Мен 2016 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, ноябрь ойида давлат ташкилотида иш бошладим. 2017 йил июль ойида бошқа бир давлат ташкилотига ишга кирдим. Менга ҳозирги иш жойимга кирган вақтдан бошлаб ҳисоблаганда 1 йилдан сўнг меҳнат таътилини беришадими ёки дастлабки иш жойимга кирганимданми?
Абдулазиз Атаханов.
– Биринчи иш жойингизда сиз билан ҳисоб-китоб қилишда фойдаланилмаган таътил кунлари учун пуллик компенсация (15 календарь кун ёки ундан кўп ишлаган бўлсангиз) ҳамда бўшаш кунингизга тегишли иш ҳақи (МКниннг 151 ва 110-моддалари асосида) тўланиши шарт.
Иккинчи иш жойингиз бўйича, агар ишлаётган бўлсангиз, 2018 йилнинг февраль ойида (иш берувчини розилиги билан – ундан олдинроқ ҳам) таътилни олишингиз мумкин. Таътил кунлари учун тўлиқ иш кунлари олишингиз мумкин ва бунинг учун ҳақ тўланиши шарт.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган (МКнинг 143-моддаси) умумий қоидаларга кўра, ҳар бир ходимнинг меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагича юзага келади:
биринчи иш йили учун – ишга кирган кундан бошлаб 6 ой ўтгандан кейин;
иккинчи, учинчи ва кейинги иш йиллари учун – ҳар бир кейинги иш йилида таътиллар жадвалида белгиланган муддатда.
Агар таътилдан фойдаланиш ҳуқуқи бошланмаган бўлса, ходим меҳнат таътили беришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Лекин, иш берувчининг ўзи хоҳласа, қонун ҳужжатлари ходимга унинг меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи кучга киргунга қадар меҳнат таътили берилишига йўл қўяди. Хусусан, МКнинг 143-моддасига мувофиқ, иш берувчи, агар қуйидаги ходимлар унга шундай илтимос билан мурожаат қилишса, ҳар қандай вақтда, жумладан, иш бошланган кундан бошлаб 6 ой ўтгунга қадар уларнинг йиллик таътил бериш ҳақидаги илтимосларини қондиришга мажбурдир.
ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошлангунга қадар ёки бевосита у тугагандан кейин аёлларнинг;
I ва II гуруҳ ногиронларининг;
ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг;
муддатли ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ва ишга жойлашган шахсларнинг.
Иш берувчи, шунингдек, қуйидаги ходимларга иш бошланган кундан бошлаб 6 ой ўтмасдан таътил бериши шарт:
ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида ўқиётган ходимларга, агар улар ўзларининг таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
олдинги иш бўйича улар билан меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига биноан бекор қилинган ходимлар ишга кирганда;
ўқув юртларининг ўқитувчилар таркибига, агар уларнинг биринчи иш йили учун меҳнат таътили ёзги таътил даврига тўғри келса.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида ҳар бир иш йилида меҳнат таътилининг ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга ходимлар рўйхати белгилаб қўйилган (МКнинг 144-моддаси).
Бундай ҳуқуқ:
√ 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
√ I ва II гуруҳ ногиронларига;
√ 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
√ 18 ёшга тўлмаган ходимларга;
√ таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ходимларга;
√ жамоа шартномаси ёки келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.
Иш берувчи ишлаётган эркакларга йиллик таътилни уларнинг хоҳишларига биноан турмуш ўртоқларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида бериши мумкин.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» эксперти.