Кичик қурилиш корхонаси бажарилган ишлар ҳажмларини ишларнинг номлари, суммалар ва бажариш фоизи бўйича ҳисобварақ-фактурада акс эттиради. Бунда бажарилган ишлар далолатномаси (2-сон шакл) расмийлаштирилмайди.
Қурилишда бажарилган ишлар далолатномаси (2-сон шакл) расмийлаштириш шартми?
Бухгалтер.
– Йўқ, амалдаги қонунчилик нормаларида бажарилган ишлар далолатномасининг бундай шакли назарда тутилмаган.
Ҳозирги пайтда Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура капитал қурилишда бошланғич ҳисоб ҳужжати ҳисобланади. Унинг шакли ВМнинг 21.05.2004 йилдаги 02-5-56-сон баённома қарори билан тасдиқланган.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура танлов (тендер) савдоларининг натижалари бўйича ва бевосита шартномалар бўйича амалга ошириладиган лойиҳалаш, қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлашда расмийлаштирилади. Шунингдек у қурилиш «тайёр қилиб топшириш» усули билан олиб борилганда ҳамда бир вақтнинг ўзида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш (параллель лойиҳалаштириш) билан бирга объектлар қурилишида расмийлаштирилади. Бунда Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура, хўжалик юритиш (мулкчилик) шакллари ҳамда молиялаш манбаларидан қатъи назар, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган барча ташкилотлар томонидан тўлдирилиши шарт.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани тўлдириш тартиби махсус Кўрсатмаларда (Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича Республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова) белгиланган.
«Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура» бошланғич ҳисоб шакли амалга киритилгунга қадар бажарилган қурилиш ишларини расмийлаштириш учун «Бажарилган ишларни қабул қилиш тўғрисида далолатнома» 2-сон шакли ва унинг асосида тўлдириладиган «Бажарилган ишлар қиймати тўғрисида маълумотнома» 3-сон шакли қўлланилган.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.