ЙПХ ходими радар билан хизматни ўтаётганда ҳайдовчининг талабига кўра радарнинг мувофиқлик сертификатини ва хизматни ўташ жойини кўрсатиши шартми?
– ЙПХ инспектори транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини назорат қилувчи ускуналардан фойдаланган ҳолда хизматни ўтаётганда ҳайдовчининг талабига биноан ускунанинг мувофиқлик сертификатини тақдим этиши шарт.
ЙПХ ходимларининг хизмати ИИВ ДЙҲХХ йўл-патруль хизмати тўғрисидаги низомга мувофиқ ташкил этилади. ЙПХ постлари жавобгарлик зонаси (участкаси) бириктирилган муайян йўналишдаги жойлашувнинг тасдиқланишига қараб қўйилади, у хизматда фойдаланиш учун белгиланган ҳужжат ҳисобланади ва сафдаги бўлинмада сақланади.
Агар низоли вазият, эътирозлар юзага келса ёки йўл ҳаракати қатнашчилари шуни талаб қилсалар, ходим кўкрак белгиси рақамини айтиши, қўлидан чиқармаган ҳолда хизмат гувоҳномасини кўрсатиши ҳамда ҳуқуқларни ва ўз хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириши шарт. Йўл ҳаракати қатнашчилари махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ноқонуний қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Манба: www.mvd.uz.