Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 43 / Божхона

Божхона чегараларида ҳаракатланиш янада яхшиланди

 

Маълумки, янги таҳрирдаги Божхона кодекси амалда бўлган бир қанча тартиб-таомиллар ҳамда ички идоравий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо қилди. Бу билан илгари мавжуд бўлган баъзи турлича талқинлар ва ноаниқликларга барҳам берилди.

 

Мисол учун, Давлат божхона қўмитасининг Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори (АВ томонидан 3.02.2017 йилда 2856-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан жисмоний шахслар божхона чегараси орқали ҳаракатланишда, қонунчиликда белгиланган миқдордан ортиқча олиб ўтадиган товарлардан божхона тўловларини ундиришда қўлланиладиган божхона кирим ордерининг шакли ва тўлдириш қоидалари янгидан белгиланди.

Бунгача мазкур тартиб-таомил ДБҚнинг 2001 йил 23 декабрдаги «Божхона тўловларини тўлашда божхона кирим ордерини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги 488-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома асосида амалга оширилар эди.

Маълумот ўрнида: божхона кирим ордери – божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида божхона ходими томонидан дастурда расмийлаштириладиган электрон ҳамда дастур орқали чоп этиладиган қоғоз шаклдаги ҳужжатдир.

Божхона кирим ордери қуйидаги ҳолларда:

√ жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўловлари ундирилишида;

√ товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно) божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилишида;

√ юридик шахсларнинг манзилига халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати ЭКИҲнинг 10 бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун божхона тўловлари ундирилишида;

√ Божхона кодексининг ­260-моддаси «г» кичик бандида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловлари ундирилишида;

√ қонун ҳужжатлари билан белгиланган божхона йиғимлари ва бошқа йиғимларнинг ундирилишида тўлдирилади.

Шуниси эътиборлики, мазкур қарор қабул қилингунга қадар божхона кирим ордери божхона ходими томонидан қўлда тўлдирилар эди. Бунинг оқибатида эса ундирилган божхона тўловларини ҳисоблаш ҳамда давлат бюджетига ўтказишда маълум вақт сарфи ҳамда техник қийинчиликлар юзага келган. Эндиликда божхона кирим ордерлари ДБҚнинг «Божхона кирим ордери» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон тарзда шакллантирилади ва ундирилган божхона йиғимлари ушбу тизим асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Шунингдек, аввал фуқаролар томонидан божхона чегаралари орқали олиб келиниб, қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошганда, унинг ортиқча қисмига божхона тўловларини ундиришда фойдаланиладиган товарларнинг қийматини аниқлашда қийинчиликка дуч келинар эди. Эндиликда товарларнинг божхона қиймати Божхона кодексининг 164-моддаси ва ­169-моддаси 5-қисми талабларига мувофиқ божхона ходими томонидан аниқланадиган бўлди.

– Белгиланган бу тартиб божхона чегараларида ҳаракатланувчи фуқаролар ҳамда божхона ходимлари учун қулайлик яратди, – дейди «Қарши-Керки» чегара божхона пости бошлиғи Бекзод Жўрақулов. – Ҳозирги кунда жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ёки бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган, маълум қилинган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланмоқда. Мазкур ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган ҳолларда товарларнинг божхона қийматини Божхона кодексининг 44-бобига мувофиқ мустақил равишда белгиламоқдамиз. Бу эса товарларга нисбатан божхона йиғимларининг тўғри ва ўз вақтида ундирилишида катта ёрдам беради.

Мисол учун, жорий йилнинг 29 апрель куни Туркманистон Республикаси фуқароси З.Язданова мамлакатимизда истиқомат қилувчи яқин қариндошлари ҳолидан хабар олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги кириш божхона пости орқали ўзи билан белгиланган меъёрдан ортиқча 36 метр газлама маҳсулотига божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлиги сабабли божхона ходимлари томонидан тегишли маълумотлар асосида ҳисобланган 188 676 сўм миқдоридаги божхона тўловларини тўлади.

Амалиётга жорий этилаётган бу каби тартиб-таомиллар мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилади. Чет давлатлардан сифатсиз ва арзон товар-моддий бойликлар оқимини камайтиради. Энг асосийси, фуқароларнинг божхона чегараларида ҳаракатланишдаги вақти тежалади.

ДБҚ Ахборот хизмати.

 

Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 120 та ҳолатда божхона кирим ордерлари расмийлаштирилиб, 230 млн сўмдан зиёд божхона йиғимлари ундирилиши таъминланди.

Прочитано: 1287 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика