ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасида фискал маълумотлар оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирларига доир қарори лойиҳаси тақдим этилди.
Ўзбекистон ҳар бир урилган чек ҳақидаги маълумотни солиқ органларига узатувчи НКМ тизимига ўтмоқда (онлайн НКМ). Таклиф этилаётган қарор лойиҳаси онлайн НКМни жорий этиш бўйича дастакка айланиши даркор.
Лойиҳада кўзда тутилишича, Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3300-сон «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ:
1. Онлайн режимида ҳисоб-китоблар тўғрисида солиқ органларига маълумотлар узатувчи НКМни қўллаш воситасида корхоналар тушумининг тушиши устидан назорат тизимини жорий этиш учун «Ўзбектелеком» АК ва «Online Technologies Systems» МЧЖ ХК қўшма корхона ташкил этади (кейинги ўринларда – ҚК). Мазкур ҚК фискал маълумотлар оператори этиб белгиланган1;
2. Фискал маълумотлар операторининг (кейинги ўринларда – ФМО) фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. У ФМОнинг фаолият кўрсатиш тартибини ва фискал маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнида унинг ДСҚ ва фойдаланувчилар билан ҳамкорлиги тамойилларини белгилайди.
Низом лойиҳасида нималарга эътибор қаратиш жоиз:
► ФМО НКМ фойдаланувчисидан қабул қилинган фискал маълумотларни ҳар куни ДСҚга юборади;
► ФМО фискал маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди. Бунда фискал маълумотларнинг ДСҚга узатилиши махфийликни бузиш деб топилмайди;
► ФМО фискал маълумотларни қайта ишлаш хизматларини кўрсатганлик учун тўлов миқдорини, шартларини ва тўлаш тартибини Молия вазирлиги билан келишган ҳолда мустақил равишда белгилайди;
► ФМОнинг техник воситалари ФМО томонидан тасдиқланган ахборот алмашинуви протоколларини қўллаб-қувватлайдиган ҳамда НКМ реестрига киритилган ҳар қандай НКМдан қабул қилишни таъминлайди;
► тизим фойдаланувчилари ҳар йили фискал тўплагични2 алмаштиришлари шарт, у ФМОдан сотиб олинади;
► ДСҚ реал вақт режимида ФМО маълумотлар базасида мавжуд бўлган фискал маълумотлардан тўсқинликсиз, шу жумладан масофадан фойдалана олади;
► ДСҚ НКМ реестри ва фискал тўплагичлар реестрини юритади. Томонлар келишувига кўра ушбу функция ФМОга ўтказилиши мумкин;
► фойдаланувчилар томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларда қўлланиладиган НКМ ва фискал тўплагичлар белгиланган тартибда тасдиқланган умумий техник талабларга мувофиқ бўлиши керак;
► 1.01.2018 йилдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида онлайн НКМдан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилади. У ихтиёрий асосда техник имкониятлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.
Лойиҳага ўзгартириш, қўшимчалар киритилиши ёки у рад этилиши мумкин.
1Фискал маълумотлар – ҳисоб-китоблар, шу жумладан, ҳисоб-китобларни амалга ошираётган ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор, ҳисоб-китобларни амалга оширишда қўлланиладиган НКМ ва НКМ ёки фискал маълумотлар оператори томонидан шакллантирилган бошқа маълумотлар тўғрисидаги ахборотлар.
2Фискал тўплагич – фискал маълумотларни ҳимоялашнинг аппарат-дастурий криптографик воситаси.
Феруз Хайруллаев, «Norma Online» эксперти.