Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 44 / Норматив лойиҳалар

Энергетик ичимлик: қувват бағишлайдими ёки «ўлат» етаклайдими?

 

ҚҲТБТ порталида энергетик ичимликларни реклама қилиш ва сотиш тартибини мувофиқлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

 

Энергетик ичимлик?! Нима у, дейсизми? Тўғри, бизнинг ёшдагилар (одатда, қирқдан ошганлар) балки бу ичимлик нималигини яхши билмас. Лекин ёшларимизнинг аксарияти энергетик ичимлик нима эканлигини билади, баъзилар эса уни ҳатто истеъмол қилувчи одам сифатида ҳам яхши танийди. Қизиғи шундаки, порталда жойлаштирилган қонун лойиҳаси бу ичимликни айнан 18 ёшга тўлмаган шахсларга сотишни тақиқлашни таклиф этмоқда.

Қонун лойиҳасининг аҳамияти, қанчалик долзарблиги ҳақида билиш учун биз унинг ишлаб чиқувчилари – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашдик. «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари Шуҳрат Тўхтабоев ва Акмал Умирзоқов лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича бевосита ташаббус кўрсатганлардан.

 

– Салқин ичимликларнинг шинавандаси бўлмаганлигим сабабли Ўзбекистон бозорида энергетик ичимликларнинг борлиги, уларнинг фойда-зарари ҳақида билмас эканман. Бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга нима туртки берди?

Ш.Тўхтабоев:

– Бизнинг «Миллий тикланиш» демократик партиямизнинг Сайловолди платформасида маънавий-маърифий соҳалардаги вазифалардан бири сифатида жисмонан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган бўлиб, бу борада мана икки йилдан ортиқ вақт мобайнида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг сентябрь ойи бошларида партиямизнинг Ёшлар қаноти фаоллари билан пойтахтимизнинг 10 га яқин йирик савдо марказларида ҳамда таълим муассасаларида қувват берувчи ичимликларни истеъмол қилиш бўйича ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар натижасига кўра, қувват берувчи ичимликларни татиб кўрган ўқувчилар сони 60%ни, уни «шунчаки қизиқиш учун» ичганлар 35%ни ташкил этиши маълум бўлди.

Бу борадаги тадқиқотлар кўплаб хорижий давлатларда ҳам ўтказилганини алоҳида таъкидлаш керак. Жумладан, 2014 йилда Австралиянинг Деакин университетида ташкил этилган ва таркибида кўп миқдорда кофеин моддаси бўлган энергетик ичимликларни истеъмол қилиш, унинг болалар ва ўсмирлар саломатлигига салбий таъсири масалаларини дунё миқёсида ўрганишга бағишланган биринчи халқаро конференция иштирокчилари бўлмиш олимлар, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ва вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлар хулосасига кўра, энергетик ичимликларни доимий равишда истеъмол қилиш вояга етмаганларда юрак ҳуружлари, ваҳима, кўриш қобилиятининг сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги (EFSA) берган маълумотларга кўра, 18-29 ёшдагиларнинг 70%и энергетик ичимликларни алкоголь маҳсулотига қўшиб ичиши маълум бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул алкоголнинг ўзидан заҳарланишдан кўра хавфлироқдир.

Австралиялик олимлар ўтказган «Ўсмирларнинг энергетик ичимликларга нисбатан қарашлари, ҳиссиётлари» номли тадқиқот натижаларидан билинадики, ўсмирлар энергетик ичимликлар таркибида инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана ва таурин каби моддалар мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, шунга қарамасдан, улар таркибида кўп миқдорда кофеин бўлган энергетик ичимликларни бошқа турдаги ичимликлардан осон фарқлай олади.

 

– Энергетик ичимликнинг зарарлилик даражаси бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосалари олинганми?

– Албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига кўра, энергетик ичимликларни истеъмол қилиш 18 ёшга тўлмаган ва аҳолининг айрим қатламлари соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган. Энг ёмони бу ичимликни алкоголли ичимлик билан биргаликда истеъмол қилиш ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги аниқланган. Айнан шу туфайли алкоголь ва/ёки тамаки маркетинги сингари бу турдаги ичимликларнинг рекламаси ҳам ижтимоий зарар келтириши мумкин бўлган рекламадир.

 

– Дарвоқе, муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасида «Реклама тўғрисида»ги Қонунга ҳам муайян ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган...

А.Умирзоқов:

– Ҳа, ушбу Қонунни 221-модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. Мақсад – ёшлар соғлиғига зарарли бўлган ичимликларнинг тарғиботини чеклаш ва қувват берувчи ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантиришдир. Бунинг учун энергетик ичимликлар рекламаси ва савдосини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари бинолари, жамоат жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, спорт, ижтимоий ва маданий тадбирларда аудио, визуал ва мультимедиа воситалари, матн, кўргазмали қўлланмалар, баннерлардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш ман этилади. Бундан ташқари, энергетик ичимликларнинг рекламасида уларни белгиланган ­меъёрдан ортиқ истеъмол қилишнинг зарари, шунингдек истеъмол қилиш ман этилган шахсларнинг рўйхати тўғрисидаги огоҳлантириш бўлиши керак. Қолаверса, бу ичимлик рекламасида уни истеъмол қилиш жараёни, истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортдаги муваффақиятларга эришиш ёки жисмоний ва психологик ҳолатни яхшилашда бу жараёнлар муҳим аҳамият касб этадигандек таассурот уйғотиши намойиш этилмаслиги керак.

Шунингдек, лойиҳага кўра энергетик ичимликнинг номланиши, товар белгиси ёки суратидан фойдаланган ҳолда асосан вояга етмаганларга мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳамда шундай шахслар ўртасида энергетик ичимликнинг номи, товар белгисидан фойдаланилган товарларни (масалан, футболкалар, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқалар) тарқатиш тақиқланади.

 

– Бундай ичимликлар юртимизга кириб келишининг тартиб-қоидалари белгиланганми ўзи?

– Ҳамма гап шундаки, биз лойиҳа устида ишлаш жараёнида Давлат солиқ қўмитасига солиқ масалалари қандай тартибга солинганига доир, Давлат божхона қўмитасига энергетик ичимликлар қайси ТИФ ТН коди бўйича олиб кирилаётганига доир сўровлар билан мурожаат қилдик. Маълум бўлишича, бу ичимликлар алоҳида товар сифатида олиб кирилиши учун ТИФ ТН ҳозирда йўқ. Бу маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишига оид техник регламенти ҳам мавжуд эмас. Уни бизда кўпроқ аҳолининг қайси қатлами, қанча миқдорда истеъмол қилади – бу масалалар ҳам мамлакат даражасида тадқиқ қилинмаган.

Жаҳонда ўрганилган маълумотларнинг кўрсатишича, «энергетик»ларни истеъмол қилиш бозори йилига 13-15%га кенгайиб бормоқда. Асосий истеъмолчилар 18-35 ёшдагилардир. Россияда эса ҳатто 12 ёшдан бошлаб энергетик ичимликларни истеъмол қила бошлашади.

Агар бу ичимликни асосан ёшлар истеъмол қилаётгани ҳисобга олинса, бизда унинг эҳтимолий истеъмолчилари аҳолининг 64%ини (30 ёшгача бўлганлар) ташкил этиши мумкин!

Дунёнинг бирорта давлати унинг истеъмол қилинишини буткул тақиқлаган эмас. Фақатгина ёш тоифасига қараб ёки аҳолининг айрим қатламлари учун энергетик ичимликларни истеъмол қилиш ёки уларга сотиш тақиқланган. Сабаби Европа Иттифоқининг бу борадаги нуқтаи назари ўзгача. Масалан, Франция ва Дания давлатлари энергетик ичимликлар истеъмол қилинишини тамомила тақиқлаган бўлишига қарамай, кейинчалик ЕИ комиссияси томонидан бу хатти-ҳаракатлар рақобатни ёки товарларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш сифатида баҳоланган бўлиб, ушбу давлатлардан жорий этилган тақиқларни бекор қилиш сўралган бўлса-да, аҳолининг, айниқса ёшларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ЕИ комиссиясининг бу таклифлари ҳали қабул қилинганича йўқ.

Россияда ҳам бундай ичимликлар федерал даражада эмас, балки алоҳида ҳудудлар доирасида чекланган: Чеченистон, Доғистон Республикаларида ва Москва вилоятида муайян чекловлар бор. Ёки Германия, Франция, Дания, Колумбия, Қувайт, Латвия, Литва, Мексика, Норвегия, Саудия Арабистони сингари давлатларда бир томонлама чекловлар қўйилган.

Масалан, Бирлашган Араб Амирликларида бу ичимликни истеъмол қилишнинг минимал ёши 18 ёш бўлган бўлса, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга биноан эндиликда 20 ёш деб белгилаш устида баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда.

2013 йилдаги маълумотга кўра, Францияда йилига 60 млн литр энергетик ичимлик истеъмол қилинар экан. Ана шунинг учун ҳозирда французлар бундай ичимликнинг ҳар 1 литри учун 1 евродан солиқ белгилашган.

 

– Мазкур ичимликнинг зарари дунё бўйича эътироф этилган экан, нима учун биз қонунчилигимизда уни қатъий тақиқлай олмаймиз?

– Ҳозирги босқичда қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан аввало Ўзбекистон Республикасининг «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунида (30.08.1997 йилдаги 483-I-сон) энергетик ичимликнинг таърифи белгилаб берилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига киритилаётган қўшимчага асосан энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таклиф қилинмоқда.

Ўйлайманки, дастлабки босқичда қабул қилинажак мана шу қонунчилик талабларига риоя қилинса ҳам – яъни реклама ва савдо қоидалари бузилмаса, қолаверса тадбиркорларимиз четдан маҳсулот келтираётганда ижтимоий масъулиятни ҳис қилишса олам гулистон.

«СБХ» мухбири Нодир АЛИМОВ суҳбатлашди.

Прочитано: 2696 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика