Вазирлар Маҳкамасининг 4.07.2017 йилдаги 462-сон қарори билан Жисмоний шахсларнинг меҳнат стажини электрон ҳисобга олишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, республикада 2019 йил 1 январдан биринчи марта ишга жойлашаётган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилган ҳолда «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизими жорий қилинади.
Жисмоний шахсларнинг меҳнат стажларини электрон ҳисобга олишга босқичма-босқич ўтилади:
► якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари аъзолари, қорамол ўстириш ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган шахслар ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа субъектлар — 2018 йил 1 январдан бошлаб;
► қолган ташкилотлар — 2019 йил 1 январдан бошлаб.
Меҳнат стажи (шу жумладан лавозим мавқеи, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, меҳнат таътилидаги ва узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган даврлар) ҳақидаги маълумотлар ҳар бир жисмоний шахс бўйича иш берувчилар томонидан солиқ органларига тақдим этилади.
Ушбу маълумотлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи таркибига киритилади. Маълумотларни кафолатли сақлаш мақсадида меҳнат стажи тўғрисидаги архивга оид маълумотларни резерв сақлаш механизми ишлаб чиқилади.
2019 йилдан бошлаб, фуқаролар меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни ЯИДХП давлат интерактив хизмати орқали олишлари мумкин бўлади.
Олег Заманов,
«Norma Online» эксперти.