Ўзбекистонда қурилишда улушбай иштирок этиш фаолияти қўлланадими? Қурилишнинг бундай тизимида бухгалтерия ҳисоби қай тартибда юритилади?
Р.Расулов, бухгалтер.
Улушбай иштирок этиш тўғрисидаги шартнома аломатлари
– Улушбай қурилишда қурувчи улушбай иштирок этиш тўғрисидаги шартнома асосида кўп квартирали уйлар ва (ёки) бошқа кўчмас мулк объектлари барпо этилишини молиялаштириш мақсадида ҳиссадорларнинг (жисмоний ва юридик шахслар) маблағларини жалб этади.
Шартномага мувофиқ қурувчи белгиланган муддатда:
● муайян кўчмас мулк объектини қуриш (ёки унинг қурилишини ташкиллаштириш);
● қурилган объектнинг (улушбай қурилиш объектининг) бир қисмини ҳиссадорга топшириш мажбуриятини зиммасига олади.
Ҳиссадор ўз улушига тегишли объект қурилишини муддатида молиялаштириш мажбуриятини зиммасига олади.
Ўзбекистон қонунчилигида қурилишнинг мазкур турини тартибга солувчи махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Шунга қарамай, «қурилишда улушбай иштирок этиш» атамаси айрим норматив ҳужжатларда тилга олинади.
Чунончи, Шаҳарсозлик кодексида назарда тутилишича, айрим ҳолларда шаҳарлар (туманлар) ҳокимлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларнинг қўшимча объектларини қуришда улушбай иштирок этиши (якка тартибдаги уйларни қурувчилар бундан мустасно) шарти билан берилиши мумкин (53-моддаси 4-қисми).
Республикамиздаги айрим объектлар ҳам улушбай иштирок этиш шарти билан барпо этилган. Мисол учун, «Ўзэкспомарказ» РКСМ марказий павильонини реконструкция қилиш Халқаро савдо-кўргазма комплекси қурилишида улуш қўшиб қатнашиш шартларида ташқи савдо компанияларининг маблағлари ҳисобига қисман молиялаштирилган (ВМнинг 8.11.2002 йилдаги 386-сон қарори 2-банди).
Ҳозирги пайтда асосан кўп квартирали уйлар қурилишида улушбай иштирок этиш қўлланмоқда. Хусусан, 2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурида назарда тутилганидек, уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд ходимлари учун қурилиш ва реконструкция қилишни молиялаштиришда улушбай иштирок этишга тайёрликларини билдирган нодавлат ташкилотларининг ўз маблағлари уни молиялаштириш манбаларидан бири ҳисобланади (22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660-сон қарорнинг 7-банди).
Бунда Фуқаролик кодексида қурилишда улушбай иштирок этиш сингари мажбурият тури назарда тутилмаган. Бироқ Кодексда белгиланишича, тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин. Шунингдек тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин (ФКнинг 354-моддаси).
Бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби
Улушбай қурилишда бухгалтерия ҳисоби юритилишига асос бўладиган шартноманинг аниқ шартларига боғлиқ.
Вариантлардан бири – олдиндан тўлаш шарти билан объектнинг бир қисмини олди-сотди қилиш шартномаси. Бундай шартномалардан одатда кўп квартирали уйлар қурилишида ва квартираларни кейинчалик сотишда фойдаланилади. Олдиндан тўланган маблағлар қурилишни молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бу ҳолда қурувчи сотувчи саналади.
Қурувчидаги ҳисоб:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Молиялаштириш жадвалига мувофиқ харидорлардан маблағлар олинди
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»
|
Объект қурилишига харажатлар (ўз кучи билан ёки пудратчиларни жалб этган ҳолда) акс эттирилди
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»; 1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар»; 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»; 6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»; 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш» ва б. |
Тайёр маҳсулот – қурилган объект аналитик ҳисоб (квартиралар) кесимида ҳисобга қабул қилинди
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
Объект фойдаланишга қабул қилингандан кейин уни харидорларга сотишдан тушум акс эттирилди
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
Сотилган тайёр маҳсулот – қурилган ва харидорлар қабул қилган объект таннархи аналитик ҳисоб (квартиралар) кесимида ҳисобдан чиқарилди
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»
|
Аванс тўловлари сифатида илгари харидорлардан олинган суммалар ҳисобга киритилди
|
6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган аванслар»
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
Объект қурилиши бўйича молиявий натижа (9110 ва 9010-счётларнинг ёпилиши) акс эттирилди
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
9910-«Якуний молиявий натижа»
|
9910-«Якуний молиявий натижа»
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»
|
Оддий ширкат принципи бўйича
Бошқа вариант – биргаликда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот шартнома предмети бўлса, иштирокчиларнинг биргаликдаги фаолияти. Бизнинг ҳолатда бу – кўчмас мулк объекти. Бундай муносабатлар оддий ширкат ҳисобланади (ФКнинг 53-боби).
Оддий ширкат шартномаси бўйича шериклар (иштирокчилар) деб аталувчи икки ёки ундан ортиқ шахс фойда олиш ёки қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадга эришиш учун ўз ҳиссаларини қўшиш ва юридик шахс тузмасдан биргаликда иш қилиш мажбуриятини оладилар. Оддий ширкат иштирокчилари – юридик шахсларга нисбатан чеклов мавжуд – улар фақат тижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Жисмоний шахслар эса якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлсалар, ширкат иштирокчиси бўлишлари мумкин.
Шериклар умумий мол-мулкининг бухгалтерия ҳисобини юритиш улар томонидан оддий ширкат шартномасида иштирок этаётган юридик шахслардан бирига топширилиши мумкин (ФКнинг 964-моддаси). Бунда оддий ширкат шартномаси бўйича шерикларнинг биргаликда фойдаланадиган мол-мулки биргаликдаги фаолиятга қўшилган ҳисса тарзида ҳар бир шерикнинг балансида ҳисобга олиниши лозим.
Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни (кўчмас мулк) реализация қилиш билан боғлиқ ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари юзага келади. Ушбу мажбуриятларни ижро этиш ишончли шахс зиммасига юклатилади. Шериклардан бири юридик шахс бўлса, фақат юридик шахс ишончли шахс бўлиши мумкин. Ишончли шахс ўз фаолияти бўйича солиқ солиш объектлари ва биргаликдаги фаолият бўйича солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиши шарт (Солиқ кодексининг 379-моддаси).
Биргаликда фаолият юритиш учун ишончли шахс олган ва шерикларга тегишли мол-мулк мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги ахборот ишончли шахс томонидан 015-«Оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият) бўйича олинган мол-мулк» балансдан ташқари счётида умумлаштирилади. Ушбу счёт 2017 йил 5 июнда Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режасига (21-сон БҲМС) киритилган (молия вазирининг АВ томонидан 30.05.2017 йилда 1181-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига илованинг 57-банди). Оддий ширкат шартномаси иштирокчиларига тегишли ҳар бир мол-мулк объекти бўйича 015-счётда аналитик ҳисоб юритилади.
Оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолиятга солиқ солиш тартиби Солиқ кодексининг 60-бобида белгиланган, шунингдек Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 14.05.2008 йилдаги ЁТ/04-01-32-14/399-сон ва 16/1-5067-сон қўшма хатида тушунтирилган. Унинг хусусияти шундаки, ишончли шахс, қўллайдиган солиқ солиш тизимидан қатъи назар, биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишда ҚҚС, акциз солиғи (акциз тўланадиган товар реализация қилинган тақдирда) ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлайди.
Ишончли шахс биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишда Солиқ кодексининг 222-моддасида белгиланган тартибда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиради. Бунда «Товар жўнатиш ҳужжатларининг ёки шартномаларнинг рақами ва санаси» сатрида «Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот тақсимланиши» белгиси қўйилади.
Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби норматив ҳужжатларда белгиланмаган. Бироқ ишончли шахс биргаликдаги фаолият билан боғлиқ солиқ солиш объектлари ҳисобини юритиши шартлиги боис бухгалтерия ҳисобини юритишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (БҲМС ва бошқалар), шунингдек Солиқ кодекси талаблари ва тавсияларига асосланиб, ўз ҳисоб чизмангизни ишлаб чиқишингизни тавсия этамиз.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.