Ахборотни бир неча дақиқада излаб топиш, ундан фойдаланиш, янгиликларга бўлган эҳтиёжни тез фурсатда қондириш мақсадида бугун аҳолининг катта қисми ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда.
Маълумки, воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари ёритилган хабар ва янгиликлар ижтимоий тармоққа жойлаштирилган лаҳзадаёқ ўқувчига етиб боради. Шу сабабли юртимиз ва унинг ташқарисидаги ахборот фойдаланувчиларига янада кенгроқ қулайликлар яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Telegram хорижий ижтимоий тармоғида ўзининг расмий янгиликлар каналини ишга туширди.
Шу ўринда Telegram мессенжери ҳақида икки оғиз сўз. Telegram интернет фойдаланувчиларини ўзига тобора жалб қилиб бораётган ахборот дастури ҳисобланади. У орқали бир кунда 15 млрд га яқин матнли хабар ва медиафайлларни ўзаро алмашиш имконияти мавжуд. Маълумотларга кўра, ҳозирда мессенжернинг 100 млн дан ортиқ фойдаланувчиси бор. Ҳар куни унга 600 мингга яқин инсон аъзо бўлмоқда.
Эндиликда www.bojxona.uz сайтида эълон қилиб борилаётган янгилик, эълон ва божхона соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қисқача анонси ва улар жойлаштирилган манзили қўмитанинг Telegram ижтимоий тармоғидаги расмий ахборот каналига ҳам жойлаштириб борилади. Янгилик билан батафсил танишмоқчи бўлган ўқувчи автоматик тарзда ДБҚнинг расмий веб-сайтидаги ҳаволага ўтиб, ўзи учун керакли маълумотлар билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлади.
www.bojxona.uz сайти 8 та бўлим ва 120 дан ортиқ саҳифалардан иборат бўлиб, унда ДБҚ фаолиятига доир умумий ва очиқ маълумотлар, божхона назорати ва қонунчилигига доир норматив ҳужжатлар ва сайт орқали кўрсатиладиган электрон хизматлар ҳақида маълумотлар келтирилган.
Интернетдан фойдаланувчилар учун ДБҚнинг расмий веб-сайтини излаб топишда қулайликлар туғдириш мақсадида сайт www.customs.uz манзилида ҳам фаолият юритади.
ДБҚнинг Telegram ижтимоий тармоғидаги манзили: https://t.me/customschannel.
ДБҚ Ахборот хизмати.