Мажбурий ижро бюроси фаолиятини бошлаганидан буён ўтган 3 ой ичида истеъмол қилинган табиий газ ва электр энергияси (бундан кейин – энергия ресурслари) учун қарздорлик 154,3 млрд сўмга қисқарди. Бу энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш натижаси бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Бюро Президентнинг 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон Фармони билан ташкил этилганини эслатиб ўтамиз. У илгари Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган, тугатилган Суд департаментининг ҳуқуқий вориси бўлди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритишдан ташқари, унга ижро иши юритиш институтига хос бўлмаган алоҳида ваколатлар ҳам топширилди. Улар орасида – энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш ва ҳ.к. вазифалар бор. Бюро ходимлари энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишнинг деярли барча босқичларида иштирок этадилар.
Янги тузилма ташкил этишни нималар тақозо этди? Бюро ташкил этилган пайтда истеъмол қилинган табиий газ ва электр энергияси учун дебитор қарздорлик 7,8 трлн сўмдан ошганини айтишнинг ўзи кифоя. Бунинг ортида электр энергетика ва газ тармоқларини самарали ривожлантиришга имкон бермаётган жиддий муаммолар турган эди. Таъминотчи корхоналар истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши юзасидан етарли чоралар кўрмаган, уларнинг кўплари истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни амалга оширмаган. Энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатлари кечиктириб юборилган, усиз ҳисоб юритишнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишнинг имкони бўлмайди. Салмоқли қарздорлик сабабли эскирган электр узатиш тармоқлари, трансформатор подстанциялари ва пунктлари, газ қувурлари ҳамда тегишли инфратузилмани янгилаш суръатлари суст бўлган. Бу эса технологик йўқотишларнинг кўпайишига ва энергия ресурсларининг, айниқса, жойларда, сурункали узилишлар билан етказиб берилишига олиб келган. Электрон тўлов тизимларини ривожлантиришнинг паст даражада эканлиги қарздорлик ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имконини бермаган. «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК назоратчилари ишининг ташкил этилиши устидан идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги дебитор қарздорликнинг ҳаддан зиёд ўсишига олиб келган. Таъминотчиларнинг энергия ресурслари учун ҳақ ундириш борасидаги ишларини қониқарли деб бўлмасди. Улар кўп ҳолларда аслида мавжуд бўлмаган қарздорликни ундириш ҳақида судларга аризаларни киритганлар. Оқибатда 2016 йил ва 2017 йилнинг I чораги давомида содир этган ҳуқуқбузарликлари учун «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АКнинг 665 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.
Муаммолар уларни бартараф этиш, дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича кескин чора-тадбирлар қабул қилишни талаб этарди. Энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги шартномавий мажбуриятларга сўзсиз риоя этиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш механизмлари ишлаб чиқилди. Электр ва газ таъминоти ташкилотлари вазифаларининг бир қисми Бюрога топширилди.
Бу йиллар давомида тўпланиб қолган, тармоқларнинг самарали ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни кескин ҳал этиш зарурати тақозо этган мисли кўрилмаган қадам бўлди. Мамлакатимизда янги тузилмага ўхшаш тузилмалар бўлмаган. Бюрога истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш чора-тадбирларини таъминлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия таъминоти соҳасидаги жавобгарликни ошириш борасида кенг ҳуқуқлар берилди.
Эҳтимол, бу чоралар кимгадир ўта кескин кўринар. Бироқ Бюро зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга бу қадар қатъий ва қаттиққўл ёндашув мавжуд вазиятда ўринли бўлиб, амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширилади. Янги тузилма зиммасига юклатилган чора-тадбирлар комплексида – энергия ресурсларини етказиб бериш, истеъмол қилиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этиш ҳам ўрин олган. Бошқача айтганда, истеъмолчи коммунал маҳсулот олдими, унинг ҳақини белгиланган муддатда тўлаши шарт, акс ҳолда қонун олдида жавоб беради.
Бюронинг дастлабки қадамлари вазият яхши томонга ўзгаришига умид уйғотмоқда. Нафақат макродаражадаги салмоқли дебитор қарздорликни қисқартириш борасида, балки оддий истеъмолчилар даражасида ҳам. Зеро уларнинг газ ва электр энергияси таъминотчилари билан муносабатлари яхши йўлга қўйилмаган, ҳисоб-китоб қилиш чоғида инсофли тўловчиларда кўпинча муаммолар юзага келар эди. Масалан, истеъмол қилинган ресурслар учун ўз вақтида ҳақ тўланса ҳам, катта қарз ҳисобланиши мумкин бўлиб, таъминотчилар уни асослаб беришдан бош тортар эдилар. Ёки маълумотлар базасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган яшовчилар сони ошириб кўрсатилар эди ва ҳ.к. Бунда ниманидир исботлаш (ҳатто суд тартибида ҳам) жуда мушкул бўлиб, кўп ҳолларда истеъмолчилар муаммога қарши ёлғиз ўзлари курашардилар.
Эндиликда уларнинг кўпчилиги ўзларини яхшироқ ҳимоялангандек ҳис қилаётган бўлсалар ажаб эмас, сабаби Бюро мутахассислари таъминотчилар тақдим этадиган қарздорлик бўйича маълумотларни солиштириб, ёлғондакам маълумотлар, асоссиз ҳисобланмаларни фош этмоқдалар. Ушбу далиллар ошкор этилаётгани, улар ҳақида рўй-рост гапирилаётгани ўта муҳим. Асосийси – қонунийликка риоя этиш эканлиги, уни бузганлик учун ҳамма – оддий истеъмолчилардан тортиб идораларнинг раҳбарларигача жавоб беришларига тўғри келиши фуқаролар эътиборига етказилмоқда.
Ўқувчиларимизнинг янги тузилма фаолияти юзасидан берган саволларига Бюронинг электр таъминоти соҳасидаги қарздорликни ундиришни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Юнус Муталиев жавоб берди.
Қатъий, бироқ зарур чоралар
– Юнус Маматкаримович, Бюро истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни мажбурий ундириш бўйича қандай чораларни қўлламоқда?
– Бюро энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.
Аввалига жисмоний ва юридик шахсларга қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юборилади. Улар 5 кун ичида бажарилмаган ҳолда истеъмолчилар электр ҳамда газ тармоқларидан узиб қўйилади. Қарздорлик сўндирилгандан кейин қайта улашда жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг (ЭКИҲ) 2 баравари миқдорида, юридик шахслардан ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади. Электр таъминоти корхоналарига айрим истеъмолчиларни 6–10 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқлардан узиш ҳақида кўрсатмалар жўнатилади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Бюро қарздорликни ундиришнинг бошқа чораларини қўллашга ҳам ҳақли. Улар орасида – вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, қарздор истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш чораси ҳам бор.
Бюро етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйиш; энергия ресурслари учун ЭКИҲнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим (истеъмолчи)ларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш ҳуқуқини олди.
Бундан ташқари, агар истеъмолчи қарздорликни сўндириш ва тармоқдан узиб қўйиш тўғрисидаги хабарномага муносабат билдирмаса, Бюро қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат этишга ҳақли.
– Таъминотчиларнинг маълумотлар базаси ҳаққоний ҳисоб юритилганини кафолатламас эди. Қандай қилиб асоссиз қарздорлик аниқланади, солиштириш амалга оширилади, реал ҳисоб, етказиб берилган ва истеъмол қилинган энергия ресурслари ҳажмлари ўртасидаги фарқ назоратга олинади? Мувозанатнинг бузилиши сабаблари нимада?
– Айни пайтда Бюро энергия ресурслари таъминотчилари маълумотлар базасидан фойдаланмоқда, бироқ Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизими шакллантирилмоқда. Қарздорликни ундириш масалалари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона тизимини ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда, у идораларнинг истеъмолчилар қарздорлиги ҳақидаги маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Идоралараро ишчи гуруҳлар истеъмолчилар, уларнинг реал қарздорлиги ёки унинг йўқлиги, бошқа тавсифлар ҳақида ҳаққоний ахборот олиш учун барча турар ва нотурар жой фондини инвентаризация қилмоқда. Бюро энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилишга ҳақли.
Марказий банк билан биргаликда пул маблағларининг 1 кун ичида тегишли банк филиали корреспондент счётига тушишини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилди. Банкларнинг маълумотлари таъминотчиларнинг маълумотлари билан солиштирилади. «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК томонидан ҳар ойда тақдим этиладиган энергия ресурслари истеъмоли ва етказиб бериш ҳажмлари ўртасида фарқ мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинади. Таҳлил асосида электр ва газ таъминоти корхоналари билан биргаликда тафовутлар юзага келиши сабабларини аниқлаш чоралари кўрилади, уларни бартараф этишга доир таклифлар киритилади. Айбдорлар жавобгарликка тортилади. Мувозанатнинг бузилишига энергия ресурслари ўғирланиши, шунингдек табиий ҳолатлар – электр узатиш линиялари, газ тақсимлаш тармоқларидаги техник йўқотишлар сабабчи бўлиши мумкин.
Ҳуқуқбузарликка қўл урдингизми? Жавоб берасиз
– Бюро ходимлари энергия ресурслари истеъмоли соҳасидаги қандай ҳуқуқбузарликларни фош этадилар ва улар юзасидан қандай чоралар кўрадилар?
– Истеъмол қилинган энергия ресурслари ҳақини ўз вақтида тўламаслик, носоз ҳисобга олиш ускуналаридан фойдаланиш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, газ ва электр энергиясини ўғирлаш ҳоллари кўп учрайди.
Энергия ресурслари таъминотчиларининг Бюро ходимлари аниқлаган қонунбузарликка йўл қўйиш ҳолларига бир нечта мисол келтириш мумкин. Булар – мансабидан фойдаланиш, маблағларни ўғирлаш, фирибгарлик, лавозимни суиистеъмол қилиш ҳолларидир. Чунончи, «Амударётумангаз» мансабдор шахслари 2008 йилдан 2017 йилнинг июлигача «Газ Биллинг» дастурига 1 036 та оиланинг 379,4 млн сўмлик қарзи борлиги ҳақида ёлғон маълумотларни ноқонуний равишда киритганлар. Маълумотларни бузиб кўрсатиш, сохта қарзни шакллантириш инсофсиз таъминотчиларга қўл келган. Яна бир шунга ўхшаш мисол, «Шофирконгаз» ходимлари ҳам «Газ Биллинг» дастурига аҳолининг умумий суммаси 1,9 млрд сўмлик қарзи ҳақида нотўғри маълумотларни киритганлар. Қўштепа ЭТТ мансабдор шахслари «Электр ҳисоби» дастурий комплекси маълумотлар базасига аҳолининг 5,6 млрд сўмлик, фермер хўжаликларининг 232,6 млн сўмлик мавжуд бўлмаган қарзларини киритиб, абонентларнинг 244,9 млн сўмлик қарзи ҳақидаги маълумотларни асоссиз равишда ўчириб ташлаганлар.
Электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳоллари аниқланмоқда. Масалан, Н.Акромов Тошкентнинг Олмазор туманида яширин цех ташкил этиб, уни энергия таъминоти тармоқларига ноқонуний равишда улаб олган. Унинг қилмиши оқибатида етказилган зарар 205,9 млн сўмни ташкил этди. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан У.Қаҳҳоровнинг тармоққа ноқонуний уланишидан зарар 165,9 млн сўмни ташкил этди. Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги «Sirmetal» МЧЖ ходимлари худди шу тариқа 101,8 млн сўм миқдорида зарар етказдилар.
2017 йил 8 сентябрь ҳолатига кўра Бюро бўлинмалари томонидан қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш мақсадида истеъмолчиларга қарздорликни бартараф этиш ҳақида 5,2 млн талабнома жўнатилди; қарздорларнинг иш ҳақидан қарздорликни ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга 184 718 та талабнома юборилди; 42 500 нафар қарздор юридик шахсларнинг ҳисобрақамларига инкассо топшириқномалари қўйилди; судларга 12 292 та даъво аризаси йўлланди; жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида 1 843 та тақдимнома киритилди. Ўз вақтида ҳисоб-китоб қилмаганлиги ва ноқонуний уланиб олганлиги учун 98 153 та истеъмолчи электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилди.
Бундан ташқари, аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижалари бўйича Бюро органлари энергия ресурслари ўғирланиши далиллари юзасидан 138 та жиноят иши, 4 900 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида иш қўзғатдилар.
– Истеъмол қилинган энергия ресурслари учун юридик ва жисмоний шахсларнинг дебитор қарздорлиги қанча?
– Бюро ташкил этилган пайтда жисмоний шахсларнинг қарздорлиги 4 трлн сўмдан ортиқ, юридик шахсларники – 3,8 трлн сўмни ташкил этар эди.
– Илгари таъминотчилар ҳаққоний ҳисоб юритмагани, нотўғри ҳисобланмалар ёзгани ва қарздорликни маълумотлар базасидан ҳисобдан чиқаргани ва бошқа сабабларни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳали бу рақамларга ўзгартириш киритилса керак.
Таъминотчилар нима қилади?
– Энергия ресурслари таъминотчилари вазифаларининг бир қисми Бюро ходимларига юкланди. Газ ва электр таъминоти корхоналари зиммасида қандай вазифалар қолди?
– «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК тузилган шартномаларга мувофиқ, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш; сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгардир. Шунингдек улар истеъмолчиларга бўлиниш чегарасигача тармоқлар эксплуатацияси ва таъмирлаш хизматларини амалга ошириш учун жавоб берадилар. Энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини алмаштириш, ўрнатиш ва эксплуатация хизмати кўрсатиш, шунингдек, Бюро ходимлари билан ҳамкорликда уларни пломбалаш уларнинг ваколатига киради. Таъминотчилар техник шартларни берадилар, электр ва газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш ишларини амалга оширадилар. Бюронинг мажбурий талабномасига асосан, электр энергияси айрим истеъмолчиларини 6–10 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқлардан белгиланган тартибда узадилар.
– Баъзан таъминотчилар истеъмолчиларга 5–8 йиллик қарзларни ҳисоблаганлар. Шу тўғрими? Истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни кўпи билан қанча давр учун ҳисоблаш мумкин?
– Фуқаролик кодексининг 150-моддасига мувофиқ, умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади. Таъминотчи исталган давр учун, шу жумладан судда, талаб қўйишга ҳақли, бироқ жавобгар суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгунга қадар даъво муддатини қўллаш ҳақида арз қилиши керак.
Тармоқлардан узиб қўйиш кимнинг ваколатига киради?
– Муайян ҳолларда газ ва электр энергиясидан қарзни реструктуризация қилиб, кейин бир неча йил давомида сўндириш ёхуд ҳисобдан чиқариш кўзда тутилганми? Ёхуд юридик шахслар ва тўловга қобил бўлмаган жисмоний шахсларга нисбатан жарима, пеняни ҳисобдан чиқаришнинг имкони бўладими?
– Айни пайтда Бюро бу масалани кўриб чиқмаяпти.
– Қарздорларни электр ва газ таъминоти тармоқларидан узиб қўйиш ёки уларга улаш, ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш, текширувдан ўтгандан кейин тармоқларга улашга ким ҳақли? Агар буни таъминотчиларнинг вакиллари мустақил амалга оширсалар, бу қонунбузарлик саналмайдими?
– Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 10.07.2017 йилдаги 484-сон қарорига 2-илова) мувофиқ, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш ҳамда уларни қайта улаш Бюро томонидан (зарурат бўлганда – «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК мутахассисларини жалб этган ҳолда) амалга оширилади. Истеъмолчиларнинг аризаларига биноан, авария ҳолатида уларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш, шунингдек Бюронинг мажбурий тақдимномалари бўйича етказиб берувчи томонидан алоҳида тоифадаги электр энергияси истеъмолчиларини кучланиши 6–10 кВ ва ундан юқори бўлган тармоқдан узиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно. Ушбу тартиб бузилганда Бюронинг 1107 ишонч телефони орқали мурожаат қилиш лозим.
Ҳисобга олиш ускуналарини энергия ресурслари таъминоти ходимлари Бюронинг туманлар ва шаҳарлар бўлимларидаги электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилувчи давлат инспекторлари иштирокида ўрнатадилар. Бундан ташқари, электр ва газ ҳисоблагичларини таъминотчиларнинг вакиллари Бюро давлат инспекторлари билан биргаликда пломбалайдилар. Шуни қайд этиш лозимки, пломбалар ташқи таъсирдан юқори даражада ҳимояланганлиги ва алоҳида белгиси билан фарқланади. Бюро давлат инспектори текширувдан ўтказилган ҳисоблагични ўрнатиш ва пломбалашда ҳам қатнашиши керак.
Таъминотчилар квартирама-квартира айланиб чиқишда ҳақ ундиришга ҳақли эмас
– Газ ва электр энергияси истеъмоли учун ҳақ тўлаш тартибида ўзгартиришлар борми? Таъминотчиларнинг вакиллари энергия ресурслари учун ҳақни мустақил ундиришлари мумкинми?
– Тўлов тизимида муҳим ўзгартиришлар рўй бермади. Истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда улар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади.
Электр ва газ таъминоти ташкилотлари офисларидаги кассалар, банклар бўлинмаларида ҳақ тўлаш, электрон ҳақ тўлаш тизими, сайёр кассалар, ҳақ тўланганлигини текшириш мақсадида квартирама-квартира айланиб чиқиш ҳоллари сақланиб қолди. Бюронинг туманлар ва шаҳарлар бўлимларида кассалар очилган.
Айни пайтда электр ва газ таъминоти ташкилотлари ходимлари фақат мутахассис сифатида Бюро ходимлари билан биргаликда квартирама-квартира айланиб чиқишлари мумкин. Бунда улар ҳақ ундириш ҳуқуқига эга эмас. Шуни қайд этиш лозимки, Бюро инспекторларининг квартирама-квартира айланиб чиқиш йўли билан ҳақ ундириши фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб терминаллари орқали, сайёр кассалар томонидан эса – исталган қулай шаклда амалга оширилади.
ХУМШ ходимлари ҳам, башарти банкларнинг кассирлари этиб расмийлаштирилган бўлсалар, белгиланган намунадаги квитанцияларни албатта расмийлаштирган ҳолда газ ва электр энергияси учун ҳақ ундиришга ҳақли бўладилар.
Далолатномани имзоламайсизми – буни асосланг
– Квартирама-квартира айланиб чиқишда ёки сайёр кассага ҳақ тўлашда истеъмолчи қаршисида Бюро ходимлари турганига қандай қилиб ишонч ҳосил қилиши мумкин?
– Мансаб даражаси ва махсус тоифага эга Бюро ходимларида тегишли формали кийим-бош ва фарқловчи белгилар бўлади. Уларга хизмат гувоҳномалари ва жетонлар берилади.
– Истеъмолчи қарзи борлиги хусусида баҳслашмоқда ва судга мурожаат қилиш ниятида, дейлик. Иши судда кўрилаётганда у электр энергияси ва газ тармоғидан узиб қўйиладими?
– Истеъмолчи электр энергияси ва газ тармоғидан узиб қўйилган бўлса, Бюро қарорини бекор қилувчи суднинг ҳал қилув қарори кучга киргунга қадар у электр ва газ таъминоти тармоқларидан узилганча қолдирилади.
– Истеъмолчи ҳақ тўламаганлиги учун уни энергия ресурсларидан узиб қўйишларига рози бўлмай, далолатномани имзолашдан бош тортаяпти. Бу масала қонун ҳужжатларида қандай тартибга солинган?
– ВМнинг 484-сон қарорига мувофиқ, Бюро инспектори истеъмолчи электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилганда 2 нусхада далолатнома расмийлаштиради, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади. Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда далолатномага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Бош тортиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши лозим. Бунда истеъмолчи далолатномада унинг мазмуни бўйича тушунтириш ва эътирозларни, шунингдек имзолашдан бош тортиш сабабларини баён этиш ҳуқуқига эга.
– Квартирама-квартира айланиб чиқиш чоғида қарздорлар Бюро ходимларига эшик очмасликлари мумкин. Бундай ҳолларда улар қандай хатти-ҳаракат қилишга ҳақли бўладилар?
– Бюро вакиллари қарздорликни тўлаш ҳақидаги талабномани истеъмолчига, у ҳозир бўлмаганда эса – у билан битта квартирада (уйда) бирга яшовчи исталган вояга етган шахсга тилхат олиб топширадилар ёхуд хабарнома солинган буюртма хат йўллайдилар. Қарздорнинг йўқлиги уни истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
ВМнинг 484-сон қарори талабларига биноан, Бюро кўрсатмалари ижро этилмаган, шу жумладан унинг вакиллари кўрсаткичларни қайд этиш учун электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарига қўйилмаган ҳолда истеъмолчи электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади.
Шартномаларни қайта расмийлаштириш мўлжалланмоқда
– Истеъмолчи Бюро ходимлари билан ихтилофга борганда қайси телефонлар орқали мурожаат қилиши мумкин?
– Бюрода 1107 ишонч телефони ишламоқда, истеъмолчи у орқали Бюро ходимининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар бериши мумкин.
– Бюрога юклатилган энергия ресурслари соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш вазифалари вазият яхши томонга ўзгаргунча қўлланадиган вақтинчалик чора саналадими?
– Бюро энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш учун жавобгардир.
Ҳатто дебитор қарздорликни тубдан қисқартириш, электр ва газ таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш вазифаларини бажарганидан кейин ҳам истеъмолчиларнинг тўлов интизоми назоратини таъминловчи органга эҳтиёж сақланиб қолади.
– Электр энергияси ва табиий газ таъминоти учун таъминотчилар билан истеъмолчилар ўртасида янги шартномалар тузиш режалаштирилганми?
– Президентнинг ПФ-5059-сон Фармони билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АКга 3 ой муддатда кўчмас мулк эгалари ҳақидаги идоравий маълумотлар базаларини унификациялаштириш вазифаси топширилди. Шундан кейин тегишли идоралар 2 ой муддатда истеъмолчилар билан тузилган шартномаларнинг қайта расмийлаштирилишини таъминлашлари шарт.
– Суҳбатингиз учун раҳмат.
Истеъмолчилар учун йўриқнома
Тармоқдан узиб қўймасликлари учун
1. Истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.
2. Бюро қарз мавжуд бўлганда истеъмолчиларни уни 5 кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
3. Истеъмолчи хабардор қилинган пайтдан бошлаб 5 кун муддат ичида қарзни сўндирмаса, у электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади.
4. Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда истеъмолчи тармоқлардан дарҳол узиб қўйилади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.
Тармоқдан узиб қўйган бўлсалар
1. Истеъмолчилар электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилганда 2 нусхада далолатнома расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.
2. Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда унга бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Бош тортиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши лозим. Бунда истеъмолчи далолатномада унинг мазмуни бўйича тушунтириш ва эътирозларни, шунингдек имзолашдан бош тортиш сабабларини баён этиш ҳуқуқига эга.
Ҳақини тўладим – мени тармоққа уланг!
1. Истеъмолчилар қуйидаги ҳолларда электр ва газ тармоқларига қайта уланади:
√ электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилганда;
√ истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарзлар тўланганда;
√ тармоқларга қайта улаш учун сумма тўланганда.
2. Бунинг учун истеъмолчи Бюронинг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши зарур.
3. Бюро ходимлари тармоқларга қайта улашни аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгандан кейинги кундан кечиктирмай амалга оширадилар.
4. Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун истеъмолчилар тармоқдан узилганда, уларни тармоққа қайта улаш Бюро ходимлари томонидан қоидаларни бузиш сабаблари бартараф этилганлиги нуқтаи назаридан истеъмолчиларнинг бинолари кўздан кечирилгандан кейин амалга оширилади.
5. Қайта улаш якуни бўйича 2 нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.
6. Тармоқлардан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
7. Қуйидаги ҳолларда тўлов ундирилмайди:
√ авария ҳолатида истеъмолчилар етказиб берувчилар томонидан тармоқлардан узиб қўйилганда (Бюрони хабардор қилган ҳолда);
√ истеъмолчи унинг аризасига (талабига) биноан энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан тармоқлардан узиб қўйилганда;
√ электр энергияси ва табиий газ истеъмоли назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларига уланган истеъмолчилардан.
Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом
(ВМнинг 10.07.2017 йилдаги 484-сон қарорига 2-илова).
Интернетдаги муҳокамалар
Жазо қатори рағбатлантириш ҳам бўлсин
Истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни тўлаш масалалари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар тўламайдиганларга нисбатан қўлланаётган қаттиқ чоралар юзасидан норозилик билдираяпти. Бошқалар шундай йўл тутиш зарур деб ҳисоблаяптилар: бировнинг ҳисобига яшашга барҳам бериш пайти келди, газ ва электр энергияси ҳақини тўлаш мажбурияти ҳамма учун бир хил белгиланган. Форумларда аксарият ҳолларда ифода этиладиган ҳис-ҳаяжонли гаплардан ташқари тўловларни ундиришнинг белгиланган механизмини қандай қилиб яхшилаш, юмшатиш, такомиллаштириш юзасидан ўринли таклифлар ҳам учраб туради. Уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Қизиқ, прокуратура иш берувчини ходимларига иш ҳақини вақтида тўлашга мажбур қила оладими, шунда улар энергия ресурслари учун ҳақни вақтида ҳар ойнинг 10-санасигача тўлай олган бўлардилар? Зеро коммунал хизматлар ҳақини тўлаш иш ҳақининг вақтида тўланишига бевосита боғлиқ. Одамлар 2–3 ойлаб маош олмасалар, уни қандай тўласинлар? Газ ва электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун тармоқлардан узиб қўядилар. Қайтадан улаш учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида жарима белгиланган. Эҳтимол, бу ҳолда иш берувчи ўз айбига кўра азият чеккан ходимнинг шунча миқдордаги жаримасини қоплаб бериши шартдир?».
* * *
«Энди бюджетга тушумларни оширишни кўзлаб ҳар қандай важ билан электр ва газни узиб қўяверадиларми? Жазони қўллаш механизми белгиланди. Рағбатлантириш ҳам бўладими? 3–5 йил давомида қарзи бўлмаган шахсларга мукофот тариқасида киловатт, кубометр ёки қандайдир бошқа рағбатлантирувчи бонуслар беришнинг иложи йўқми? Зеро бу истеъмол қилинган энергия ресурслари ҳақини ўз вақтида тўлаш учун яхши туртки бўлиши мумкин».
* * *
«Квартирада электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭИҲНАТ) уланган электрон ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, унинг истеъмоли учун ҳар ойда, бунинг устига 10-санагача ҳақ тўлашдан нима маъно? Ҳисоблагичлар ЭИҲНАТга уланган жойларда истеъмолчиларнинг электр энергияси учун қарзи деярли йўқ. Зеро арзимаган қарз учун ҳам тизим электр энергиясидан узиб қўяди, уни улаб беришлари учун ҳақ тўлашга шошиламиз. Коммунал маҳсулотларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимларига уланган электрон ҳисоблагичлар ҳаммага ўрнатилса, қарздорлик масаласи ўз-ўзидан ҳал бўлади».
* * *
«Таъминотчилар истеъмолчи ҳар ойнинг 10-санасигача ҳузурларига келиб, истеъмол қилинган ва ҳақи тўланган энергия ресурсларини солиштиришини талаб қиладилар. Агар қарзим бўлмаса, олдиндан ҳақ тўлаб қўйган бўлсам ёки бир-икки ойга дам олишга кетган бўлсам-чи – келиб, чироқ ва газни узиб кетадиларми?».
* * *
«Қарздорлар билан курашиш керак, албатта. Бироқ қайта уланганлик учун, айниқса, кечикиб маош оладиган вилоятларда ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида ҳақ ундириш ҳаддан ошиш деб ўйлайман».
* * *
«Бош прокуратура ҳузурида энди Аҳолига иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва пластик карталаридан нақд пул маблағлари берилишини назорат қилиш бюросини ташкил этиш керак».
* * *
«Менга электр энергияси учун қарзим ҳақида мунтазам СМС хабарлари келади. Таъминотчиларнинг изоҳига кўра, ўрта ҳисобдаги фуқарога қараганда уни камроқ сарфлар эканман. Мен кун бўйи ишдаман, уйга кеч қайтаман. Тизим менда қарз бор деб «ўйласа» керак. Аслида ҳисоблагични туман ЭТТ ходимлари текшириб турадилар. Бундай тушунмовчиликка эътибор бермоқчи эмасдим, аммо мени электрдан узиб қўядиган бўлишди. Айтишларича, шунча ҳажмни истеъмол қилаётганимни исботлашим керак эмиш. Ахир нега исботлашим керак экан, ахир ҳисоблагич ўрнатилганку. Таъминотчида шубҳа юзага келса, буни ўзи асосласин».
* * *
«Шубҳасиз, ашаддий тўламайдиганлар билан муросасиз курашиш лозим, бироқ ҳаммага бир хил усулда ёндашиш керак эмас. Фикримча, энергия ресурслари учун қарз ундиришнинг белгиланган механизмида бир қатор жиҳатлар инобатга олинмаган, у бироз тузатиш киритишни талаб қилади. Хусусан, виртуал тармоқлардан фойдаланувчиларнинг фикрларини умумлаштирган ҳолда қуйидагиларни таклиф этмоқчиман:
√ истеъмолчининг энергия ресурслари ҳақини тўлаш учун жавобгарлиги сингари иш берувчига ҳам иш ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун қаттиқ жавобгарлик белгилансин;
√ энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган, счётда маблағ қолмаганда улардан узиб қўядиган электрон ҳисоблагичларга эга бўлган абонентлар учун энергия ресурслари ҳақини тўлаш регламентлари белгиланмасин;
√ энергия ресурслари учун олдиндан ҳақ тўламоқчи бўлган абонентларга тўсқинлик қилмаслик, уларни ҳар ойнинг 10-санасигача ҳақ тўлашга мажбурламаслик;
√ коммунал маҳсулотларни ҳисобга олувчи электрон базаларни тартибга келтириш ва текширувчиларнинг мунтазам ташриф буюришига барҳам бериш;
√ назорат органлари вакиллари албатта кўкрак белгиси тақилган форма кийган, шахсий рақам ва гувоҳномага эга бўлсинлар».
Таҳририят почтасидан
Текширувдан ўтказмадингизми – газни узиб қўядилар
2017 йил 24 апрелда газчилар мени олдиндан хабардор қилмасдан, йўқлигимда келиб, уйдаги газни узиб кетишди. Буни 1 млн 607 минг сўм миқдорида қарзим борлиги билан изоҳлашди. У қаердан пайдо бўлган – ахир газ ҳақини ҳисоблагич бўйича вақтида тўлаб келаман.
Гап нимадалигини аниқлаш учун Олмазор туман газ идорасига бордим. Маълум бўлишича, газ ҳисоблагичини ўз вақтида текширувдан ўтказмаганим сабабли газчилар 2010 йил ноябрдан буён ҳисобга олиш приборига қараб эмас, балки норматив бўйича ҳисоблаётган эканлар.
Кейинроқ билишимча, Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, таъминотчи газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини уни даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши шарт экан. У ариза берилгандан сўнг, 5 иш куни ичида газни ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказиш учун истеъмолчи иштирокида ечиб олинар экан.
Бироқ ҳеч қандай огоҳлантириш олмаганман, ҳисоблагичимни ҳеч ким ечиб олмаган. Шу йиллар давомида истеъмол қилинган газ ҳақини ҳисоблагич бўйича тўлаб келганман, ҳеч ким қарзим борлиги ҳақида маълум қилмаган. Энди тумангаз мен газни тежаб сарфлашим ва нормативлар бўйича ҳисоблаганларидек истеъмол қилмаслигим боис асоссиз деб санаётган ҳисобланмаларни тўлашимни талаб қилаяпти.
Бундай вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?
Ш.Бурнаев.
– Газ ҳисоблагичини 4 йилда 1 марта давлат текширувидан ўтказиш мажбурияти бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан «Метрология тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган. Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасида белгиланган тартибда (4 йилда 1 марта) давлат текширувидан ўтмаганда етказиб берилган газ учун ҳисоб-китоб норматив бўйича амалга оширилиши ҳақида шарт мавжуд (Шартноманинг 4.3-банди). Бу жиҳатдан таъминотчи сизнинг ҳуқуқларингизни бузмаган. Истеъмолчи ўз вақтида текширувдан ўтказиш кераклигини унутганлиги ёки билмаганлиги уни мажбуриятни бажаришдан озод қилмайди.
Таъминотчи истеъмолчини текширувдан ўтказиш муддати яқинлашаётганлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантирмай, Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бузган. Агар бу вазиятда ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз, судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.