида тўлаш мумкин.

Ватанига келгандан сўнг ваколатли орган томонидан 3 кун муддатда бериладиган белгиланган шаклдаги чет эл давлати ва у ерда бўлган вақти тўғрисида маълумотнома Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритиш учун асос ҳисобланади (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

 

 

Кўмак берадилар

 

Амакиваччам касал бўлиб, пенсияни расмийлаштириш учун маълумотномаларни ўзи тўплай олмайди. Унинг пенсиясини расмийлаштириш билан шуғуллансам бўладими?

Менга ишончнома ёки бошқа ҳужжатлар керакми, айнан қандай ҳужжатлар бўлиши лозим?

Р.Ҳалимбоева. Тошкент ш.

 

– Иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги архив маълумотномалари ташкилотлар ва архив муассасалари томонидан берилиши инобатга олинса, улар ҳужжатларни расмийлаштиришга ишончнома талаб қилишлари мумкин.

Шу билан бирга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари аризачига (яъни амакиваччангизга) зарур ҳужжатларни олишида кўмаклашишлари шарт (Қонуннинг 43-моддаси 6-қисми).

 

 

Натижа ва унинг таркибий қисмлари

 

Пенсия расмийлаштирилгандан кейин онамга атиги 165 000 сўм тайинладилар. У 15 йил болалар боғчасида ишлаган. Пенсияга чиқиш олдидан охирги 10 йил давомида ишламаган. Шунчалик кам миқдорда пенсия тайинланиши мумкинми? Пенсия жамғармаси бўлим ходимлари ҳақлимилар?

Гурьева. Тошкент ш.

 

– Пенсия миқдори иш стажининг муддатига, ўртача ойлик иш ҳақига боғлиқ бўлиб, пенсиянинг таянч миқдоридан, иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан, пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан таркиб топади (Қонуннинг 25-моддаси).

Қонуннинг 31-моддасида ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг умумий тартиби келтирилган. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.

Ўртача ойлик иш ҳақи энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия ЭКИҲдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

Ёшга доир пенсиянинг таянч миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%и миқдорини ташкил этади (Қонуннинг 26-моддаси).

Пенсиянинг таянч миқдори 20 йиллик иш стажига эга бўлган аёлларга тайинланади. 20 йилдан кам иш стажига эга бўлган аёлларга Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсия тайинланади.

Чунончи, тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсиялар мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тайинланади ва ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан кам бўлиши мумкин эмас (292 940 х 50% = 146 470 сўм).

Улар қуйидаги тарзда мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади:

► дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади;

► ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади;

► олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (252-сон Низомнинг 130-банди).

Онангизнинг пенсияси миқдори ўртача ойлик иш ҳақи даражаси 532 000 сўмдан камлигини ҳисобга олганда, 11 йиллик иш стажига мувофиқ келади. Шуни қайд этиш лозимки, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш стажи меҳнат дафтарчасида кўрсатилган стаж муддатига қараб аниқланмайди. Муайян даврлар иш стажига қўшилмайди. Масалан, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлиш – иш ҳақи ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар. Бола 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига киритилади.

 

МИСОЛ. 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл ҳаммасини жамлаганда 8 йил давомида учта фарзандини парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил (30 – 8 + 3 = 25) иш стажи ҳисобланади.

 

Иш стажи (11 йил) тўғри ҳисобланганлиги хусусида шубҳаланаётган бўлсангиз, унга киритилган даврларни аниқлаштириш мақсадида пенсияни тайинлаган Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишга ҳақлисиз, у ерда сизга пенсия тайинлаш масалалари юзасидан тушунтириш ва маълумотлар берилиши шарт (Қонуннинг 43-моддаси 6-қисми).

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

 

Хорижий компаниялар фрилансерлари меҳнати мувофиқлаштирилади

 

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармонга 8-илова) мувофиқ қонунчиликка меҳнат билан таъминлашнинг янги шаклларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Республикамиз ҳудудидан ташқарида бўлган ва унинг солиқ агентлари бўлмаган хорижий иш берувчилар билан шартнома асосида Ўзбекистонда ишлаётган (масофадан туриб ишга жойлашиш) фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида таъкидлашларича, бундай иш шакли Ўзбекистонда тобора кенг тарқалмоқда. Шу боис мазкур фуқароларнинг ижтимоий суғуртаси, уларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш (меҳнат дафтарчаларини юритиш) ва, албатта солиқ тўлаш масалалари кун тартибига қўйилмоқда.

Экспертлар келгусида муаммолар (масалан, давлат пенсиясини тайинлашда) юзага келмаслиги учун ушбу тоифадаги ходимларни солиқ ва ижтимоий бадалларни тўлашга рағбатлантириш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Вазирлик томонидан Меҳнат кодексига тегишли қўшимчалар ишлаб чиқилган. Улар масофадан туриб ишлашнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олади: ишга жойлашиш тартиби (ишга қабул қилиш) ва меҳнат фаолияти шартлари, меҳнат стажини ҳисобга олиш механизмлари ҳамда «электрон меҳнат дафтарчаси» юритишни. Тегишли равишда қайта ишланганидан кейин қонун лойиҳаси ҚҲТБТ порталига (regulation.gov.uz) кенг муҳокама учун жойлаштирилади.

Тузатишлар билан қатор муаммоларни ҳал этиш кўзда тутилган. Масалан, Ўзбекистон қонунчилигига кўра ходимнинг хоҳ «қоғоздаги», хоҳ «электрон» кўринишдаги меҳнат дафтарчасига қайдлар иш берувчи томонидан киритилади. Ҳужжатларни ёки хорижий иш берувчининг давлат намунасидаги ҳуқуқ ўрнатувчи ҳужжатлардаги қайдларини тан олиш (нострификация қилиш) эҳтиёжи туғилиши мумкин. Шу билан бирга қатор давлатларда ходимларнинг меҳнат дафтарчалари юритилмаслигини эътибордан қочирмаслик зарур, иш даврлари ва вазифалари ходимнинг резюмесида кўрсатилади, ундаги маълумотларни иш берувчига сўровнома юбориш ёки очиқ маълумотлар базасига мурожаат этиш орқали текшириш мумкин.

Масофали ишда банд бўлганлар ўз ҳуқуқларини муаммоларсиз амалга ошира олишлари учун бир вақтнинг ўзида зарур инфратузилма шакллантирилади. 2019 йилдан бошлаб ЯИДХП орқали меҳнат фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этувчи интерактив хизматни жорий этиш режалаштирилган. У бошқа шахслар учун ҳам хизматларни тақдим этиши мумкин. Иш берувчи тегишли маълумотларни ягона солиқ тўлови бўйича ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи таркибида солиқ органларига тақдим этганидагина меҳнат стажи инобатга олинади.

 

Анвар Йўлдошев, «Norma Online» эксперти.

 

 

Ишлаётган пенсионер-шифокорлар пенсияни тўлиқ миқдорда олади

 

ҚҲТБТ порталида Президентнинг хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирларига доир қарори лойиҳаси эълон қилинди.

 

Лойиҳа мақсадлари:

► хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни рағбатлантириш;

► кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шароитларни яхшилаш;

► кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг ҳажмини кенгайтириш;

► хорижий инвестицияларни хусусий тиббиёт соҳасига жалб этиш.

Шифокорлар иш шароитларини яхшилаш учун лойиҳада, хусусан, тиббиёт ташкилотларининг ишлаётган шифокорлари пенсияларини мулкчилик шаклидан қатъи назар тўлиқ миқдорда тўлаш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда фуқароларнинг алоҳида тоифаларидан ташқари, ишлаётган пенсионерларга тайинланган пенсиянинг 50%и тўланади.

Ленара Хикматова, «Norma Online» эксперти.

 

Лойиҳага ўзгартириш, қўшимчалар киритилиши ёки у рад этилиши мумкин.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Бадалларни тўлаш пайти келди

 

МДҲ мамлакатларидаги иш стажи ҳисобга олинадими?

А.Р. Тошкент ш.

 

– Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимга (Москва, 13.03.1992 йил) аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия, шу жумладан имтиёзли асосларда ва кўп йил ишлаганлиги учун пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун Битим кучга киргунига қадар, яъни 1992 йил 13 мартгача бўлган даврда мазкур давлатларнинг исталгани ҳудудида, шунингдек собиқ Иттифоқ ҳудудида эга бўлган иш стажи ҳисобга олинади (Битимнинг 6-моддаси).

Тегишинча, Ўзбекистон фуқароларининг 1992 йил 13 мартдан кейинги ишлаш даври, башарти Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса, ҳисобга олинади.

 

 

Бу ҳолда ололмайсиз

 

Пенсионер бўлмай туриб ШЖБПҲдаги жамғармаларимни олишим мумкинми?

В.Корзин.

 

Йўқ, ололмайсиз. Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олишингиз мумкин бўлади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси).

Жамғариб бориладиган тўловларни олишнинг алоҳида ҳоллари мавжуд. Масалан, фуқаро вафот этган тақдирда, ШЖБПҲда жамғарилган маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бирйўла тўла ҳажмда тўланади. Фуқаро Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса ҳам, ўз пенсия жамғармаларини бир йўла тўла ҳажмда олиши мумкин бўлади (Қонуннинг 17-моддаси).

 

 

«Офицерлик» стажи

 

Эшитишимча, офицерларнинг хотинлари олис гарнизонларда ёки ишга жойлашиш имконияти бўлмаган жойларда яшаган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланар экан. Шу тўғрими?

Г.Хусаинова. Термиз ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «з» банди).

Улар камида 7 йиллик умумий стажга эга бўлган ҳоллардагина бу давр қўшилади (Қонуннинг 8-моддаси).

Ишлаш имконияти бўлмаган жойларда яшаган вақтни стажга киритиш учун бу ҳақдаги маълумотномани тақдим этиш зарур (Низомнинг 12-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

Маълумот учун!

Пенсионерда фақат ВАҚТИНЧАЛИК ПРОПИСКА МАВЖУД БЎЛСА, пенсия унинг амал қилиш муддати давомида тўланади. Ўзбекистонда доимий яшайдиган хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахсга ПЕНСИЯ истиқомат учун берилган рухсатноманинг АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ давомида тўланади.

 

 

Кўчирма ҳисобга олинмайди

 

Пенсия ҳисобланиши учун иш ҳақини тасдиқловчи ҳужжат сифатида штат жадвалидан кўчирмадан фойдаланиш мумкинми?

Ренат И. Тошкент ш.

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқаришда иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади. Лавозими бўйича маоши тўғрисидаги штат жадвалидан кўчирма ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари иш ҳақини тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида хизмат қила олмайди (252-сон Низомнинг 85-банди).

 

 

Буни билган маъқул

 

Болаликдан ногиронларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

Қуйидагилар нафақа олиш ҳуқуқига эга:

► I ёки II гуруҳ ногиронлигига эга бўлган, 16 ёшдан катта бўлган шахслар;

► 16 ёшгача бўлган ногирон болалар, нафақа олиш ҳуқуқини берувчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда.

Бирор-бир муддат билан чеклашсиз исталган вақтда нафақа тайинлашни сўраб мурожаат қилиш мумкин.

Яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) 16 ёшдан катта бўлган болаликдан ногироннинг аризаси;

► унинг паспорти нусхаси;

► ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки нозирнинг паспорти нусхаси (болаликдан ногирон муомалага лаёқатсиз деб топилган ҳолда);

► Пенсия жамғармаси бўлими аризага илова қиладиган ТМЭКнинг текширув далолатномасидан кўчирма;

2) ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийи ёки нозирининг аризаси;

► унинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси;

► ногирон боланинг яшаш жойини тасдиқловчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси;

► тиббий хулоса;

► ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки нозирнинг паспорти нусхаси.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН. Агар фарзандликка олувчи, васий ёки нозир ариза билан мурожаат қилса, туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка бериш, васийлик ёки нозирликни белгилаш тўғрисидаги қарори нусхасини ҳам тақдим этиш зарур.

 

Ариза барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилгандан кейин 10 кундан кечикмай кўриб чиқилади.

Барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлганда нафақа мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади:

► 16 ёшдан катта бўлган болаликдан ногиронга – ногиронликнинг бутун даврига;

► ногирон болага – тиббий хулосада белгиланган муддатга.

Нафақа яшаш жойи бўйича ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай тўланади. Улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.

16 ёшдан катта бўлган болаликдан ногиронга нафақа у ҳақ тўланадиган ишни бажаришидан ёки даромадларнинг бошқа турларини (стипендия, алимент ва б.) олишидан қатъи назар тўланади.

Ногирон болага тўловлар унинг учун бошқа пенсиялар ва нафақалар, шу жумладан боқувчисини йўқотганлик нафақаси олинишидан қатъи назар тўланади.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН. 16 ёшдан катта бўлган болаликдан ногирон ёки ногирон бола тўлиқ давлат таъминотида бўлса, тайинланган нафақа тўланмайди.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 2429 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика