Norma.uz

Улкан хизматлари учун

 

Республикамиз мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлаш арафасида Президент Фармони билан юртдошларимиз Ватанимизнинг фахрий унвонлари ва юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги меҳнаткашлар, давлат хизматчилари орасида «Нуроний» жамғармасининг бутун мамлакатдаги ўнлаб раҳбарлари ва фаоллари ҳам бор. Шунингдек меҳнат фахрийлари ҳам орден ва медаллар билан тақдирландилар.

 

100 ёшни қоралаганлар «Шуҳрат» медали билан алоҳида тақдирландилар. Республикамизнинг ҳар бир вилоятида ана шундай узоқ умр кўрувчилар бор.

Тақдирланганлар орасида «Нуроний» жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Абдукаримович Калонов ҳам бор. У «Дўстлик» орденига сазовор бўлди. У ўз фикр-мулоҳазалари ва кўнглидан кечирган ҳиссиётларини мухбиримизга сўзлаб берди.

– Ушбу мукофотни «Нуроний» жамғармасининг 11 та туман бўлинмаси, 500 дан ортиқ бошланғич тузилмасини ўз ичига олувчи бутун шаҳар ташкилоти фаолиятига берилган баҳо сифатида қабул қилдим. Фахрийлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, кексаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш – нафақат устав мажбуриятларимиз, балки жамият олдидаги маънавий жавобгарлигимиз ҳамдир.

Бу кўтаринки сўзлар эмас. Чунончи, йил бошидан бери фахрийларимиз учун турли тадбирлар уюштирилди, 52 млн сўмдан ортиқ суммада ёрдам кўрсатилди. Ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тиббий мосламалар ва анжомлар – ногиронлар аравалари, эшитиш аппаратлари, қўлтиқтаёқлар, ногиронлар таёқлари ва бошқалар сотиб олиниб, топширилди. Бундан ташқари, уч нафар фахрийга сунъий кўз гавҳари бепул қўйилди.

Шаҳарда 327 нафар фахрий ва ёлғиз пенсионерларнинг уй ва квартиралари таъмирлаб берилди. Бунга «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлинмаси ва ҳомийларнинг 172 млн сўмдан ортиқ маблағлари сарфланди.

 

Маълумот учун!

Тошкентда 349 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилади, шу жумладан уларнинг 116 нафари – аёллардир. Бундан ташқари, меҳнат фронтининг 3 305 та қатнашчиси, жанговар ҳаракатлар давомида ҳалок бўлганларнинг 22 та оиласи, Ленинград шаҳри қамалининг 35 та иштирокчиси ва фашистлар концлагерларининг 31 та собиқ тутқуни.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Олий ҳарбий таълим муассасасида ишлаш учун пенсионерга ҳужжатлар пакети зарур

 

Мудофаа вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 24.07.2017 йилда 2901-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ҳарбий хизматчилар орасидан пенсионерларни олий ҳарбий таълим муассасаларининг илмий ходимлари ва ўқитувчилари лавозимларига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг пенсионерларини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (17.02.2017 йилдаги ПФ-4960-сон) билан Қуролли Кучлар Академияси, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитувчи ва илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга ишловчи пенсионерлар жумласига киритилган.

 

Маълумот учун. Қабул қилинган ҳужжат фақат Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларига (бундан кейин – ОҲТМ) татбиқ этилади.

 

Тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган пенсионерлар – Ўзбекистон фуқаролари ОҲТМларда педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Илмий ходим ва ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Бунда илмий даража ва илмий унвонга ҳамда чуқур касбий билим ва тажрибага эга бўлган номзодларга устунлик берилади.

Танловда иштирок этиш хоҳишини билдирган пенсионерлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан 1 ой муддат ичида қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

► ариза;

► паспорт нусхаси;

► пенсия гувоҳномаси нусхаси;

► Қуролли Кучлар резервидаги ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси;

► белгиланган шаклда тўлдирилган сўровнома;

► таржимаи ҳол;

► олий маълумот тўғрисидаги дипломининг нусхаси;

► меҳнат дафтарчаси (мавжуд бўлса);

► тегишли илмий даражаси ҳақидаги дипломнинг нусхаси (мавжуд бўлса);

► тегишли илмий унвони ҳақидаги аттестатнинг нусхаси (мавжуд бўлса);

► илмий ишлар рўйхати (мавжуд бўлса);

► илмий ишлар ҳамда ихтироларга тегишли ҳужжатлар ёки бошқа муаллифлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлса).

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 31.07.2017 йилдаги 30 (790)-сонида расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

 

 

 

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қандай тиббий хизматлар кўрсатилади?

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 11.08.2017 йилда 2911-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Маълумот учун. Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон) мувофиқ, аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, шу жумладан хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган. Бунда бўшаган маблағлар ушбу муассасаларни замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши лозим.

 

Белгиланишича, хусусий тиббиёт муассасалари аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатади:

► ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

► I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;

► муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;

► ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;

► етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

► 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

► 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;

► қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларининг мавжудлиги асос бўлади.

Бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми лицензияда кўрсатилган тиббий фаолият тури доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг бепул тиббий хизмат олиш бўйича мурожаатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтидаги махсус электрон базага мурожаат қилинган кунда мурожаат этувчиларнинг навбатини кўрсатган ҳолда он-лайн тизимида киритиб борилади. Шунингдек мурожаатлар хусусий тиббиёт муассасалари томонидан махсус журналда (қоғоз ёки электрон шаклда) қайд этиб борилади.

Жорий йилда кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва сарфланадиган маблағлар миқдори олдинги йил якунлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг камида 25%ини ташкил этиши лозим.

Хусусий тиббиёт муассасалари йиллик молиявий ҳисобот билан биргаликда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағларни мақсадли сарф қилинганлигини тасдиқлаш учун Юридик шахсларга, солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган шакл бўйича солиқ органларига ҳисобот тақдим этади.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 14.08.2017 йилдаги 32 (792)-сонида расман эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

 

Моҳина Мирзаева, Сардор Жумашов,

«Norma Online» экспертлари.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Амалдаги талабларни ҳисобга олиб

 

Амаким – пенсионер. У Ўзбекистонга доимий яшаш учун қайтиб келди. Пенсия сўраб мурожаат қилган Пенсия жамғармаси бўлимида кетгунига қадар олган пенсиясини ҳисобга олиб мўлжаллаганидан бирмунча кам пенсия ҳисоблаб ёздилар. Шу тўғрими?

Насим Х. Тошкент ш.

 

– Бошқа давлатдан келган пенсионерларга, уларнинг бошқа давлатда пенсия олганлигидан қатъи назар, пенсия миқдори ҳисобга қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисобланади (Низомнинг 115-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова). Бу, сизнинг ҳолатда бўлгани каби, илгари Ўзбекистондан кетганларга ҳам тааллуқли.

 

 

 

Бир йилдан ортиқ эмас

 

Ўзбекистондан бир неча йилга бошқа мамлакатга кетмоқчиман. Эшитишимча, қайтганимдан сўнг илгаригидек 3 йил учун эмас, фақат бир йиллик олинмай қолган пенсиямни тўлашар экан. Шу ростми?

Кравцова. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддаси).

 

 

 

Она учун стаж

 

Бола 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш даврларининг иш стажига киритилиши тартибини тушунтириб берсангиз.

Н.Арзумова. Тошкент ш.

 

– Бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси «ж» банди).

 

МИСОЛ. 30 йиллик иш стажига эга ишловчи аёл шундан 8 йил давомида учта фарзандини парваришлаш таътилларида бўлган. Пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқаришда унга умуман олганда 25 йил (30 – 8 + 3) қўшиб ҳисобланади.

 

Болани парваришлаш таътилларида бўлган даврлар Қонун 37-моддасининг «а»–«г» бандларида кўрсатиб ўтилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 2-қисми).

Эслатиб ўтамиз, талаб этиладиган 7 йиллик иш стажига қуйидагилар киритилади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

7 йиллик стаж бўлмаган тақдирда болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.

Бир вақтнинг ўзида шуни маълум қиламизки, Меҳнат кодексига мувофиқ аёлларга ҳомиладорлик муносабати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари (233-модда) ҳамда болани парваришлаш учун таътил (234-модда) берилади.

Аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади. Болани парваришлаш учун таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.

Бироқ МКнинг 233-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши кераклиги кўрсатилмаган. Тегишинча, бу давр иш стажи ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади.

 

 

Бадаллар қайтарилмайди

 

Мен ишловчи пенсионерман, пенсиямнинг ярмини оламан. Пенсия тайинлангандан кейинги иш даври учун Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларини қайтара оламанми?

П.Кан. Тошкент ш.

 

– Маълумки, ҳар биримиз белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашимиз шарт (Солиқ кодексининг 6-моддаси).

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек бу ерда доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир.

Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади, бундан Солиқ кодексининг 311-моддасида назарда тутилган тартибга мувофиқ суғурта бадаллари тўловчи айрим тоифадаги жисмоний шахслар мустасно (Солиқ кодексининг 305-моддаси).

Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объектидир (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳар ойда солиқ солинадиган базадан ҳамда белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 310-моддаси).

Солиқлар деганда Солиқ кодексида белгиланган, муай­ян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади (Солиқ кодексининг 12-моддаси).

Тегишинча, Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари қайтарилмайди.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Бир мавзуда иккита савол

 

«Норма маслаҳатчи» газетаси таҳририятига ўқувчимиз мурожаат қилди. У пенсиясини пластик карточкада олар экан. Унинг ёзишича, бу унинг учун шубҳасиз қулай хизмат. «Илгари пенсия тўловларини пластик карточкада оладиган пенсионерларга счёт тўлдирилганлиги (жамғариладиган фоизлар) ҳақида смс-хабарлар келарди. Ҳозир бундай смс келмаяпти. Айни пайтда банклар ҳар ойда фоизлар тўламай қўйдиларми?» – дея қизиқди у.

Шу мавзуда яна бир савол: «Банкнинг ўзида нақд пулга айлантиришим мумкин бўлган пенсиянинг бир қисмини ҳозир нега кескин чеклаб қўйишди? Банк ходимлари ҳақлими?».

 

Ушбу саволларни my.gov.uz портали орқали Марказий банкка йўлладик ва ЎзР Марказий банки раисининг ўринбосари Шерзод Хожизодаевдан ўз вақтида жавоб олдик.

 

1

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон) мувофиқ, барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади.

Шу билан бирга пенсиянинг бир қисмини пластик карталарга ўтказиш истагини ихтиёрий равишда билдирган фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлинмасига ёзма аризалари асосида уларга маблағлар ўтказилади. Шундан кейин бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлинмаси фуқароларнинг аризаларида кўрсатилган суммаларни банкка ўтказади.

Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

 

2

Президентнинг «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (19.04.2010 йилдаги ПҚ-1325-сон) мувофиқ, Марказий банк ҳамда Ўзбекистон банклар ассоциацияси Банк ва нобанк кредит ташкилотлари сўмли банк пластик карточкалари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда риоя этиши учун тарифлар режасини яна қайта кўриб чиқдилар ва тасдиқладилар, у 2017 йил 15 мартдан кучга кирди.

Ушбу Тарифлар режасига кўра банклар банк билан мижоз ўртасида тузилган шартнома асосида жисмоний шахсларнинг картадаги счётлари қолдиғига фоиз ҳисоблайдилар.

Бунда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 20 ва 28-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистонда банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдирлар. Шунингдек банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.

Ушбу Тарифлар режаси Марказий банкнинг cbu.uz расмий сайтида жойлаштирилган.

Янги турдаги хизматларнинг жорий этилиши ва уларнинг пластик карталардан фойдаланувчиларга тақдим этилиши – давр талабларига кўра ўзгарувчи мунтазам жараён.

 

3

Президентнинг «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги қарори (5.08.2005 йилдаги ПҚ-147-сон) талабларини бажара бориб, банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг депозит ҳисобварақларида бўлган маблағлари доирасида, шу жумладан пластик карталаридан ҳам нақд пулларни бермоқдалар.

Аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини қондириш учун тижорат банклари филиалларида зарурат доирасида нақд пуллар бериладиган касса терминаллари ўрнатилган.

 

 

 

Бевосита мулоқот

 

Юзма-юз

 

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппарати раҳбарияти пенсионерларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак бериш учун уларни аниқлашга бағишланган пенсионерлар билан учрашувларни ўтказишда давом этмоқда.

 

Кейинги бир неча ойда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари аҳолиси билан видеоконференцучрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Пенсия жамғармаси бўлимларида Қарши шаҳри ва Бойсун тумани аҳли билан очиқ видеоконференцучрашувлар бўлиб ўтди. Йиғилганлар реал вақт режимида Пенсия жамғармаси раҳбариятига ўзларини ташвишлантираётган саволларни бериб, уларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этдилар.

Кутилганидек, мулоқот пайтида пенсионерлар кўплаб муҳим саволларни бердилар.

Бир қанча фуқаролар архивлардан иш стажи ва маоши ҳақидаги маълумотномаларни олиш билан боғлиқ муаммоларни тилга олдилар. Пенсия жамғармаси раҳбарияти бевосита эфир орқали Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиб олишда тезкорлик билан кўмак бериш вазифасини топширди.

Талаб этилаётган стаж етишмаслиги сабабли пенсияни расмийлаштириб бўлмаслиги устидан шикоятлар ҳам янгради. Пенсия жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари ёшга доир пенсия тайинлаш тартиби ва зарур иш стажи мавжудлигига доир қонун ҳужжатлари талабларини эслатиб ўтди. Бир вақтнинг ўзида тегишли Низом (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова) асосида умумий иш стажини зарур даражага етказиш учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартиби, унинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Видеоконференция пайтида 50 дан ортиқ киши саволлар, эътирозлар ва таклифлар билан мурожаат қилди. Уларнинг 18 таси жойнинг ўзида ҳал этилди. 13 та шикоят тасдиқланди, натижада – айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазолар қўлланди. 10 та ҳолатда фуқароларга кўмак бериш вазифаси топширилди, 5 та таклиф мутахассисларнинг кўриб чиқиши учун қабул қилинди, қолган фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Айрим ҳолларда мурожаат қилган фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган. Бундай тамойил шу сингари учрашувларни ўтказиш зарурлигини тасдиқлайди. Хатларда ва Пенсия жамғармасининг ишонч телефонига қўнғироқлар орқали миннатдорчилик изҳор этилиши, шунингдек ушбу видеоконференцияда янграган фуқароларнинг илиқ сўзлари ва фикр-мулоҳазалари ҳам шундан далолат бермоқда.

 

Манба: pfru.uz.

 

 

 

Нозик масала

 

Тўланмаган пенсиянинг 6 хил жиҳати

 

Пенсионер вафот этганда пенсия олиш қоидалари ҳақида ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон ХЎЖАЕВ сўзлаб беради.

 

– Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 2, 19-моддалари). Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар юқорида кўрсатилган шахслар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади.

Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган пуллар, уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади (Қонуннинг 63-моддаси).

Амалиётнинг кўрсатишича, олинмай қолган пенсияни тўлаш ҳоллари ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди.

 

1. Пенсионер жорий ой учун пенсия олгандан кейин вафот этди.

Бу ҳолда олинмай қолган пенсия пули мавжуд эмас, сабаби пенсионер тўлиқ миқдорда пенсия олишга улгурган. Тегишинча, Пенсия жамғармаси бўлимига қайтариладиган қандайдир сумма мавжуд эмас.

 

2. Пенсионер жорий ой учун пенсия пулини олгунча вафот этди.

Бу ҳолда олинмай қолган пенсия пули қуйидагича ҳисобланади:

► тайинланган пенсия суммаси тегишли ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади ва 1 кун учун тўлов суммаси аниқланади;

► 1 кун учун тўлов суммаси тўланиши керак бўлган ойдаги календарь кунларга (вафот этган кунни ҳам қўшган ҳолда) кўпайтирилади.

Олинмай қолган пенсиянинг ушбу ҳисобланган суммаси пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзоларига тўланади.

 

3. Пенсионер пенсиясининг бир қисмини банк пластик карточкасида, бир қисмини эса – нақд пулда олар эди. Бунда вафот этган куни пенсиянинг бир қисмини банк карточкасида олишга улгурди, нақд қисмини олишга эса улгурмади. Ушбу вазиятда банк карточкасига ўтказилган пенсиянинг бир қисмига биринчи ҳолатдагидек қаралади – яъни олинган деб ҳисобланади, пенсиянинг нақд қисми эса иккинчи ҳолатдагига ўхшаш тартибда тўланади.

 

4. Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 171, 172-бандларига мувофиқ, пенсионерга пенсия тўлаш тўхтатиб турилган эди. Бироқ у Пенсия жамғармаси бўлимига уни тиклаш учун мурожаат қилмаган. У вафот этган тақдирда олинмай қолган пенсия бўлмайди. Сабаби ўтган давр учун пенсия мавжуд эмас.

 

5. 252-сон Низомнинг 171, 172-бандларида назарда тутилган тартибда пенсионерга пенсия тўлаш тўхтатиб турилган эди. Пенсионер пенсияни, шу жумладан ўтган (бироқ мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган) давр учун пенсия пулини тўлашни тиклаш учун Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилган, бироқ вафот этгани сабабли уларни олишга улгурмаган. Бу ҳолда олинмай қолган пенсия пули, шу жумладан ўтган давр учун пенсия пули пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзоларига тўланади.

 

6. Пенсионер жорий ой учун пенсия пулини олгунга қадар вафот этди, бироқ номаълум сабабларга кўра пенсия унинг оила аъзоларига тўланган. Бу ҳолда уни олган оила аъзолари ушбу маблағларни Пенсия жамғармаси бўлимига қайтаришлари шарт. Бунда Пенсия жамғармаси бўлими иккинчи ҳолатда кўрсатилган тартибда олинмай қолган пенсияни тўлайди.

 

 

 

Буни билган маъқул

 

Комиссиядаги экспертлар ҳузурига

 

Ногиронлик тўғрисида маълумотнома ногиронлик пенсиясини, шунингдек болаликдан ногиронларга нафақани тайинлаш учун асос ҳисобланади. Уни расмийлаштириш учун айрим қоидаларни билиш лозим.

 

Маълумотномани расмийлаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги туман (шаҳар), туманлараро ва ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига мурожаат этилади. Туман (шаҳар), туманлараро ва ихтисослаштирилган ТМЭК мажлисида тиббий кўрик тўлиқ таркибда ўтказилади.

Шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш:

► шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш;

► ТМЭКга йўлланмани (088/у шаклини), касаллик тарихидан кўчирмаларни, амбулатория картасини, шунингдек беморнинг бошқа ҳужжатларини ўрганиш йўли билан амалга оширилади.

ТМЭКга тиббий ва бошқа ҳужжатларни даволаш-профилактика муассасаси (ДПМ) даволаш-маслаҳат комиссиясининг раиси ёки масъул шахси тақдим этади.

Ҳужжатларнинг тиббий кўрикдан ўтказилаётган ва бошқа шахслардан қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳужжатлар ТМЭКга қабул қилинмайди ва қайтарилади.

Тиббий кўрик натижалари бўйича ТМЭК қуйидаги хулосаларни чиқариши мумкин:

► ногиронлик гуруҳини аниқлаш, унинг сабаблари ва муддатлари тўғрисида;

► касбий меҳнат лаёқатининг йўқотилганлик даражаси тўғрисида;

► қўшимча равишда текшириш ҳамда клиник ташхисни аниқлаштириш учун тиббий кўрикдан ўтувчини бириктирилган даволаш-профилактика муассасаларига (ДПМ), Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига ҳамда ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказларига юбориш тўғрисида;

► вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси муддатини узайтириш тўғрисида;

► протез-ортопедия буюмлари, ногиронлик аравачалари ва реабилитация қилишнинг бошқа ёрдамчи техник воситалари билан таъминлашга муҳтожлик тўғрисида;

► меҳнатга тавсия этиш, ногироннинг ўқитишга ёки қайта ўқитишга муҳтожлиги тўғрисида;

► ўзгалар парваришига муҳтожлик тўғрисида.

Мураккаб эксперт ҳолатларида беморлар ва ногиронлар клиник-эксперт ташхисини аниқлаштириш ёки тиббий-меҳнат экспертизаси масалаларини ҳал этиш учун бириктирилган ДПМларга, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига ҳамда ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказларига юборилади, уларнинг хулосалари тавсия ва маслаҳат тусига эга бўлади.

Ногиронлик навбатдаги қайта тиббий кўрикдан ўтказиш тайинланган навбатдаги ойнинг 1-кунигача белгиланади.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2586 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика